Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги ва Ўзбекистон Бадиий академиясининг 20 йиллигига бағишланган бадиий кўргазма очилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси ўринбосари Ф.Тошмуҳамедов, Ўзбекистон халқ рассоми В.Бурмакин ва бошқалар истиқлол туфайли ижод аҳли, хусусан, мусаввирларга яратилган имкониятлар уларнинг сермаҳсул меҳнат қилишида юксак самаралар бераётгани ҳамда Бадиий академиянинг ташкил этилиши шу соҳа ходимлари учун профессионал маҳорат мактабини ривожлантириш ва келажакда уни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлади.
Экспозицияни томоша қилар экансиз, бугунги кунда фаол ижод қилаётган рассомларнинг рангтасвир ва графика асарлари кенг панорамада намойиш этилганига гувоҳ бўласиз. Улар орасида С.Абдуллаев, Ж.Умарбеков, А.Нур, В.Бурмакин, А.Икромжонов, С.Раҳметов, О.Оллоберганов каби мусаввирларнинг ишлари ўрин олган.
Кўргазманинг ретроспектив бўлими вафот этган рассомлар – академиклар ижодига бағишланган. Уларнинг турли жанрларда чизган асарларидаги воқелик, тасвирлар жозибаси барчани чуқур ўйга, фикрлашга ундайди.






