21.11.2013 14:44
9 ойда ёш оилаларга 285,5 млрд сўм кредит ажратилди
Бугунги кунда тижорат банклари кичик бизнес субъектларини, айниқса, таълим муассасаларини битирувчи ёшларнинг бизнес режаларини имтиёзли шартларда кредитлаш, оилавий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш масалаларига катта эътибор қаратмоқда.
Айни дамда ёшлар ва ёш оилаларга ипотека, истеъмол ва таълим кредитлари, шунингдек ёш тадбиркор, ҳунарманд ва фермерларга молиявий кўмак беришни тартибга солувчи 15 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Банк тизимида ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида 2008-2012 йиллар давомида ёш оилаларга 643,9 млрд. сўм миқдорида ипотека кредитлари, 287,7 млрд. сўм миқдорида истеъмол кредитлари, шунингдек 103,0 млрд. сўм миқдорида таълим кредитлари ҳамда ёш тадбиркор, ҳунарманд ва фермерларга 1,6 трлн. сўмдан зиёд кредитлар ажратилди.
Таъкидлаш жоизки, 2008 йилга нисбатан таққослаганда 2012 йилда ёш оилаларга тақдим этилган ипотека кредитлари ҳажми 3,1 баробар, истеъмол кредитлари ҳажми 2,3 баробар, таълим кредитлари ҳажми 11,3 баробар ҳамда ёш тадбиркор, ҳунарманд ва фермерларга ажратилган кредитлар ҳажми 2,9 баробар ўсган.
Қайд этилдики, тижорат банклари томонидан “Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга ўтган 10 ой давомида 6,2 трлн. сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Шундан 286,9 млрд. сўм миқдоридаги маблағлар ёш тадбиркорлар, ҳунармандлар ва фермерларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун йўналтирилди.
Шу билан бирга, 2013 йилнинг ўтган даври мобайнида ёш оилаларга 150,4 млрд. сўм миқдорида ипотека, 87,8 млрд. сўм миқдорида истеъмол, шунингдек 47,3 млрд. сўм миқдорида таълим кредитлари ажратилди.
Ўз навбатида, тижорат банклари томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш мақсадларига жорий йилнинг ўн ойи давомида 2012 йилнинг шу даврига нисбатан 2,7 баробар кўп ёки 116,2 млрд. сўм миқдорида имтиёзли микрокредитлар ажратилди.
Тижорат банкларининг ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолияти фақат кредит ажратиш билан чекланмасдан, уларни тадбиркорликка жалб этиш борасида кенг кўламда тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам олиб бормоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тижорат банклари томонидан 1 215 та кичик бизнес субъектига имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификат тақдим этилди ва уларга жами 92,5 млрд сўм кредитлар ажратилди. Шундан 713 нафар ёш тадбиркор ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг 10 млрд сўмлик, 293 нафар тадбиркор аёлнинг 9,7 млрд сўмлик бизнес режалари имтиёзли шартларда молиялаштирилди.





