АсосийShou-biznes

РАФЕТ ЭЛ РОМАН: "ЎЗБЕКИСТОНДА КЎРГАН МЎЪЖИЗАЛАРИМНИ ҲАММА БИЛАН БЎЛИШАМАН!"

'РАФЕТ ЭЛ РОМАН: "ЎЗБЕКИСТОНДА КЎРГАН МЎЪЖИЗАЛАРИМНИ  ҲАММА БИЛАН БЎЛИШАМАН!"'ning rasmi

Туркиянинг машҳур хонандаси Рафет эл Роман юртимизга уюштирган илк ташрифи давомида, аниқроғи 28 август санасида кўҳна Самарқандда ўтган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг очилиш маросимида иштирок этди. Эртаси куни эса “Истиқлол” санъат саройида концерт дастурини тақдим этди. "Даракчи" газетаси мазкур концертдан эксклюзив репортаж ва интервьюни сизга ҳам илинди...


— Рафет бей, Тошкентга хуш келибсиз! Юртимизга таклиф қи­лишганида нималарни ҳис этдингиз?

— Катта раҳмат! Илк ташрифим бўлгани боис ҳаяжоним чексиз эди, эътибордан бошим кўкка етди. Ўзбекистонга келга­нимда мени жуда ҳам таъ­сирлантирган ҳолат бу — одамларингизнинг сами­мияти бўлди. Юртингизнинг гўзаллиги, озодалиги, муҳими жадал суратлар билан ривожланаётгани мени ҳайратга солди. Зеро, минтақада Ўзбекистоннинг қанчалик катта аҳамиятга эгалигини жуда яхши биламиз.

— Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳ­рида ҳам бўлдингиз, таассуротларингиз бир олам экани шубҳасиз...

— Албатта! Поездда ке­та туриб, айнан жуда катта-катта карвонлар ўт­ган Буюк ипак йўлидан мен ҳам ўтаётганимдан беҳад шод эдим. Боиси, Буюк ипак йўли бу — савдогарлик, ҳу­нармандчилик, Умар Хайём­лардек буюк сиймоларга эга шеърият, маданият, маънавият, маърифатнинг йўли. Очиғи, хурсандчилигимни, нималардан қувонганимни сўз билан таърифлаб беролмайман.


— “Шарқ тароналари” XI халқаро мусиқа фестивалида иштирок этдингиз. Бутун дунёдан келган санъаткорларни битта — мусиқа “тил”ида сўзлаштирган фестиваль сизга нимаси билан манзур келди?

— Ҳақсиз, дунё бўйлаб таралаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида иштирок этиш менга ҳам насиб этди. Фес­тивалга бутун дунёдан келган жуда машҳур санъаткорлар, фахрий меҳмонлар ташриф буюришди. Мусиқа фестивали, очилиш маросими жуда гўзал бўлди, таассуротларим олам-олам. Туркияга қайтганимда, Ўз­бекистонда кўрган бу каби кўплаб мўъжизалар таас­суротини ҳамма билан бў­лишаман!


— Ўзбек таомларининг таъми оғзингизда қолганига ишонаман!

— Шубҳасиз! Самар­қанд­да ўзбек таомлари билан меҳмон қилишди. Олдимга шундай ажо­йиб палов олиб келиб қўйишдики, таъмини таърифлашга тил ожиз. Рости, еганинг сари егинг келади, еб тўймайсан киши, мазасига гап йўқ. Ўз­бекистон жуда тотли ўз ошхонасига эга давлат. Ҳар бир тао­мингиз ўзига хос, кишига ҳузур бағишлайди.

— Ўзбек санъатига қизиқасизми, қайси ўзбек хонандаларини биласиз?

— Албатта, қизиқаман. Кўплаб ўзбек қўшиқчилари билан мулоқотда бўлдик. Улар билан, албатта, ҳамкорликни йўл­га қўямиз. Насиб бўлса, ўзбек ҳам­касбларимни Тур­кияга таклиф қилиб, маданий лойиҳаларни бошлаймиз. Ҳали яна Ўзбекистонга гастроль уюшти­рамиз, боиси му­сиқа санъатимиз ҳамкорликда ривожланиши керак. Аслида санъатимиз ҳам бир-бирига яқин. Қисқаси, кўплаб ютуқларимиз ҳали олдинда.


— Ўзбек ва турклар орасидаги ўхшашликни айнан нималарда пайқа­дингиз?

— Маданиятингиз жуда бой, зотан бизнинг турк маданияти айнан Ўзбекистон тупроғи, маданиятидан бошланган. Таҳсинга сазовор жиҳатингиз — ҳақиқий туркликнинг гўзаллиги, ўзига хослигини сақлаб қолгансиз. Биз қардош халқмиз. Биласизми, турк­ларда ўхшаш, деган сўз йўқ. Ўзбек ва турк битта тупроқ, битта миллатдан юзага келган. Тўғри, алоҳида-алоҳида давлатмиз, лекин аслида биз битта халқмиз! Шу боис ўхшаш, деган таърифни ишлатиш нотўғри бўлади. Ўзбек ва турк орасида фарқни ҳам кўрмадим. Кўп жиҳатдан шу қадар бир хилмизки, ажратолмай­сан киши. Ҳатто бугунги концертда ҳам микрофонни залга тутганимда баланд овозда жўр бўлиб куйлашди. Бу мени ўзбек халқига яна бир карра яқин­лаштирди.

— Саҳнада шу қадар эркинсиз, томошабин билан жуда чиройли му­лоқот ўрнатар экансиз. Завқ билан тинимсиз рақс тушиб, қўшиқ куйла­шингиз ҳам таҳсинга сазовор. Нимадан илҳом оласиз?

— Бугун Ўзбекистон­да ҳам мухлисларим етарлича эканидан илҳомландим. Аслида муҳаббат ва ҳижрон илҳом парим. Севган инсо­н­­­ингга етиша олмасанг, бу — муҳаббат! Боиси, орадаги “девор” юрагинг талпинаётган инсонга янада кўпроқ ошиқ қилади. Ва бунинг натижасида қалбингда жароҳат пайдо бўла­ди. Гўё Мажнун сингари еру кўк, саҳрога ҳам сиғ­май қоласан. Мана шулар хонандага илҳом беради, ижод қилишга ундайди.


— “Куйлаган қў­шиқла­рим­­нинг про­тотиплари бор”, демоқчимисиз?

— Йўқ, ҳамма қўшиқ­ла­рим ҳам ҳаётимдан олинмаган. Атрофимдаги одамлар, мухлисларимнинг қисмати, ҳис қилган кечинмаларини қўшиқ орқали ифода этаман. Кишилар қалбидаги ҳис-туйғуни ижроим орқали етказиб беролсам, ўзимни бахтиёр хонанда ҳисоб­лайман.


— “Истиқ­лол” санъат саройига кира туриб, йўлакда ўзи билан ўзи овора бўлган ҳар бир киши билан тўхтаб сўрашиб, сўнг йў­лингизда давом этганингиз диққа­тимни тортди. Машҳурлик шоҳ­супасининг тўрида турган бўлишингизга қа­рамай, шу қадар камтарсиз. Бу камтарлик, самимиятни сақлаб қолишга қандай эришгансиз?

— Эътибор, синчковлик учун ташаккур! “Seni Seviyorum” қўшиғим мухлисларга ҳавола қилиниб, оммалашганида отам “Ўғлим, ҳамма сенинг қўшиқларингни эшитиши мумкин. Бироқ бундан сармаст бўлмагин. Қанчалик камтар, самимий бўлсанг, халқ сени ундан кўпроқ севади. Бироқ та­каббурликка берилиб, бурнинг кўтарилиб ҳаволансанг, ҳамма сендан юз ўгиради. Ҳеч қа­чон кибрга берилма! Ҳамма тенг ҳу­қуққа эга, бир хил одам. Сенинг од­дий одамдан ортиқ еринг йўқ, шунчаки машҳурликка эришдинг, холос. Бу — омад, ор­ти­ғи эмас! Сенинг ўр­нингда бошқаси ҳам бундай машҳурликка эришиши мумкинлигини унутма. Фақат яхшиларга ёндош. Боиси, ёмонларнинг ҳеч кимга фойдаси йўқ”, деб ўгит берган. Ўз вақтида берилган бу маслаҳатни ўзим учун дастуруламал қилиб қулоғимга қуйиб олганман. Атрофга бир назар ташланг, Сурия, Исроил каби қанча-қанча давлатларда нотинч­лик, бегуноҳ кишилар, гў­даклар ҳалок бўляпти. Бу ҳолатлар киши қалбини ларзага солади. Одам етмиш йил умр кўриши мумкин, бу вақтни тинч­лик, яхшиликлар билан, гуллар, чарақлаб турган қуёш бағрида ўтказайлик. Ҳаётимизни капалаклар, муҳаббат безасин, дилга яқин инсонлар билан ўт­казайлик! Бизга берилган қисқа умрни адоватга сарф қилишдан наф йўқ.


— Кўплаб давлатларда бўлгансиз. Ўзбекистонга уюштирган ташрифингиз бир умр ёдда қолади­ган даражада бўлдими?

— Тўғри айтдингиз, дунёнинг кўплаб давлатларига концерт дастурлар­им билан борганман. Так­рорлашдан чарчамайман, ўзбек халқининг самимия­ти, меҳмондўстлиги, мада­нияти, санъатини бошқа ўлкаларда кўрмаганман. Чин юракдан айтяпман, бундай бағрикенг халқни ҳеч қаерда кўрганим йўқ! Концертимга ташриф буюрган мухлисларни бил­мадимку-я, лекин бу ширин дийдор, самимиятга тўла кеча бир умр ёдимда қолади! Ўзбек халқига қанча ташаккур айтсам оз! Ўзбекистонда кўп одамлар билан танишдим, дўстлар орттирдим. Ҳаммаларингиз соғ бўлинглар, мен бу зиёратни сира унутмайман!

Cадоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди. Фотомухбир: Ислом РЎЗИЕВ

    Бошқа янгиликлар