ҲОВЛИНИ ВАСИЯТ ҚИЛГАН МАЪҚУЛМИ ЁКИ ҲАДЯ?
Бобом менга ўз ҳовлисини қолдирмоқчилар, қайси йўл, яъни васият орқали буни амалга ошириш афзалми ёки ҳадя қилган маъқулми? Айтинг-чи, васият билан ҳадя ўртасида қандай фарқ бор?
Т.Усмонова, Фарғона шаҳри
— Фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади.
Мерос қолдирувчи (мол-мулк эгаси) васият қилаётган пайтида ҳар қандай мол-мулк, ҳатто ўзига тегишли бўлмаган мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли (Фуқаролик кодексининг 1120-моддаси).
Кўчмас мулкни ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.
Шу сабабли ҳадя шартномаси ва васият турли нарсалар ҳисобланади. Кўчмас мулк (масалан, квартира) ҳадя қилинганда у шартнома давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин мулкка ўтади. Бунда ҳадя қилингандан кейин ҳадя қилувчининг мазкур мол-мулкка нисбатан ҳеч қандай дахли қолмайди. Ва агар квартира ҳадя қилинса, ундан маҳрум бўлиш хавфи мавжуд. Мазкур ҳолда ҳадя олаётган шахснинг ҳалоллигига ишонч ҳосил қилиш керак, холос.
Васиятнома расмийлаштирилаётганда эса мол-мулк унда кўрсатилган шахс мулкига васият қилувчининг вафоти ва ворислик ҳуқуқлари расмийлаштирилгандан кейингина ўтади.
Ҳадя олувчи ҳадядан фақат у ўзига топширилгунга қадар истаган вақтида уни рад этишга ҳақли (ФКнинг 503-моддаси).
Қайси бири яхши - ҳадями ёки васиятми, деган саволган келсак - буни мол-мулк эгасининг ўзи ҳал қилсин.