—«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 28-моддасига асосан айрим тоифадаги фуқаролар учун пенсияларга устамалар белгиланган бўлиб, унинг миқдори энг кам иш ҳақининг 30%дан 150%гача миқдорларда белгиланади. БундаII гуруҳ ногиронлари учун агар улар ёлғиз бўлсаларгина, энг кам иш ҳақининг 50% миқдорида устама белгиланган» деган маълумотни ўқиб қолдим. Мен ҳам II гуруҳ ногирониман. Парваришга муҳтож кишилар учун бериладиган озиқ-овқат ва гигиена воситаларини олиб келаман. Аммо пенсияга қўшиладиган устама ҳақини олмаганман. Агар бунинг учун пенсия жамғармасига мурожаат қилсам, устама ҳақи қай муддатдан бошлаб берилади? Ариза берилган кунданми ёки ундан аввалгиларини ҳам ололаманми? Фарзандларим бор, аммо ёлғиз яшайман, боқувчим йўқ.
Шаҳодат Юнусбекова, Тошкент вилояти
— Қонун ҳужжатларида ёлғиз яшайдиган фуқаролар ва ёлғиз фуқаролар деган тушунча фарқланади ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётида алоҳида-алоҳида қўлланилади. II гуруҳ ногиронларининг пенсиясига устамалар белгилашда фақат ёлғиз фуқаролар тушунчаси қўлланилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида Низомнинг 25-бандига асосанишламайдиган II гуруҳ ногиронининг ёлғиз яшайдиган пенсионерга тегишлилиги ҳолати фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи томонидан берилган, ариза берувчининг яшаш жойи бўйича бир ўзи яшаши (рўйхатдан ўтказилганлиги) тўғрисидаги маълумотнома, шунингдек, Пенсия жамғармаси бўлими ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш тегишли органи вакиллари иштирокида тузилган ариза берувчининг яқин қариндошлари (ота-онаси, эри ёки хотини ва болалари) йўқлигини тасдиқлайдиган ҳужжат асосида белгиланади. Юқоридагилардан кўриниб турибдики, фарзандлари бўлган II гуруҳ ногиронлари ёлғиз пенсионерлар тоифасига киритилмайдилар ва уларнинг пенсияларига устамалар белгилаш учун ҳуқуқий асос мавжуд эмас. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 109-моддасига асосан вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шарт.






