Шу йилнинг 6 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган навбатдаги видеоселектор йиғилишда ҳам бирламчи тиббий-санитария ёрдамини, айниқса, патронаж ишларини талаб даражасида ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.
Шу мақсадда мамлакатимиз Президентининг “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Тошкент шаҳар аҳолисига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдамини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатлар аҳолини сифатли ва тезкор бирламчи тиббий-санитария ёрдами билан янада кенгроқ қамраб олиш, ихтисослашган тиббий ёрдамни вилоятлар аҳолисига яқинлаштириш, касалликларнинг олдини олиш ва эрта босқичларда аниқлаш, касалланиш даражасини пасайтириш, профилактик тадбирларни амалга ошириш орқали саломатлик кўрсаткичларини янада яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Давлатимиз раҳбари жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида пойтахтимиз туманларига ташриф буюрганда ҳам тиббиётнинг бирламчи бўғинига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари Шайхонтоҳур туманида бўлганда аҳолига малакали тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш бўйича намунали оилавий поликлиникани айнан шу туманда ташкил этиш таклифини киритган эди.
Ушбу ташаббус соҳа мутасадди ходимлари томонидан қўллаб-қувватланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда дарҳол қўшма режа ишлаб чиқилиб, амалий ишлар бошлаб юборилди. Шайхонтоҳур туманидаги 47-оилавий поликлиника фаолияти таҳлилий ўрганилди ва мазкур мақсад учун танланди.
Поликлиника Чақар, Чорсу, Қоратош, Гулбозор маҳаллаларини қамраб олган бўлиб, 26 минг нафардан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, ҳудудда жойлашган учта мактаб, битта коллеж ва тўртта боғчага ҳам 47-оилавий поликлиника бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатади. Ушбу вазифани поликлиникада фаолият юритаётган кардиолог, эндокринолог, гинеколог, невропатолог, окулист, отоларинголог, стоматолог каби тор мутахассислар ҳамда 15 нафар умумий амалиёт шифокори ва 32 нафар патронаж ҳамшира сидқидилдан бажариб келмоқда. Бундан ташқари, поликлиника замонавий тиббий техникалар, хусусан, УТТ, ЭКГ, рентген аппаратлари билан жиҳозланган.
Президентимиз топшириғидан сўнг, қисқа вақт ичида поликлиника фаолияти қайта кўриб чиқилиб, тубдан ислоҳ қилинди. Бунда асосий эътибор аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ва самарасини янада яхшилаш, шифокор қабулига кириш учун навбатларни қисқартириш, касалликларни эрта аниқлаш ва патронаж ишларини ўз вақтида мақсадли олиб бориш, шошилинч ҳолатларда тез тиббий ёрдам хизматини самарали ташкил этишга қаратилди.
Айни дамда Шайхонтоҳур туманидаги 47-оилавий поликлиника фаолияти ҳавас қилса арзирли даражага етган. Тиббиёт муассасасига киришданоқ поликлиника фаолиятининг асосий мезони халқ розилиги эканини англаш мумкин. Бундай дейишимиз бежиз эмас. Сабаби бу ерда яратилган барча шарт-шароитлар замирида, аввало, аҳолига қулайлик яратиш мақсади мужассам.
Поликлиникага ташриф буюрувчи эътибори аввало киришда осилган ўзига хос ранглардаги маълумотлар тахтасига тушиши тайин. Айнан ушбу маълумотлар орқали қайси ихтисосликдаги шифокор нечанчи хонада қабул қилиши, иш вақти ва қабул кунлари билан танишиш мумкин. Шунингдек, ҳар бир хонадонга қуйидаги маълумотларни ўзида жамлаган ташриф қоғозлари тарқатилди:
Эътиборли томони, ташриф қоғозида шифокор ва ҳамширалар сурати ҳам бўлиб, бу фуқаролар учун яна бир қулайлик бўлди. Тан олиш керак, илгари баъзи ҳамюртларимиз ўз оилавий шифокори ёки ҳамширасини танимасди. Эндиликда, мутахассисларнинг телефон рақамлари суратлари билан бирга тарқатилиб, аҳоли ва тиббиёт ходими орасидаги алоқа мустаҳкамланмоқда.
Айтайлик, бемор шифокор қабулида бўлди, унга ташхис қўйилиб, муолажалар ўтказилди. Бундай вақтда шифокор ташхиси ва ўтказилган муолажа беморнинг амбулатор картасида қайд этилади. Энди эса, поликлиникада электрон амбулатор карта юритила бошланди. Ҳар бир маълумот онлайн тарзда киритилади. Бу эса, инсон омили билан боғлиқ айрим ҳодисалар, масалан, амбулатор картанинг йўқолиши, баъзи саҳифаларининг тушиб қолиши кабиларнинг олдини олади. Бундан ташқари, мутахассислар фаолиятида ҳам самарадорлик пайдо қилади.