АсосийJamiyat

​ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ

'​ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ'ning rasmi

Президент Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида фармон имзолади.

Замонавий талабларга жавоб берадиган солиқ тизими – иқтисодиётни жадал ривожлантириш, тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароитлар яратиш, инвестиция муҳитини яхшилаш, ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни кенгайтиришнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида солиқ солиш базасини кенгайтириш орқали солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш ва солиқ юкини камайтириш масалалари алоҳида ўрин тутади.

Ўтган давр мобайнида тадбиркорлик субъектларида текширишларни қисқартириш ва уларнинг фаолиятига асоссиз аралашишларга барҳам бериш бўйича зарур чоралар кўрилди. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари ва муқобил текшириш тартиблари бекор қилинди, ҳисоботларнинг шакли ва тақдим этиш муддатлари соддалаштирилди.

Шу билан бирга, солиқ маъмуриятчилигини амалга оширишда бир қатор муаммолар мавжудлиги сабабли Фармон билан давлат солиқ хизмати органлари тизимини ислоҳ қилишнинг қуйидаги муҳим йўналишлари белгиланди:

солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор автоматлаштирилган таҳлил услубларини кенг жорий этиш, солиқ тўловчиларга, энг аввало, тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатишга тўлиқ ўтиш;

солиқ солиш объектлари ва солиқ солинадиган базанинг ўз вақтида ҳамда ишончли ҳисобга олинишини таъминлаш, ваколатли органлар ва ташкилотлар мансабдор шахсларининг солиқ солиш масалалари билан боғлиқ бўлган ишончли ахборотини ўз муддатида тақдим этиш бўйича масъулиятини ошириш;

солиқ мажбуриятларини бажаришда солиқ тўловчиларга ҳар томонлама кўмаклашиш, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, солиқ назоратини амалга оширишнинг замонавий услубларини жорий этиш;

макроиқтисодий кўрсаткичлар динамикаси ва ҳудудларнинг солиқ салоҳиятини тизимли таҳлил қилиш орқали солиқ солиш объектларини тўлиқ қамраб олиш ва солиқ солинадиган базани кенгайтиришни таъминлаш бўйича самарали тадбирларни амалга ошириш;

фаолият кўрсатмаётган корхоналарнинг фаолиятини тиклашга ҳар томонлама кўмаклашиш, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарнинг молиявий аҳволини соғломлаштириш, ўзаро ҳисоб-китоблар механизмларини мустаҳкамлаш, солиқ қарзи ошишига йўл қўймаслик орқали солиқ солинадиган базани кенгайтириш;

солиқ солиш масалалари, шу жумладан республика ва маҳаллий бюджетлар даромадларини оширишнинг қўшимча захираларини аниқлаш орқали молия органлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш;

кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, солиқ органларини юқори маънавий-ахлоқий сифатларга эга малакали ходимлар билан тўлдириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш, шунингдек ходимлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш ва улар учун хизматни ўташнинг муносиб шарт-шароитларини яратиш.

Фармон билан солиқ органлари ва ҳалол солиқ тўловчилар ўртасида уларга жорий солиқ солиш масалаларини ҳал қилишда ҳар томонлама кўмаклашган ҳолда кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутувчи солиқ назоратининг замонавий шакли – солиқ мониторинги жорий этилмоқда.

Илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, йирик хўжалик юритувчи субъектларга ўз вақтида ва самарали хизмат кўрсатиш мақсадида улар бўйича солиқ маъмуриятчилиги функциялари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаларига юклатилмоқда.

Вақтинчалик молиявий қийинчиликларга тўқнаш келган ҳалол солиқ тўловчилар – хўжалик юритувчи субъектларга солиқ таътиллари бериш тарзидаги давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги шакли назарда тутилмоқда. Шунингдек солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қайтариш ёки ҳисобга олиш муддати икки бараварга қисқартирилмоқда.
Фармон билан 37 та банддан иборат Давлат солиқ хизмати органлари фаолияти ва солиқ маъмуриятчилигининг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш мақсадида Солиқ қонунчилиги ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш бўйича Ишчи комиссия ташкил этилди.

Фармонга мувофиқ, 2018 йилнинг 1 январига қадар тадбиркорлик субъектларини электрон рақамли имзо билан, шунингдек солиқ тўловчиларга солиқ органларининг барча давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини тўлиқ таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.

Фармон қоидаларининг амалга оширилиши солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштиришга хизмат қилади, унинг шаффофлигини таъминлайди, бу эса, шубҳасиз, мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишида ўз аксини топади.

Фармоннинг тўлиқ матни ЎзАда эълон қилинди.

    Бошқа янгиликлар