1

Ҳисоблагичларни қачон текширилишни айтишди

ЖАМИЯТ 26.11.2013, 14:58
Ҳисоблагичларни қачон текширилишни айтишди
Ҳисоблагичларини давлат томонидан мажбурий текшириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
 
Миллий матбуот марказида ўтказилган тадбир «Ўзстандарт» агентлиги, «Ўзкоммунхизмат» агентлиги, «Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компанияси ва «Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси томонидан ҳамкорликда ташкил этилди. 
 
Фойдаланилаётган газни ҳисоблаш мосламасини тўрт йилда бир марта текширувдан ўтказиш зарур. Хусусан, «Тошкентшаҳаргаз» бошқармасининг кўплаб туман бўлимлари ҳисоблаш мосламасини текширишга олиб келишни истеъмолчилар зиммасига юкламоқда. Бу эса ёнғин хавфсизлиги қоидаларига мутлақо зиддир. Мутахассисларнинг таъкидлашича, истеъмолчи газ ҳисоблаш мосламасини ўзича алмаштириши ёки ечиб олиши мумкин эмас, балки бу ишни «Тошкентшаҳаргаз» бошқармасининг тегишли малакага эга мутахассислари амалга ошириши шарт. Бунинг учун истеъмолчи бошқарманинг туман бўлимига ариза билан мурожаат қилгандан сўнггина мослама тамғасини бузиш мумкин. «Ўзстандарт» агентлиги вакиллари эса ҳисоблаш мосламаси ечиб олингани ҳақидаги ҳужжат бўлмаса, уни текшириш мумкин эмаслигини қайд этди.

Тадбирда иштирокчилар эътиборига шаҳар газ таъминотида фойдаланилаётган замонавий ҳисоблаш мосламалари ҳавола этилди.
 
Аҳоли хонадонларида табиий газ сарфини аниқ ҳисобга олиш учун ҳароратни ҳам кўрсатадиган мосламалар ўрнатилмоқда. Бу мосламалар ҳимоя воситаси ва ҳароратни назорат қилиш қурилмасига эга. Улар «Тошкентшаҳаргаз» бошқармаси ходимлари томонидан хавфсизлик қоидаларига мувофиқ истеъмолчи ҳисобидан ўрнатилмоқда. Истеъмолчи, ўз навбатида, мослама учун белгиланган маблағни бирйўла ёки бўлиб-бўлиб тўлаши мумкин. Пойтахтимизда хусусий истеъмолчиларнинг 80 фоизи ва юридик истеъмолчиларнинг 100 фоизи шундай мосламалар билан таъминланган.
 
Электрон ҳисоблаш мосламаларидан фойдаланиш ҳам давлат, ҳам истеъмолчи учун фойдалидир. Улар ишлатилаётган газ миқдорини аниқлаш, флэш-карталар ёрдамида олдиндан пул тўлаш имконини беради.
 
Бундан ташқари, хонадонлар ичига ўрнатилган газ тармоқлари, ускуна ва ҳисоблаш мосламасининг техник ҳолатини таъминлаш, улардан хавфсиз фойдаланишга доир ишлар ҳам амалга оширилмоқда. Аҳоли хонадонларига ўрнатилган барча турдаги ҳисоблаш мосламалари тўрт йилда бир марта, корхоналарда эса икки йилда бир марта давлат томонидан текширилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1