1

​ТОШКЕНТДА АСТРОНОМИЯГА ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБ-ИНТЕРНАТ ВА “АСТРОНОМИЯ ВА АЭРОНАВТИКА” БОҒИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

ЖАМИЯТ 15.09.2017, 10:21
​ТОШКЕНТДА АСТРОНОМИЯГА ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБ-ИНТЕРНАТ ВА “АСТРОНОМИЯ ВА АЭРОНАВТИКА” БОҒИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини ва “Астрономия ва аэронавтика” боғини ташкил этиш тўғрисида қарор имзолади.

Қарор астрономия фанининг келгусида янада тараққий этиши иқтидорли ёшлар орасидан малакали кадрларни тайёрлаш самарадорлигини ошириш талаб этилишини инобатга олиб, ўсиб келаётган ёш авлодни халқимизнинг астрономияни ўрганишдаги буюк анъаналари руҳида тарбиялаш, иқтидорли ёшларнинг астрономия ва аэрокосмос фаолияти соҳасидаги миллий ва дунё илм-фанининг янги ютуқларини ўрганиш ва ўзлаштиришга бўлган иштиёқини ривожлантириш, ёшларнинг аэрокосмик фан ва техника асосларини эгаллаши учун шарт-шароит яратиш мақсадида қабул қилинди.

Мазкур қарор билан Астрономия институти қошида математика, астрономия, физика ва информатика фанларини чуқур ўргатишга ихтисослаштирилган Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ташкил этилади. Мактабда 200 нафар ўқувчи таҳсил олиши ҳамда ва 150 ўринли турар жой биноси ташкил этилиши кўзда тутилган.

Қурилиш-таъмирлаш таълим муассасасини жиҳозлаш ишларини Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил Инвестиция дастури доирасида Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2018 йил 1 августига қадар якунлаш режалаштирилган.

Мактаб-интернат 2018-2019 ўқув йили бошлангунига қадар Халқ таълими вазирлиги томонидан барча зарур мебель, ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминланади.

Қарорга мувофиқ 2018-2019 ўқув йилидан мактабга 7-синфдан бошлаб ҳар бир синфда 20 нафардан ўқувчи қабул қилинади.

Ушбу қарор асосида Тошкент шаҳар, Астрономия кўчаси, 33-уй манзилида Астрономия институти ҳудудида “Астрономия ва аэронавтика” боғи ва Планетарий ташкил этилади. Шунингдек, Астрономия институтининг асосий ва тарихий биноларини ҳамда маданий-тарихий аҳамиятга эга бўлган телескоплар павильонларини капитал таъмирлаш кўзда тутилган.

Ушбу боғ ва Планетарийга Тошкент шаҳар ҳокимлиги буюртмалари асосида Мудофаа вазирлиги, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва “Тошкент механика заводи” АЖ тасарруфидаги мавжуд самолёт намуна(макет)лари ажратилади ва ўрнатилади.

Қарорнинг тўлиқ матни ЎзАда эълон қилинди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1