Шу йилнинг 11 сентябрида ўз ишини бошлаган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа минтақавий бюросининг 67-сессияси қизғин паллага кирди. Будапешт шаҳрида ўтаётган ушбу тадбирда 53 та аъзо давлатлар қаторида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Бу йилги сессияда ЖССТнинг 2019-2023 йилларга мўлжалланган умумий иш дастури, “Саломатлик-2020” сиёсатини амалга ошириш, Европа минтақавий бюросига аъзо давлатлар ўртасида дори-дармон таъминоти билан боғлиқ алоқаларни яхшилаш каби долзарб мавзуларда муҳокамалар бўлиб ўтмоқда.
ЖССТ Европа минтақавий бюросининг 67-сессиясида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ҳам маъруза қилди. Ўз чиқишида А.Шадманов “Саломатлик — 2020” сиёсатини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон тиббиётида олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтди, дея хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати.
— 2012 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюросининг 53 та аъзо давлати қаторида Ўзбекистон ҳам “Саломатлик — 2020” стратегиясини қўллаб-қувватлаган эди. Айни дамда унинг мавжуд тўрт устувор йўналиши бўйича тизимили чора-тадбирлар олиб бормоқда, — деди Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов. — Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларини тубдан ислоҳ қилиш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза этиш ва экологияни асраб-авайлаш масалалари Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида янги босқичга кўтарилди. “Саломатлик — 2020” стратегиясининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланган инфекцион ва ноинфекцион касаллик кўрсаткичлари кескин камайиб бораётир. Бунда давлат бюджети ҳисобидан болаларни ўн иккита хавфли касалликка қарши эмлаш тақвими режали ташкил этилгани катта аҳамиятга эга.
Шундан сўнг А.Шадманов мамлакатимизда тиббий ислоҳотлар боришининг муҳим асоси ҳисобланган ҳуқуқий ҳужжатларга тўхталиб, қисқа фурсат ичида давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан 30га яқин соҳа ривожига оид фармон, қарор ва фармойишлар қабул қилингани ва улар ижроси босқичма-босқич таъминланаётгани таъкидлаб ўтди.
Айтиш ўринлики, мамлакатимизда ушбу халқаро анжуманда муҳокама этилаётган долазарб масалалардан бири сил касалликларини даволаш бўйича юқори натижалар қайд этилмоқда. Хусусан, сил касалликларини даволаш самарадорлиги бугун 87 фоизга етказилди. Дунёда ушбу кўрсаткич 85 фоиз эканини инобатга олсак, натижа кўлами янада яхшироқ англашилади. Яна бир эътироф этишга арзирли ютуғимиз, ЖССТ маълумотига кўра, силга қарши олиб борилган тадбирларнинг натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси фтизиатрия хизматининг Европа ҳудудидаги 53 мамлакат орасида кучли учталикдан ўрин олгани бўлди. Албатта, бундай ижобий ўзгаришларга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ. Барчаси давлат даражасидаги эътибор самарасидир.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг маърузасидан сўнг ЖССТ Бош директори Тедрос Гебрейесус ва ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Қайд этилишича, Ўзбекистон тиббиётида яратилаётган янги тизим “Саломатлик — 2020” стратегиясига тўла мос келади.