АсосийSport

​ЎФФ РАҲБАРИ УМИД АҲМАДЖОНОВ ФИФА ПРЕЗИДЕНТИ БИЛАН УЧРАШДИ

'​ЎФФ РАҲБАРИ УМИД АҲМАДЖОНОВ ФИФА ПРЕЗИДЕНТИ БИЛАН УЧРАШДИ'ning rasmi

Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти Умид Аҳмаджонов ва Ўзбекистон Футбол Федерацияси Ижроия Қўмитаси аъзоси Бобур Шодиев бугун Швейцариянинг Цюрих шаҳрида ФИФА президенти Жанни Инфантино билан учрашди.

ФИФА қароргоҳида бўлиб ўтган музокаралар якунига кўра, ЎФФ Президенти Умид Аҳмаджоновнинг таклифи билан ФИФА президенти Жанни Инфантино Ўзбекистонга ташриф буюришга ваъда берди.

Умид Аҳмаджоновнинг ташрифдан кўзлаган асосий мақсади ФИФА таснифидаги халқаро тадбир ва мусобақаларни Ўзбекистонга олиб келиш бўлиб, ЎФФ Президенти Жанни Инфантино билан ўзаро суҳбат чоғида ўсмирлар ҳамда ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати, 17 ва 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатини Ўзбекистонда ўтказиш масаласини қизғин муҳокама қилди.

ЎФФ Президенти ФИФА президенти билан суҳбат асносида Ўзбекистон бугунги кунга келиб, ФИФА Конгресси, шунингдек, ФИФАнинг ихтисослашган форумларидан бирига мезбонлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилди.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон делегацияси футбол тарғиботини кучайтириш мақсадида ФИФАдан дунё футболининг ёрқин афсоналари ва бугуни кун юлдузларини Ўзбекистондаги ёш футболчиларга мастер-класс ўтаб бериши, шунингдек, жаҳон футболида топ-мураббийларни Ўзбекистонда назарий ва амалий машғулотлар ўтказиб бериши учун таклиф қилишда ФИФАнинг амалий ёрдам беришини сўради. Бундан ташқари, Европанинг кўзга кўринган футбол клублари ва Ўзбекистон клублари ўртасида ҳамкорликдаги ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш ва мутахассисларни жалб қилган қолда, ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш бўйича икки томонлама келишувга эришилди.

Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги ЎФФ делегацияси Швейцариядан Тошкентга шу ҳафта охирида қайтиб келади, дея хабар қилади ЎФФ матбуот хизмати.

    Бошқа янгиликлар