1

Тошкентда ШҲТ ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлиси ниҳоясига етди

ЖАМИЯТ 30.11.2013, 10:04
Тошкентда ШҲТ ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлиси ниҳоясига етди
Тошкент шаҳрида 29 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг ўн иккинчи мажлиси бўлиб ўтди.
 
Мажлис Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон Республикаси Бош вазири Серик Аҳметов, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кэцян, Қирғизистон Республикаси Бош вазири Жонтўра Сотиболдиев, Россия Федерацияси ҳукумати Раиси Дмитрий Медведев ва Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзоданинг тор доирадаги учрашуви билан бошланди. Музокарада ШҲТ Бош котиби Дмитрий Мезенцев ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Чжан Синьфэн ҳам иштирок этди.
 
Ўзаро ишонч ва ишчанлик руҳида ўтган мулоқот чоғида ШҲТ фаолияти изчил ривожланиб бораётгани, аъзо давлатлар ўртасида 2007 йилда имзоланган Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома бунда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди, дея хабар беради ЎзА.
 
ШҲТ қисқа муддатда жадал ривожланиб, нуфузли  халқаро ташкилотга айланди. Унинг халқаро майдондаги мавқеи йил сайин ортиб, ташкилотга аъзо бўлиш истагини билдирган давлатлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.
 
ШҲТнинг асосий мақсад ва вазифалари аъзо мамлакатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, ишонч ва дўстликни мустаҳкамлаш, минтақавий тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, иқтисодиёт, фан-техника, таълим, маданият, энергетика, транспорт, экология каби соҳаларда самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришдан иборат.
 
Ўтган йиллар мобайнида ШҲТ ҳудудида замонавий хавф-хатар ва таҳдидларга қарши курашиш соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ШҲТга аъзо давлатлар ва, умуман, бутун минтақани барқарор иқтисодий ривожлантиришни таъминлаш, ижтимоий-маданий соҳада ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим шартномавий-ҳуқуқий асос яратилди.
 
Ҳукумат раҳбарлари кенгаши иштирокчилари ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг сўнгги мажлисида ҳукуматлар олдига қўйилган вазифалар – аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий-маданий, гуманитар ҳамда транспорт соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришга доир кенг кўламдаги масалаларни кўриб чиқдилар.
 
Ҳукумат раҳбарлари ШҲТга аъзо давлатларнинг кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастури ҳамда 2012-2016 йилларда ШҲТ доирасида лойиҳавий фаолиятни янада ривожлантириш тадбирлари режасининг ижросини кўриб чиқдилар. Таъкидлаш жоизки, ташқи иқтисодий ва ташқи савдо маҳкамалари раҳбарларининг жорий йил 23 октябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган кенгашида иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида мазкур дастур ва тадбирлар режасини бажариш бўйича келишиб олинган эди.
 
Кенгашнинг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши бошқаруви ва ШҲТ Банклараро бирлашмаси кенгаши раислари, кузатувчи давлатлар вакиллари – Афғонистон Ислом Республикаси иккинчи вице-президенти М.Халилий, Ҳиндистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари С.Сингх, Эрон Ислом Республикаси саноат, конлар ва савдо вазири М.Неъматзода, Мўғулистон Бош вазирининг ўринбосари Д.Тэрбишдагва, Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг миллий хавфсизлик ва ташқи ишлар бўйича маслаҳатчиси С.Азиз, шунингдек, ҳамкор халқаро ташкилотлар вакиллари – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари – БМТ ЭСКАТО ижрочи котиби Н.Хейзер, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – ижрочи котиби С.Лебедев, АСЕАН Бош котиби ўринбосари Н.Линь қатнашди.
 
Мажлис иштирокчилари ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши ва Банклараро бирлашмаси фаолиятига оид ахборотларни тинглаб, уларнинг фаолиятини  ижобий баҳоладилар. Ушбу тузилмаларга Ташкилот доирасида ШҲТ ҳудудида барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш борасида, хусусан, макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиётнинг  юқори технологик тармоқларини жадал ривожлантириш, саноат инфратузилмаларини модернизациялаш, сармоявий лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш, ШҲТга аъзо давлатларнинг ишбилармон доиралари ва молиявий тузилмалари ўртасида бевосита алоқаларни ўрнатиш орқали амалий кўмак беришга йўналтирилган лойиҳавий фаолиятни ривожлантириш бўйича ўзаро алоқаларни фаоллаштиришни тавсия этдилар.
 
Аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш, бандликни таъминлаш, айниқса, ёшлар ўртасида бандликни ошириш масалаларини ҳал этиш муҳимлиги, бунда меҳнат, бандлик ва ижтимоий соҳалардаги чора-тадбирларни мувозанатлашган иқтисодий ва молиявий сиёсат билан уйғунликда олиб бориш лозимлиги қайд этилди. 
 
Ҳукумат раҳбарлари ШҲТга аъзо давлатлар жаҳон иқтисодиёти барқарор ўсиш суръатларига эришишидан манфаатдор эканлигини таъкидладилар.
 
ШҲТга аъзо давлатлар ўз мамлакатлари ижтимоий-иқтисодий ҳаётини янада ривожлантириш, иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва юқорида қайд этилган масалаларни ҳал этиш бўйича ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш орқали ушбу мақсадларга эришишга ўз ҳиссасини қўшаётир.
 
Ҳукумат раҳбарлари ШҲТга аъзо давлатлар ишбилармон доираларининг юқори технологияли ва инновацион қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, иқтисодиётнинг инфратузилма, машинасозлик, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, туризм каби муҳим тармоқларида лойиҳаларни амалга ошириш, кўргазма-ярмарка фаолияти ва мультимодал транспорт-логистика комплексларини ривожлантиришга қаратилган амалий ташаббусларини маъқуллади.
 
Ҳукумат раҳбарлари ШҲТга аъзо барча давлатларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, минтақавий савдо-иқтисодий ва инвестиция ҳамкорлигини чуқурлаштириш, жаҳон иқтисодиётида минтақанинг аҳамиятини оширишга қаратилган мулоқотни кучайтириш ва молия-банк ҳамкорлигини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг ушбу мажлисида ШҲТ Тараққиёт банки ва ШҲТ Тараққиёт жамғармасини ташкил этиш борасидаги ишларни давом эттириш юзасидан қабул қилинган қарор муҳим аҳамиятга эга.

Мажлисда транспорт ва халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш соҳасида кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш устувор аҳамият касб этиши тасдиқланди. ШҲТга аъзо давлатларнинг транспорт соҳасидаги ҳамкорлигини янада ривожлантириш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилинди. Бу минтақадаги мавжуд транзит имкониятларидан самарали фойдаланиш, транспорт инфратузилмасини жадал ривожлантириш, юк ташиш ҳажмини кўпайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳисобидан ШҲТ маконида товарлар айланиши  ва инвестиция фаоллигини ошириш имконини беради.
 
Ҳаво, автомобиль ва темир йўл қатнови, қурилиш ва мультимодал транспорт-логистика комплексларидан самарали фойдаланиш соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
 
Шу муносабат билан мажлисда ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида халқаро автомобиль ташишлар учун қулай шароит яратиш тўғрисидаги битимни тезроқ имзолаш зарурлиги ва бу автомобилда юк ташиш соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг
ишончли ҳуқуқий асоси бўлиши қайд этилди.
 
ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасидаги қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳамкорликка оид битимларни амалга ошириш бўйича кўп томонлама алоқаларни чуқурлаштириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
 
Шу жиҳатдан Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мазкур мажлиси доирасида имзоланган ШҲТга аъзо давлатлар ҳудудида юқумли касалликлар натижасида вужудга келадиган эпидемиологик вазият ҳақида ахборот алмашиш дастури  муҳим аҳамиятга эга.
 
Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданият, таълим, спорт, туризм, фан ва техника соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, мамлакатларнинг бой тарихий-маданий меросини тарғиб этиш мақсадида минтақанинг сайёҳлик салоҳиятидан янада тўлароқ фойдаланишга оид алоқаларни ривожлантириш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олинди. Бу ШҲТ ҳудудида истиқомат қилаётган халқлар ўртасида яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга, уларнинг манфаатлари йўлида маданиятлараро мулоқотни фаоллаштиришга хизмат қилади.
 
Мажлисда ШҲТ Котибиятининг Ташкилотга аъзо давлатларнинг кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлиги дастурини амалга ошириш жараёнига доир ҳисоботи маъқулланди, унинг 2014 йилги бюджети тасдиқланди. ШҲТнинг доимий фаолият юритувчи органларининг молиявий ва ташкилий фаолиятига оид қатор масалалар бўйича қарорлар қабул қилинди.
 
ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг ўн иккинчи мажлиси якунлари бўйича Қўшма коммюнике имзоланди.
 
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда мажлис самарали бўлгани, имзоланган ҳужжатлар ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
 
Ҳукумат раҳбарлари ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлиси юксак савияда ташкил қилинганини эътироф этиб, Ўзбекистон томонига самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирдилар.
 
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси 2014 йилда Қозоғистон Республикасида ўтказилади.
 
                                                                          
 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1