“AIBA” бокс федерацияси кеча, 5 сентябрдан ижтимоий тармоқдаги саҳифасида бокс бўйича ЖЧда иштирок этган энг яхши боксчи номини аниқлаш мақсадида сўровнома ишга туширгани ҳақида аввалроқ хабар бергандик.
6 сентябрь куни “AIBA” ўтказган сўровнома натижаларига кўра, Шаҳрам Ғиёсов 56 фоиз овоз тўплаб, Гамбургда ўтган жаҳон чемпионатининг энг яхши боксчиси сифатида эътироф этилди.
Шу тариқа, Шаҳрам Ғиёсовга ўз вазни тоифасида ҳам чемпион ва мусобақада энг яхши боксчи бўлиш каби совринлар насиб етди. Сўровномада ғолиб бўлиш учун Ғиёсовдан ташқари Хулио Сезар ла Круз (Куба), Александр Кижняк (Украина) ва Софиан Оумиха (Франция) каби боксчилар номзодлари келтириб ўтилганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 сентябрь куни Германиянинг Гамбург шаҳрида бокс бўйича турли хил вазн тоифасида жаҳон чемпионати мусобақаси якунига етди.
Унда Ўзбекистондан 10 нафар боксчи иштирок этди ва уларнинг 4 нафари Ҳасанбой Дўсматов, Жасурбек Латипов, Иқболжон Холдоров ва Шаҳрам Ғиёсовлар мусобақанинг финал босқичига етиб боришди.