Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги “Жарқишлоқ” шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида яшайдиган 14 ёшли бола куппа-кундузи “Nexia” русумли автомашинани ўғирлаб қочди, деб ёзади ЎзА.
Шўрчи туманида истиқомат қилувчи фуқаро М.Фазлиддин кундузи соат 13:30 лар атрофида ўзига тегишли “Nexia” русумли давлат рақами 75 В 773 НА бўлган автомашинани Денов туманидаги Ш.Рашидов кўчасига қўйиб, пульт орқали қулфлайди.
Ўт олдириш калитини жойида қолдириб, юмушларини бажаришга кетади. Соат 16 га яқин қайтиб қараса, машина йўқ. Бу ҳақда зудлик билан Денов тумани ИИБ навбатчилик қисмига хабар беради. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида автомашинани бошқарган шўрчилик мактаб ўқувчиси Ж.М. ўртоқлари билан “сайр” қилиб юргани аниқланади. Олиб қочилган машина ички ишлар органи ходимлари томонидан “Жарқишлоқ” шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида тўхтатилгач, ота автоуловнинг олиб қочилишига ўғлининг алоқаси йўқлигини исботлашга уринади. Лекин, қилни қирқ ёрадиган ички ишлар ходимлари аксини исботлашди. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, “Nexia” қонуний эгасига қайтарилди.






