Ўзбек тилида сўзлашадиган робот ихтирочиси 25 ёшли Олимжон Тўйчиев Президент Шавкат Мирзиёевнинг тавсияси билан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда «Namnews.uz» нашри хабар берди.
Олимжон Тўйчиев асли металлурглар шаҳридан. Бекободдаги саноат касб-ҳунар коллежида ўқиб юрган кезларидаёқ робот-техникага қизиқиб қолди. Биласиз, бу асримизнинг энг олди ва истиқболли соҳаларидан. Нима дейсиз, орзуга айб йўқ. Ёш қаҳрамонимиз ҳам “темир одам”ларга тақлидан бир нималар ясаб юрди. Аммо бу йўналишда қойилмақом иш қилиш учун қизиқишнинг ўзи камлик қиларкан. Бинобарин, унинг уринишларини ихтиро, деб бўлмасди ҳали.
Олимжоннинг орзуси Тошкентдаги Турин политехника университетига ўқишга киргач, бирин-кетин ушала бошлади. Айниқса, 2011 йил университет қошида “Мехатроника” маркази очилгани зап иш бўлди-да. Марказ мутахассислари Элдор Ҳасанов ва Маҳмуд Султонов кўмагида инновацион лойиҳаларини бирма-бир рўёбга чиқара бошлади.
Овоз ёрдамида бошқариладиган роботнинг ихтиро қилиниши ана шу ҳамкорликнинг илк маҳсулидир. Бу “итоаткор нусха”га маълум дастурлар асосида оғзаки буйруқ берсангиз, бас, гапингиз ерда қолмайди. Энг муҳими, у билан мобиль алоқа ёрдамида исталган ҳудуд, исталган масофадан туриб боғланиш мумкин. Айтгандай, бу ихтиросига ҳеч ким унинг ўзичалик зўр таъриф беролмайди. “Дунёда овоз орқали бошқариладиган роботлар кўп, лекин бизники ўзбек тилини “тушунадиган” биринчи роботдир”, дейди Олимжон.
Дастлабки ютуғидан руҳланган талаба яна изланди, ўрганди. Кўп ўтмай, ҳали эслаганимиз —“Аломатхон”нинг “ақлли ука”лари кўпайиб қолди. “Минисумо” ва “Микросумо” йўналишларидаги технологик ишланма ҳам ўзига хос янгилик сифатида муносиб эътироф топмоқда. Жорий йилнинг 25 — 26 январь кунларида хорижда бўлиб ўтган “GEEK PICNIC” техника ва технологиялар фестивалига Олимжон Тўйчиевнинг ҳам таклиф этилгани ана шундан далолат беради.
Мазкур анжуман доирасида “Робосумо” бўйича мусобақа ташкил этилди. Шарт оддий: икки робот бири-бирини таъқиб этиб, майдондан чиқариб юбориши керак. Беллашувларда Олимжоннинг роботлари бўш келмади. Якунда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан келган 70 жамоа ишланмалари орасида Тошкентдаги Турин политехника университети талабасининг лойиҳаси “Энг технологик робот”, деб топилди.
Дарвоқе, худди шу нуфузли анжуманга тайёргарлик кўраётганда, ихтирочи йигитнинг ҳаётида яна бир унутилмас воқеа рўй берди. Президентимизнинг 2013 йил 4 декабрдаги Фармонига мувофиқ, юқори натижаларга эришган бир гуруҳ иқтидорли ёшлар қаторида Олимжон Тўйчиев ҳам “Шуҳрат” медали билан мукофотланди.
Ушбу сатрлар «Халқ сўзи» газетасининг 2014 йил 14 март сонида чоп этилган “Ўзбекча «гапирадиган» робот” номли мақоладан олинган. Ушбу мақола қаҳрамони куни кеча Шавкат Мирзиёевнинг тавсияси билан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. У вазирликда иш фаолиятини бошлаб юборди.
Олимжон 1991 йил 27 октябрда Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида таваллуд топган. 2014 йилдан буён Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети технопарк янги лойиҳалар бўйича муҳандиси вазифасида ишлаб келаётганди. 2015 йилда ушбу университетнинг бакалавр йўналишини тамомлаган. 2017 йили эса Германиядаги Хоффенхайм университети магистратурасини тугатган. Рус, инглиз, немис, итальян тилларида эркин сўзлаша олади.