Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди.Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Академия профессор-ўқитувчилари ҳамда тингловчилар иштирок этди, деб ёзади ЎзА.
Академия бошлиғининг биринчи ўринбосари Ў.Муҳамедов, Ёшлар иттифоқи Мирзо Улуғбек тумани кенгаши раиси Ш.Олимов ва бошқалар ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли таъминлаш, уларнинг орзу-мақсадларини юзага чиқариш йўлида улкан имкониятлар яратилаётгани, ёшларни қийнаётган муаммоларга ечим топишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 июлдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармони ёш авлод манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқди.
Таъсис йиғилишида кун тартибига қўйилган асосий масала Академияда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг етакчиси ҳамда Сардорлар кенгаши таркибини сайлаш бўлди. Малака ошириш факультети ўқитувчиси Сирожиддин Бердиқулов Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси этиб сайланди.
Тадбир давомида ташкилот фаолиятини тизимли йўлга қўйиш, ёшларни қийнаётган муаммоларга тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ечим топиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.






