Кеча, 6 август куни Япониянинг Хиросима шаҳрида бундан 72 йил илгари содир этилган атом бомбардировкаси қурбонларини хотирлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар берди Ria.ru нашри.
Американинг В-29 Enola Gay бомбардимони бундан 72 йил илгари Хиросима шаҳрига “Кичкинтой” номли атом бомбасини ташлаган эди.
1945 йилнинг август ойида америкалик учувчилар Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбасини ташлади. Атом бомбаси портлаши туфайли Хиросима шаҳрининг 350 минг аҳолисидан 140 минг киши, Нагасакида эса 74 минг киши ҳалок бўлган. Уларнинг аксарият қисми тинч аҳоли эди.
Кеча бўлиб ўтган хотира маросими Тинчлик хиёбонида маҳаллий вақт билан 08:00 да бошланди. Хиросима устидан 600 метр баландликда, 18 килотоннали атом бомба портлаган соат 08:15 да бир дақиқа сукут сақланди.
Халқаро ҳамжамият томонидан ядро қуролига қарши кураш Бутунжаҳон куни деб нишонланадиган Хиросимадаги хотира маросимида Япония бош вазири Синдзо Абэ, Хиросима шаҳар мэри Кадзуми Мацуи,Япония ҳукумати вакиллари ва 80 хориж давлати дипломатлари иштирок этди.






