АсосийJamiyat

​МАРҒИЛОНЛИК ОШПАЗ 2 ТОННАЛИК ОШ ТАЙЁРЛАМОҚЧИ

'​МАРҒИЛОНЛИК ОШПАЗ 2 ТОННАЛИК ОШ ТАЙЁРЛАМОҚЧИ'ning rasmi

12-16 сентябрь кунлари Марғилон шаҳрида “Атлас байрами” фестивали ўтказилади. Унда кўплаб хорижлик меҳмонлар, вилоятлардан ташриф буюрган ҳунармандлар, шаҳар аҳолиси иштирок этади. Фестиваль доирасида ош танлови ўтказилиши кўздан тутилган.

Мазкур танловда марғилонлик ёш ошпаз Муҳаммадали Ҳайитбоев ҳам иштирок этиб, 2 тонналик ош тайёрлашни мақсад қилган. Бунинг учун у хозирданоқ тайёргарликни бошлаб юборди. Махсус катта қозон, капгир, ўткир пичоқ ҳаммаси шай.

Ёш ошпазга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марғилон шаҳар Кенгаши фаоллари кўмакчи бўладилар. Муҳаммадали ўтган йили ҳам “Атлас байрами” фестивалида иштирок этиб, 10 килограмм ош тайёрлаган ҳамда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан тақдим этилган махсус диплом ва статуэткага эга бўлган.

Бу йилги тайёрланадиган 2 тонналик ош ўзининг қайси хусусиятлари билан ажралиб туриши ҳақида фарғоналик мухбиримиз Аҳрор Зиё маълумот берди.

Мухбирнинг ошпазнинг сўзларига таяниб ёзишича, бу йилги ош янада мазали бўлиши учун паловга писта, бедана тухуми, зиғир ёғи, нўхот, майиз, хуштам зираворлар қўшилади. Маълумот ўрнида, Муҳаммадали Ҳайитбоев ошпазлар сулоласининг 4 авлоди саналади. 500 дан зиёд овқат турларини тайёрлашни билади. Ҳориж мамлакатларида ўтказилган кўрик-танловлар ғолиби. Фаолияти давомида ярим тоннагача ош тайёрлаган.

“Атлас байрами” фестивалида ҳали бунақаси бўлмаган. Бу таомдан фестивалга ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар, вилоятлардаги ҳунармандлар, шаҳардаги меҳмонлар тотиб баҳраманд бўладилар.

Ёш ошпаз Муҳаммадали Ҳайитбоев бу унутилмас жараён учун ҳозирданоқ тайёргарлик кўрмоқда. Ошпазнинг лаззатли паловидан тотиб кўриш истагида бўлганлар 16 сентябрь санасида ўтказиладиган “Атлас байрами” фестивалига ташриф буюрсалар бас.

    Бошқа янгиликлар