Туркиялик машҳур хонанда Сердар Ортач 25 сентябрга ўтар кечаси соат 00:40да Тошкетга етиб келди.
Хонандани концерт ташкилотчиси - режиссёр Саъдулла Абдуллаев бошчилигидаги гуруҳ ва ОАВ вакиллари кутиб олди.

Тошкентга яна ташриф буюрганидан мамнун эканини таъкидлаган хонанда 25-26 сентябрь кунлари икки соатлик концерт дастури билан мухлисларини ҳушнуд этиш истагида эканини билдирди. Айтиш жоиз, концерт банерида "фонограмма орқали ижро этилади", деган ёзув бор. Гап шундаки, хонанда созандалари билан ташриф буюрмагани боис қўшиқлари мусиқаси фонограмма орқали қўйилади, бироқ Сердарнинг ўзи жонли куйлайди. Маълумот ўрнида атишимиз мумкин, бугун старт оладиган концертда хонанда Сердар Ортач Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова билан дуэтини саҳнада куйлайди. Шунингдек, сўз устаси Обид Асомовни ҳам "Истиқлол" саҳнасида кўришга муваффақ бўласиз. Шунингдек, Сердарнинг бир нечта ўзбек хонандалари билан куйлаган ўзбек тилидаги "Қўшиқ" номли қўшиғидан ҳам баҳраманд бўласиз. Қисқаси, икки кунлик ажойиб концерт дастурини ўтказиб юборманг! Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА. Фотомухбир: Ислом РЎЗИЕВ