Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами арафасида Бухоро туманидаги Работак қишлоғида янгиланган лойиҳалар асосида барпо этилган замонавий уй-жойлар фойдаланишга топширилди, деб хабар бермоқда uzbekistan24.uz.
Кейинги йилларда Работак қишлоғи кенгайиб, тобора замонавий қиёфа касб этмоқда. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида бу ерда яна 42 замонавий уй қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ҳовли тўйини нишонлайдиганлар орасида Президент совғаси сифатида уй калитини олган 6 нафар эҳтиёжманд оила вакиллари ва жисмоний имконияти чекланган фуқаро ҳам бор.
Тадбирда ёш оилаларга Президентимиз совғаси сифатида ётоқхона мебели, ошхона жиҳозлари, музлаткич, телевизор, чангютгич, кир ювиш машинаси топширилди.
Шу куни Работакда ижтимоий кўмакка муҳтож 15 нафар фуқарога жорий йилда фойдаланишга топшириладиган уйларга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ордер берилди.
Янгиланган намунавий лойиҳалар асосида вилоят қишлоқларида жорий йил охирига қадар яна 200 уй қурилиб, 20 таси эҳтиёжманд оилаларга ажратилишини таъкидлаш керак. Тадбирда ушбу фуқароларга Президент совғаси сифатида уйнинг бошланғич бадали тўлангани тўғрисида сертификатлар топширилди.
"Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти томонидан уй-жойга муҳтож ногирон ва меҳнатга лаёқати чекланган 35 фуқарога тикув машинаси берилиб, касаначилик шартномаси асосида ишга жойлаштирилди.
Боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилалар 26 нафар фарзандининг суннат тўйи ҳам ўтказиб берилди. Болажонларга ҳомийлар томонидан совға-саломлар топширилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.
24.08.2017 12:42
БУХОРОДА ЯНГИ УЙЛАРГА ҚЎШИБ, МЕБЕЛЬ, МУЗЛАТКИЧ ВА ТЕЛЕВИЗОР ҲАМ СОВҒА ҚИЛИНДИ






