АсосийJamiyat

​УМУМХАЛҚ ХАЙРИЯ ҲАШАРИДА 18 МИЛЛИОНДАН ЗИЁД КИШИ ФАОЛ ҚАТНАШДИ

'​УМУМХАЛҚ ХАЙРИЯ ҲАШАРИДА 18 МИЛЛИОНДАН ЗИЁД КИШИ ФАОЛ ҚАТНАШДИ'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 27 июндаги "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, энг улуғ, энг азиз айём – Истиқлол байрамини юксак савияда нишонлаш учун қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

"Фидойинг бўлгаймиз сени,Ўзбекистон!" шиори остида пухта тараддуд кўрилаётган бу йилги қутлуғ сана арафасида барча юртдошларимиз мамлакатимиздаги тинч-осойишта ҳаётни, мусаффо осмонимизни, кўп миллатли халқимизнинг аҳил ва тотувлиги, жамиятимиздаги меҳр-оқибат, эъзоз ва ҳурмат, саховат муҳити энг катта бойлик эканини янада теран ҳис этмоқда, деб ёзади ЎзА.

Халқимизнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги умумхалқ хайрия ҳашари мисолида яна бир бор яққол намоён бўлди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши асосида жорий йил август ойи мамлакатимизда ободонлаштириш ва тозалик ойлиги, 19-20 август кунлари эса умумхалқ хайрия ҳашари куни, деб эълон қилинди.

Ўзбекона меҳнатсеварлик, аҳиллик, ҳамжиҳатлик рамзига айланган ушбу ҳашар юртимизнинг барча ҳудудларида, энг чекка қишлоқ ва овулларда, маҳаллаларда уюшқоқлик билан ўтказилди. Унда 18 миллион 675 мингдан зиёд юртдошимиз фаол қатнашди. Уларнинг 12 миллион 424 минг нафардан ортиғи ёшлар экани янада эътиборлидир.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқарувида умумхалқ хайрия ҳашарини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Ишчи гуруҳи тузилди. Икки кун давомида 41 минг гектарга яқин майдон ободонлаштирилиб, 27 минг километрдан зиёд ариқ-зовур ва лотоклар тозаланди. Зиёратгоҳлар, қабристонлар тартибга келтирилди. Қарийб 18 миллион тупдан зиёд дарахт ва кўчатга шакл берилиб, оқланди. Ҳашар ишларига 17 мингдан ортиқ техника воситалари жалб этилиб, 62 минг тоннага яқин чиқинди белгиланган жойларга ташиб чиқарилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, якка-ёлғиз кексалар ҳам эътибордан четда қолмади. 18 мингга яқин кам таъминланган оиланинг уй-жойи ҳашар йўли билан таъмирланди. 24 мингга яқин эҳтиёжманд оилага, жумладан, 8 мингга яқин ногирон ва ёлғиз қарияларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдам берилди. Мазкур хайрия тадбирларига 5,3 миллиард сўмдан зиёд маблағ, шундан 900 миллион сўмга яқини “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳисобидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беминнат мурувват ёрдами кўрсатишга сарфланди.

Ҳашар кунлари юртимиз маҳаллаларида 297 савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объекти – дўкон, гўзаллик салони, сартарошхона, дорихона, тўйхона, кутубхона, новвойхона, маҳалла гузари, нуронийлар маркази фойдаланишга топширилди. Янгидан-янги маҳалла фуқаролар йиғини бинолари, болалар спорти майдончалари ишга туширилди.

Халқимиз ҳамжиҳатлигининг ифодаси бўлган ушбу тадбир мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кўтаринки руҳда, юксак савияда ўтказилди.

Бошқа янгиликлар