1

​Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек туманидаги янги лойиҳалар билан танишди

ЖАМИЯТ 30.06.2017, 10:26
Теглар: Шавкат Мирзиёев, Президент
​Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек туманидаги янги лойиҳалар билан танишди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, янги лойиҳалар билан танишди.

Давлатимиз раҳбари “Krantas Group” заводига ташриф буюриб, қурилиш учун махсус техника ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти билан танишди, деб ёзади ЎзА.

Бугунги кунда корхоналарда 645 ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. Маҳсулот ҳажмини ошириш, янги ускуналар сотиб олиш ва ишлаб чиқариш цехларини барпо этиш ҳисобига яна 150 иш ўрни яратиш мўлжалланмоқда.

Корхоналарда 2017-2018 йилларда юк кўтариш қуввати 100 тонна бўлган автокранлар ва кўп қаватли уй-жойлар қурилишига мўлжалланган 8 тонналик кранлар ишлаб чиқариш лойиҳалаштирилган. Мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибордан самарали фойдаланиб, жорий йилда корхонанинг экспорт ҳажмини 5 миллион долларга етказиш, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон каби давлатларга маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган.

Президентимиз корхонада ишлаб чиқарилаётган махсус техника воситалари ва ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Бу каби корхоналар мамлакатимиз саноати ривожланишининг асосий омилларидан бири эканини таъкидлади.

Корхонада ишлаб чиқарилаётган махсус техника турларини маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, келгуси беш йилга мўлжалланган давлат дастурини қайта кўриб чиқиб, махсус техника импортини камайтириш, маҳаллийлаштирилган махсус техникалар харидини кўпайтириш юзасидан мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.

Ихтисослашган олий таълим муассасаларида кран ва махсус техникалар ишлаб чиқариш бўйича йилига 20-25 мутахассис тайёрлайдиган факультетлар очиш ва ёшларни ўқитиш зарурлиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари шу ерда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган лойиҳалар билан танишди.

Туман ҳудудида жойлашган илм ва таълим муассасалари салоҳиятидан самарали фойдаланиш, аҳоли турмуши учун қулай шароитлар яратиш, мавзеларни ободонлаштириш, лойиҳаларни молиялаштириш учун маҳаллий бюджет даромадларини ошириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувида илгари сурган ташаббусига мувофиқ ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритувчи Мирзо Улуғбек инновацион марказини ташкил этиш, Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан ишлаб чиқилган илмий-тадқиқотларни амалиётга жорий этиш бўйича комплекс дастурлар, тижорат банклари томонидан молиялаштириладиган лойиҳалар тақдимотлари ўтказилди.

Ушбу лойиҳалар туманнинг ишлаб чиқариш, экспорт салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари ташкил этиш ва одамларга қулай шароитлар яратишда муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Лойиҳа ташаббускорлари ва мутасаддилар билан суҳбатда уларни амалга оширишни жадаллаштириш, сифат ва муддатга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.

Президентимиз Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бошқармаси қошидаги 8-шаҳар ички ишлар бўлими фаолияти билан танишди.

Ички ишлар органлари тизимини комплекс ислоҳ қилиш, унинг таркибий тузилмаларини оптималлаштириш зарурлиги таъкидланди. Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, ички ишларни халқимизга янада яқинлаштириш, жиноят содир этилишининг олдини олиш, профилактика тадбирларини кучайтириш мақсадида пойтахтимиз туманлари ички ишлар бошқармалари қошида шаҳар ички ишлар бўлимлари ташкил этилмоқда.

Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бошқармаси қошидаги 8-шаҳар ички ишлар бўлимида вояга етмаганлар ва ёшлар бўйича инспектор, тезкор вакил, суриштирувчи, паспорт инспектори, профилактика инспектори фаолият кўрсатади. Ички ишлар бўлими соҳага оид энг замонавий компьютер ускуналари билан жиҳозланган. Бу Алишер Навоий, Бобур, Шукур Бурҳонов номидаги, "Гулзор", "Янги ҳаёт", "Катта қорасув", "Шўртепа" маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳоли осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олишда ўз самарасини беради.

Президентимиз 8-шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари билан мулоқот қилди, замонавий технологиялар бўйича амалга оширилаётган иш жараёни билан танишди.

Ички ишлар идораларини халққа яқинлаштиришдан мақсад жиноятчиликнинг олдини олиш, унинг асл сабабларини аниқлаш, аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликлари, тинч ва осуда ҳаётини таъминлашдан иборат, деди давлатимиз раҳбари.

Шу ерда "Автокон" – автомашиналарнинг давлат рақамларини автоматик аниқлаш ва қоидабузарликларни қайд этиш махсус аппаратининг тақдимоти ўтказилди. Йўл ҳаракати инспектори машинасига ўрнатиладиган ушбу махсус қурилма қоидабузарлик содир этиб, жарима тўламай юрган транспорт воситаларини бевосита ҳаракат жараёнида аниқлаш имконини беради.

Қурилмани янада такомиллаштириш юзасидан зарур кўрсатмалар берилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида Мирзо Улуғбек тумани фаоллари, мутасадди ташкилотлар вакилларининг йиғилиши бўлди. Унда аҳоли турмуш фаровонлигини янада ошириш, бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси, туманни янада ривожлантириш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган ишлар муҳокама қилинди.

Шарҳлар

Президентнинг Тожикистонга ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очди

19.04.2024, 18:05

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи доирасидаги тадбирлар якунига етди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. Куни кеча Ўзбекистон раҳбари Президент Эмомали Раҳмон...
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларда янги тарихий давр бошланмоқда

19.04.2024, 14:58

Душанбега давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 апрель куни Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзодани қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати...
Ўзбекистон Қуролли кучларини қуроллантириш бўйича давлат комиссияси ташкил этилди

03.02.2023, 11:00

Ўзбекистон Президенти “Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларини қуроллантириш ва мудофаа саноати соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.Ҳужжат билан Ўзбекистон Қуролли кучларини қуроллантириш бўйича...
⚡️Шавкат Мирзиёев Андижонга жўнаб кетди

01.02.2023, 09:59

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар иқтисодиёти, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида Андижон вилоятига жўнаб кетди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.Маълум қилинишича, ташриф давомида...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1