Тошкент вилояти прокуратураси матбуот хизмати ёз давомида вилоят ҳудудида рўй берган бахтсиз ҳодисалар юзасидан маълумот берди.
Содир бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг аксарияти фуқаролар томонидан сув ҳавзалари ва дарёларда хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик, шу жумладан таъқиқланган жойларда чўмилиш, маст ҳолатда сувга тушиш, ота-оналар томонидан фарзандларини қаровсиз қолдириш каби ҳолатлар натижасида юзага келган.
Жумладан, Бўстонлиқ туманида яшовчи Д.Нурхўжаев (1962 й.т.) Ғазалкент шаҳри ҳудудидан оқиб ўтувчи Паркент дарёсида чўмилаётиб, эхтиётсизлиги оқибатида сувда чўкиб кетиши натижасида вафот этган.
Мазкур бахтсиз ҳодиса Тошкент вилоятида ҳудудида қайд этилган ягона ҳолат эмас.
Хусусан, жорий йилнинг ёзги дам олиш мавсумида вилоят ҳудудидаги сув ҳавзалари ва дарёларда эхтиётсизлик оқибатида жами 40 дан зиёд киши, шу жумладан 5 нафар вояга етмаганлар сувда чўкиши натижасида вафот этишган.
Тошкент вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан қурбонларнинг яқинлари ва оила аъзоларига ҳамдардлик билдирилиб, бу каби бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида аҳолидан сув ҳавзалари ва дарёларда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этиш, шунингдек ҳар қандай ҳолатда ўз фарзандлари ва яқинларини қаровсиз қолдирмаслик сўралади.






