АсосийSUG'DIYONA

ЎСМИРЛАРНИ ҚАНДАЙ ТАРБИЯЛАШ КЕРАК?

'ЎСМИРЛАРНИ ҚАНДАЙ ТАРБИЯЛАШ КЕРАК?'ning rasmi

Фарзанд ўстираётган ҳар бир ота-она боланинг ўсмирлик даври ҳақида кўплаб маълумотларни эшитган бўлса ажаб эмас. Эҳтимол, қулоққа чалинган ҳар қандай воқеа-ҳодисалар сизни хавотирга солгандир, аммо ана шу давр борасидаги аниқ маълумотларга эга бўлсангиз, хавотирга асло ўрин йўқ.

Кеча бола, бугун ўсмир

Куни кеча беозоргина, ювошгина бўлиб юрган, қалб кечинмалари билан ўртоқлашган боланинг бирзумда тутоқиб, асабийлашиб кетиши, гапга қулоқ солмаслиги, қўполлик билан жавоб беришининг сабаби нимада деб ўйланиб қолади, гоҳида ота-оналар. Тўғри, ўсмирлар баъзида муаммо туғдириши мумкин, аммо мазкур даврдаги ўзгаришлар сизни хайратга солмасин. Ахир фарзандингиз, баъзилар учун унчалик осон бўлмаган ўсмирлик даврини бошдан кечиряпти. Бундай пайтда гормонал ўзгаришлар содир бўлиб, боланинг хатти-ҳаракатларида акс этади. У ўта таъсирчан, асабий бўлиб, баъзан ҳаловати йўқдек кўринади. Ўсмирлар кўпинча жавобсиз муҳаббат, ота-она ёки тенгқурлари билан келишмовчиликлар, келажак олдида қўрқув ҳамда ёлғизликдан азият чекишади. Тўғри, ўсмирлик даврида ҳамма болаларда ҳам бу каби муаммолар кузатилмайди, бироқ организмдаги ўзгаришлар вақти-вақти билан ўзини намоён этади. Ҳурматли ота-оналар бундай муҳим дамда, фарзандингиз билан тил топишиш учун сабр-тоқат килишингизга тўғри келади.

Дўстона муносабатлар

Авваламбор, дўстона муносабатларни ўрнатиб, кўпроқ мулоқотда бўлиш ниҳоятда муҳим. Аммо ҳаммасини вақтингиз йўқлигига йўйишингиз билан вазиятни чигаллаштиришингиз мумкин, холос. Шунинг учун ўз болажонингиз учун вақт ажратиб, кўпроқ оилавий йиғилишлар уюштиринг. Эрталаб мактабга кузатаётганда, биргаликда нонушта қила туриб, унинг ҳаётига қизиқишингизни билдиришингиз мумкин. Унинг машғулотлари, қизиқишлари, таниш-билишлари, низолари ҳақида сўраб-суриштиришингиз айни муддаодир. Сиз доимо ҳаммасидан хабардор бўлиб туришингиз керак. Ахир, биз таниш-билишларимизнинг ҳаёти ёки юлдузларнинг муаммолари билан анча маълумотга эга бўламиз, наҳотки, ўз фарзандимиз дарс жадвалию кўнгил кечинмалари ҳақида бир оғиз қизиқмасак. Агарда фарзандингиз сиз учун дунёдаги энг қадрли инсон бўлса, севимли сериалингиздан баъзида воз кечиб, у билан бир пиёла чой устида суҳбат учун ҳеч бўлмаса ярим соат вақт ажратасиз.

Ўсмир муаммоси «шунчаки» эмас

Ўсмирни баъзида тушуниш қийин, аммо ота-оналар ҳамиша ўзларини унинг ўрнига қўйиб, нимадан безовталанаётганини аниқлашлари лозим. Ахир унинг ҳам ўзига яраша муаммолари бўлади. Бу муаммоларга «шунчаки» деб қараш асло мумкин эмас. Биздек катталарга улар оддий бўлиб кўринса-да, ўсмирларга анча мушукдек туюлади. Эҳтимол, фарзандингиз энг яқин дўсти билан аразлашган ёки мактабида кимнидир қаттиқ севиб қолгандир. Ўсмирлар, ҳаёт улар учун осон эмаслигини ота-оналари билишлари ва танқид қилмасликлари, дакки бермасликлари, шунингдек, кўчадан уйга келганда дарров сўроққа тутмасликларини исташади. Аммо бу билан ҳеч нимани сўраманг, демаймиз. Бор-йўғи чеҳрангиздаги табассум билан очиқ суҳбатга чорласангиз бўлгани. Фарзандингизга жавоби «ҳа» ёки «йўқ» сўзларидан иборат бўладиган саволлар берманг. Бундай саволлар суҳбатни тезда ниҳоясига етказиб қўяди.

Ҳаммасини биргаликда

Фарзандингиз телевизорда нималар томоша қилаётгани ва компьютерда қандай ўйинлар билан машғуллигини назорат қилинг. Шунингдек, улар бу замонавий техникалар рўпарасида узоқ қолиб кетишмасин. Шу боис, кўпроқ жонли ўйинлар ўйнаб, кино ва теарларга биргаликда йўл олинг. Агар бирор-бир чет тилини ўрганишга кўмаклашсангиз, фарзандингиз ва ўзингиз учун катта туҳфа тақдим этган бўласиз.

Ижодий қизиқишлар

Фарзандингизнинг ижод йўлидаги турли тажрибаларига эътибор ва қизиқиш билан ёндашинг. Сўзлар етмагани боис, тасвирлар ёрдамида ҳис-туйғуларини ифодалаш осонроқ кечади. «Ижодий терапия», психологик инқироз даврида бола учун самарали чоралардан бири саналади.

Намуна бўлинг

Ўсмир фарзандининг тарбияси билан жиддий шуғулланаёган ота- оналар «ичма», «чекма» деб туриб, ўзлари бундай зарарли одатлардан воз кечишмаса, кутилган натижага эришиш амримаҳол. Гапирилган гап, панд-насиҳатлар хатти-ҳаракатларингизга мос бўлсин. Фарзандингизга, аввал ўзингиз намуна бўлишингиз керак.

Сабр-тоқат, меҳр-муҳаббат, ўзаро ҳурмат, дўстона муносабатлар ўсмирнинг келажагини порлоқ этади. Албатта, фарзандингиз ва тақдирингиз ўз қўлингизда. Шуни ҳам унутмангки, ўсмир фарзандингизнинг тарбиясини, аввал ўзингиздан бошлашингиз лозим.

Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар