2017 йилнинг 10 июль куни тахминан соат 16:00ларда, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг бошланғич таълим ва жисмоний маданият факультетининг маънавий-маърифий ишлар бўйича декан муовини Абдураимова Гулчирой Озотовна, фуқаро Махмудов Лазизнинг ишончига кириб, таниши Ахмедов Олимжонни мазкур университетга олийгоҳнинг мансабдор шахсларига пора бериш йўли билан ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, бунинг учун ундан 7.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар бермоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “а” банди (фирибгарлик, яъни анча миқдорда, ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш) ва 28, 211-моддаси 1-қисми (пора беришга далолатчилик қилиш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.
Жабрланувчининг анкета маълумотлари ўзгартирилган бўлиб, фамилия ва исмларнинг ҳар қандай ўхшашлиги тасодифий ҳарактерга эга.