​ҲАЖГА ҚОРАДОРИ ОЛИБ ЎТМОҚЧИ БЎЛГАН ЎЗБЕКИСТОНЛИК ҚЎЛГА ТУШДИ

ЖИНОЯТ 19.08.2017, 09:59
​ҲАЖГА ҚОРАДОРИ ОЛИБ ЎТМОҚЧИ БЎЛГАН ЎЗБЕКИСТОНЛИК ҚЎЛГА ТУШДИ

Давлатимиз томонидан юртдошларимизнинг ислом динининг улуғ арконлари, жумладан, ҳаж ва умра амалларини эмин-эркин адо этишлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Жумладан, жорий йилда ҳам 7350 нафар Ўзбекистонлик зиёратчилар муборак ҳаж сафарига йўл олишмоқда.

Афсуски, муқаддас ва табаррук заминга руҳан покланиш мақсадида эмас, аксинча ўз нафси измида йўл олган шахслар ҳам учраб турибди.

Самарқандлик Ш.Аҳроров ҳам ана шундай юртдошларимиз сафида бўлиши мумкин эди. Жорий йилда ҳаж мавсумига бориш бахтига муяссар бўлган ушбу шахс ўзининг шайтоний нафсига эрк бериши оқибатида ана шу беқиёс имконни қўлдан бой берди.

Жорий йилнинг 11 август куни Самарқанд халқаро аэропортида ҳам катта тараддуд билан зиёратчиларни ҳаж сафарига кузатиш ишлари ташкил қилинди. Хусусан, Самарқанд вилояти божхоначилари томонидан юртдошларимизга божхона назоратидан ўтиш тартиб-қоидалари батафсил тушунтирилди.

Шунга қарамай, Ш.Аҳроров ўзининг қинғир ниятидан воз кечмади. Миллий хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ва божхона ходимлари томонидан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбир давомида унинг режалари чиппакка чиқди.

Ушбу шахсга тегишли багажлар белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, юклар орасидаги қуритилган нон бўлакларининг назорат-рентген аппаратидаги шубҳали тасвирлари божхоначиларнинг диққатини тортди.

Шундан сўнг холислар иштирокида ушбу нон бўлаклари синчиклаб текширилганда, улар ичига хуфиёна тарзда моҳирлик билан 2 дона полиэтилен ўрамлар жойлаштирилганлиги фош этилди. Бундан ташқари багажлардан бирининг тутқичлари орасига ҳам худди шундай ўрам яширилганлиги аниқланди. Ўрамлар очиб кўрилганда эса улар ичидаги модда салкам 72 гр. опий яъни қорадори наркотик моддаси эканлиги аниқланди.

Қонунбузар шу билан кифояланмаган экан. Кўздан кечириш жараёнида багажлардан бирида йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган 3800 АҚШ доллари, қўл сумкасида эса 422 АҚШ доллари, шунингдек Жанубия Корея, Малайзия, Украина, Қозоғистон, Туркия, Саудия Арабистони, Филлиппин пул бирликлари борлиги аниқланди.

Холислар иштирокида ўтказилган шахсий кўрик давомида эса Ш.Аҳроров божхоначиларни чалғитишга уриниб, чап оёғидаги пайпоғи ичига ҳам 1500 АҚШ долларини яширганча олиб чиқмоқчи бўлганлиги фош бўлди.

Шу тариқа ушбу шахс жами 24 млн. сўм эквивалентдаги нақд хорижий валюталарни божхона назоратидан четлаб ўтиб, олиб чиқишга уринган экан.

Иймон-эътиқодини пулга алишган, муборак Каъба зиёратини тижорат сафарига айлантиришга уринган Ш.Аҳроров бу қилмишининг ўзи учун мудҳиш оқибатларидан ўз вақтида халос бўлганини билармикан?

Боиси, агарда у гиёҳвандлик воситаларини Саудия Арабистонига олиб кириш вақтида фош этилганида, ушбу мамлакат қонунчилигига кўра ўлим жазосига хукм қилиниши мумкин эди.

Нафақат қонунчилигимиз, балки муқаддас динимиз талабларига ҳам зид иш тутган Шамши Аҳроровнинг қилмиши ортидан Она Ватанимиз шаънига доғ тушиши, юртимиздан борган зиёратчиларга нисбатан эса салбий қарашлар шаклланишининг олди олинди.

Давлатимиз томонидан кўрсатилган юксак ғамхўрлик ва берилган улкан имкониятни суистеъмол қилган Ш.Ахроровга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дея маълум қилди Давлат божхона қўмитасининг ахборот хизмати.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1