АсосийJamiyat

​ДУНЁ НИГОҲИДАГИ “ШАРҚ ТАРОНАЛАРИ” ҲАҚИДА 12 ФАКТ

'​ДУНЁ НИГОҲИДАГИ “ШАРҚ ТАРОНАЛАРИ” ҲАҚИДА 12 ФАКТ'ning rasmi

Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанднинг Регистон майдонида ҳар икки йилда бир дунёнинг беш қитъасидан санъат ихлосмандларини бир “тил”да сўзлатадиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали 25-30 август кунлари яна жаранг соча бошлайди...

Тинчлик, дўстлик, ҳамжиҳатлик ғояларини тараннум қиладиган, қисқа муддат ичида катта нуфузга эга бўлган ушбу халқаро фестивалнинг айни дамдаги тайёргарлик ишлари билан таништиришга қарор қилдик.

ФЕСТИВАЛ ТАШКИЛОТЧИЛАРИ

  • Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги.
  • Самарқанд вилоят ҳокимлиги.
  • “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси.
  • Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси.
  • Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси.

3 ТА ЙИРИК ХАЛҚАРО ТАШКИЛОТ

Анъанага кўра, фахрий меҳмон сифатида 3 та йирик халқаро ташкилот: ЮНЕСКО, МДҲ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотлари вакиллари ва бошқа юқори мартабали меҳмонлар ташриф буюради.

ХАЛҚАРО ХАКАМЛАР ХАЙЪАТИ ШАКЛЛАНТИРИЛАДИ

АҚШ, Корея, Хитой, Эстония, Кувайт, Индонезия, Бангладеш ва ўзбекистонлик мутахассислардан иборат халқаро ҳакамлар ҳайъати шакллантирилади.

10 ГА ЯҚИН ДАВЛАТДАН ЖУРНАЛИСТЛАР

Фестиваль тадбирларини хориж ОАВларида ҳам кенг ёритиш мақсадида ўнга яқин давлатдан журналистлар келиши кутилмоқда.

24 ТА ДАВЛАТДАН 25 ТА МАЪРУЗА

26-27 август кунлари фестиваль доирасида “Шарқ халқлари мусиқа маданиятида миллий анъаналарнинг шаклланиши ва ривожланиши” мавзуида илмий-назарий конференция бўлиб ўтади. 1 июнга қадар 24 та давлатдан 36 та маъруза келиб тушди. Уларни ўрганиб чиқиб, 24 та давлатдан 25 та маъруза танлаб олинган. Ўзбекистондан 48 нафар маърузачи қатнашиш истагини билдирган, улардан 16 таси танлаб олинди. Конференцияда Тожикистон халқ артисти Абдували Абдурашидов, Ўзбекистон халқ ҳофизи Эркин Рўзматов маҳорат дарсларини ҳам ўтказади.

ХАЛҚАРО ФЕСТИВАЛЛАР ҲАМКОРЛИГИ

Қатор хорижий давлатлардаги халқаро фестиваллар билан ҳам ҳамкорлик ўрнатилган. Бу гал Кореянинг Андонг халқ фестивали ва Хитойнинг Шанхай халқаро санъат фестивали вакиллари меҳмон сифатида таклиф қилинган. Бундай ҳамкорлик замонавий менежмент, маркетингни ривожланишига кўмак беради.

МЕҲМОНХОНАЛАР...

Тошкентдаги “Ўзбекистон” ва Самарқанддаги “Афросиёб” меҳмонхоналарида махсус штаб шакллантирилган.

ФЕСТИВАЛНИНГ ДОИМИЙ ИШТИРОКЧИЛАРИ

100 дан ортиқ давлатлар ва 4 та халқаро ташкилот: ЮНЕСКО, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Халқаро фольклор ижодиёти ташкилоти, Осиё тараққиёт банки нуфузли фестивалнинг доимий иштирокчилари.

ИШТИРОКНИ ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА МУЗОКАРАЛАР

Қатор давлатлардан бир нечта мусиқа жамоалари иштирок этиш истагини билдириб, қайта-қайта мурожаат қилишмоқда. Ўтган йили ноябрда 138 та давлатга расмий таклифнома юборилган. 56 та давлатдан жами 250 нафар меҳмонлар иштирок этиши кутиляпти. Жараён давом этмоқда, шу боис рақамлар ўзгариши табиий. Фестиваль тарихида ҳали бирор маротаба иштирок этмаган Ямайка, Яйма, Уругвай давлатларининг иштирокини таъминлаш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

ЙЎНАЛИШЛАР

Танловда профессионал ва ҳаваскор ижодий жамоалар ҳамда яккахон хонанда ва созандалар иштирок этиши мумкин. Ижро этиладиган асарлар қуйидаги йўналишлардан бирини ўз ичига олиши лозим:

1. Халқ мусиқа ижодиёти (қўшиқ ёки куй);

2. Анъанавий мумтоз мусиқа;

3. Замонавий миллий ашула ва чолғу мусиқаси.

Ижро дастурининг умумий давомийлиги 15 дақиқадан ошмаслиги лозим.

МЕҲМОНЛАРНИ КУТИБ ОЛИШ

22 августда хорижий иштирокчилар кела бошлайди. Улар пойтахтимиздаги 5 та меҳмон хоналарга жойлаштирилади. 24 августга қадар Тошкентдаги кўзга кўринган масканларга саёҳат уюштирилади. 24 август тонггида “Афросиёб” поездида Самарқандга борилади.

60 ТА ТАРЖИМОН ХИЗМАТ КЎРСАТАДИ

Фестиваль учун 1 ойдан буён тайёргарлик олиб борилаётган Самарқанд шаҳрида 18 та ишчи гуруҳ ташкил қилинган. Меҳмонларга юртимиз тарихини яхши биладиган 60 та таржимон хизмат кўрсатади.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади

Бошқа янгиликлар