1

​ЖЕНИСБЕК ПИЯЗОВ: ТАДБИРЛАРНИНГ "ЮЗИ" БЎЛИШ ОСОНМАС

ШОУ-БИЗНЕС 02.08.2017, 12:32
​ЖЕНИСБЕК ПИЯЗОВ: ТАДБИРЛАРНИНГ "ЮЗИ" БЎЛИШ ОСОНМАС

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязовни нафақат, Ўзбекистоннинг опера йўналиши шинавандалари балки дунёнинг деярли барча бурчакларидаги санъатсеварлар яхши танишади. Ўнлаб танловлар ғолиби, очиқкўнгил, ҳазилкаш бу ижодкорни бугун таҳририятимизга таклиф этдик.

— Женисбек ака, операсиз ҳаётингизни тасаввур эта оласизми?

— Ҳа, шундай кунларим ҳам бўлган. Лекин мусиқа тингламаган куним бўлмаган. Ҳаётимдаги ҳар қандай вазият ва ҳолатда ҳам мусиқа ҳамроҳим. Менимча, бу ҳар бир санъаткорда бўладиган вазият.

— Май ойида концерт дастурингизни тақдим этган эдингиз. Аммо концерт рекламасига бироз беэътибор бўлгандексиз...

— Бу гапингизга қўшилмайман. Чунки ҳар бир хонанда сингари концерт олди рекламалари режага кўра амалга оширилган. Телевидение, радио, кўчалардаги баннерларни ҳам унутмаган ҳолда маълумотлар берилганди. Фақат бу рекламаларга одамлар аҳамият бермаган бўлиши мумкин. Чунки одамларнинг опера хонандаси концерти ҳақида ўз хулосаси бор. “Опера концертларида зерикиб қоламан. Фақат бақириб куйланадиган операни эшитгандан кўра, бормаганим яхши” дейдиганлар ҳам йўқ эмас. Концерт бермоқчилигимни эшитган танишларим ва ҳатто ҳамкасбларим ҳам опера куйлаб, “Истиқлол” санъат саройига 4200 та томошабин йиға олишимга шубҳаланишди. Ташкилотчилар эса чипталарни сота олмаймиз, деб ваҳимага тушишганди. Лекин мен таввакал қилдим. Тингловчиларимни қойил қолдириш учун астойдил ишга киришдим ва нокамтарликка йўймангу, назаримда мақсадимга эриша олганга ўхшайман. Бундан ташқари мен “Истиқлол”да концерт берган биринчи опера хонандаси бўлдим.

— Концерт нимаси билан одамлар ёдида қолди, деб ўйласизми?

— Хорижий давлатларда ўзим гувоҳи бўлган “Опера-шоу” концерт дастурини тақдим этдим. Концертимда фақат оғир опера қўшиқларини эмас, элимиз суйган Ўзбекистон халқ артистлари Фаррух Зокиров, Озодбек Назарбеков, Насиба Абдуллаевалар билан биргаликда дуэтлар куйладик. Келган томошабинларнинг эътиборини юқоридаги номи келтирилган хонандаларнинг қўшиқларини опера йўналишида куйлаганим ва уларни ҳам опера куйлата олганим тортди. Концерт баннерини кўрганлар, “Нега бошқа санъаткорларнинг ҳам суратини қўймадинг, агар қўйганингда, бир кун эмас бемалол 5-6 кун концерт беришинг мумкин эди” дейишди. Тўғрисини айтсам, бу концерт шахсан ўзим учун ҳам синов бўлди. Мени тинглайдиганларнинг асл сонини ҳам билмоқчи эдим. Санъатимга қизиқадиганлар кўпчиликни ташкил этишидан жуда хурсандман.

  • Кўпчилик опера йўналишини мароқ билан тингловчилар сони кам деб ҳисоблайди. Бу борада фикрингиз қандай?
  • Бу жуда масъулиятли иш... Чунки раҳбарлар менга ишониб топширган вазифани кутилгандек бажаришим ва хорижликлар кўз ўнгида Ўзбекистон санъаткорлари маҳоратини кўрсатиб бериш осон эмас. Меҳмонлар менинг мисолимда юртимиздаги барча маҳоратли санъаткорларга ҳавас билан қарашларини кўришдан фахрланаман.

— Балки қачонлардир бундай ўй менда ҳам бўлгандир, лекин айтганимдек синовли концертдан сўнг бу саволнинг жавобини топдим. Бу йўналишнинг ҳам ўз тингловчиси бор ва улар кўпчиликни ташкил этади. Мен эса ўз меҳнатим ва интилишим билан бундай томошабинларнинг сонини оширган бўлсам, бундан жуда мамнунман.

— Бундан бир неча йил илгари, хорижга кетиб ишламоқчи бўлган экансиз...

—Германияда икки йил давомида ишлаганман. Жуда кўп шартномалар, минглаб концерт дастурлари ва дунёнинг энг катта опера театрларидан тушган таклифлардан воз кечиб Ватанга қайтиб келишга қарор қилганман. Одам ишлаб фақат пул топиш орқали бахтга эриша олмаслигини тушуниб етганман. Айтиб ўтиш жоиз, бу қарорим ҳам мукофотланмасдан қолмади. Давлатимиз томонидан пойтахтдан уй-жой ва бошқа шароитлар яратиб берилди. Фурсатдан фойдаланиб бунинг учун ўз миннадорчилигимни билдираман.

— Сиз давлат тадбирларида фаол бўлиш билан бирга, хорижлик меҳмонлар учун тайёрланадиган концерт дастурларининг “юзи”га ҳам айлангансиз...

— Келинг, замонавий опера ҳақида гаплашсак. Бу тушунча бугун қай даражада ривожланган?

— Бир неча асрлар олдин ёзилган асарларни ҳам замонавий кўринишда, бугунги кунга мослаб саҳналаштириш, либослар танлаш ва бугунги кунни руҳини бериш томошабин учун жуда қизиқ жараён. Ҳамкасбларим бугун ана шу жараён устида ишлаб, юқоридаги масалаларга жиддий эътибор қаратишяпти. Аслида опера асарлари жиддий куйланади, мен бўлсам, арияларга кайфият беришга, томошабинлар билан мулоқот тарзида куйлашга, жиддийликни ҳам бошқачароқ талқинда ҳавола этишга ҳаракат қиляпман. Мана шунинг ўзи ҳам замонавийликка киради, деб ўйлайман.

— Бугунги ёш опера хонандалари ҳақида фикрингиз қандай?

—Икки мингинчи йилларнинг бошида опера ижрочилиги ҳақида ҳамма ҳам тўлиқ тушунчага эга эмасди. Ҳозирги айтмоқчи бўлган гапимга ҳайрон бўлманг-у, шахсан ўзим ҳам опера ўзи қандай санъат эканини тушунмасдим. Лекин бугун Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоят ва қишлоғида бу санъат ҳақида тушунча борлигига гувоҳ бўляпман. Бугунги кундаги танловларда ўттиздан зиёд ёшларнинг беллашаётганини кўриш мумкин. Ривожланиш ва қизиқиш ортиб бораётганидан қувонаман.

— Женисбек ака, хонандаликдаги фаолиятингизни реп йўналишида куйлаш билан бошлаганингизни эшитдик, шу ростми?

— (Кулиб) Ҳамма маълумотни биласизлар-а! Мен нафақат реп, балки рок ва эстрада йўналишида ҳам қўшиқлар ижро этганман. Бу йўналишдаги хонанда сифатида 2002 йилларда Қорақалпоғистонда жуда машҳур эдим. Клипларим ҳам йўқ эмас (кулади). 2004 йил овоз мутацияси жараёнидан кейин вокал дарсларига қатнашиб, операга меҳрим уйғонган.

— Ижтимоий тармоқларда ёшлар ўртасидаги жанжаллар, муштумзўрликлар кўпайиб бораётгани ҳақида ўқиб кишининг кўнгли хира бўлади. Бугунги ёшларда бу каби салбий одатлар камайиши учун нималарга эътибор бериш керак деб ўйлайсиз?

— Ҳар бир йигит кишининг ҳаётида муштлашувлар, болаларга хос шўхликлар бўлиши табиий. Шахсан ўзим ҳам урушганман, калтак еган пайтларим ҳам бўлган, аммо сира оқибат, раҳм-шафқатни унутмаганмиз. Калтаклашганимизда ҳам вақтида ўзимизни қўлга олишни билардик. Лекин бугун айрим ёшларда агрессия кучаяётгани одамни хафа қилади. Касбимдан келиб чиққан ҳолда бу муаммога ечим сифатида бир йўлни айтишим мумкин. Яъни, болалар ва ўсмирларда мусиқага меҳр уйғотишимиз шарт! Санъатни тушунган болада бундай агрессияни кўрмайсиз. Чунки мусиқа тинглаш асаб тизимини тинчлантириб, ўзини ўзи бошқара олишни ўргатади. Боланинг бўш вақтни фойдали ишлар билан банд қилиш керак.

— Ҳаётингиз давомида, ички ҳолат ва ўй-фикрларингизни ўзгартирган воқеа бўлганми?

— (Ўйланиб) Ҳаётимда бундай вазиятларга дуч келмаган эканман. Лекин мени доим “рамка”га солиб турадиган бобомнинг бир насиҳатлари бор. Болалигимдан бобом менга “Камтар бўл, бунда гап кўп. Ҳадеб, ўзингга бино қўяверма, пулнинг ортидан қувма” деб кўп қайтарардилар. Бу панд-насиҳат ҳаётим давомида менга кўп бора тўғри йўл кўрсатган.

— Оилангиз ҳақида гапириб берсангиз...

— Уйланганман, икки ўғлим бор. Шахсий ҳаётим ҳақида кўп маълумот бермайман. Асосийси, тинч ва тўкис, бахтли умр кечиряман, шукр дейман.

— Суҳбатларимизнинг бирида рафиқангиз рашкчи эканини айтгандингиз?

—Тўғри, у жуда рашкчи. Бу одати ўзимга жуда ёқади. Баъзида қизғанмай қўйса, нега рашк қилмаяпти, деб хавотир ҳам оламан (кулади).

— Оилангизга тинчлик ва хотиржамлик тилаймиз. Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

— Таклиф этганингиз ташаккур.

Блиц:

— Қайси давлатга қайт- қайта боришни истардингиз?

— Франциянинг Канн шаҳрига яна боришни хоҳлайман. Ҳордиқ чиқариш учун жуда қулай шаҳар. Ҳавоси ва табиати гўзал.

— Сиз учун омад бу...

— Керакли вақтда керакли жойда бўла олиш.

— Ҳаётда ёлғон ишлатиб турасизми?

— Фақат яхшилик учун ва жуда кам ҳолларда.

— Қўшимча даромадга вақтингиз борми?

— Санъатдан ташқари ишим йўқ. Эстрада йўналишидаги ҳамкасбларим тўй ва тадбирлардан пул ишласа, менинг даромадим концертлардан.

— Сўнгги бор ўқиган китобингиз?

— Тўғрисини айтишим керак, бадиий асар мутолаасига вақтим йўқ. Айни кунларда француз тилидаги 300 бетдан иборат — “Фауст” операсини ёд оляпман. Мусиқа оҳанглари билан ижро этиб, ёдлаётганим учун қийинчилик сезганим йўқ.

ҚИСҚА ВА ЛЎНДА

—Кўпинча бепул концертлар берганман. Бу орқали опера ва жонли ижрога халқнинг меҳрини оширишни мақсад қилганман.

— Энг олий мақсадларимдан бири тарихий “Кармен” операсини замонавий тарзда саҳналаштириб концерт дастурини тақдим этиш! Бу ниятимни яқин икки йил ичида амалга оширмоқчиман.

Алия Сулайманова суҳбатлашди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1