Айни дам яшаб келаётган уйимиз бундан 15 йил олдин қурилган. Икки марта кадастрни янгилаганман. Юридик шахс ҳисобланган бинолар ҳар йили амортизация қилинади. Шунга кўра мол-мулк солиғи белгиланади. Жисмоний шахслар мол-мулк солиғини тўлашда нега амортизация қилинмайди? Бу масалани ким ҳал этади?
Махмуд Турдиев, Тошкент шаҳри
- Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 277-моддасига асосан жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш солиқ тўловчининг яшаш жойидан қатъи назар, солиқ солиш объекти жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органлари томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органнинг маълумотлари асосида амалга оширилади.
Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси мол-мулкнинг 1 январга бўлган ҳолатига кўра инвентаризация қийматидан ва белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 29 декабрдаги 478-сонли қарори билан тасдиқланган «Жисмоний шахсларнинг мулки бўлган бинолар ва иншоотларни баҳолаш, қайта баҳолаш тўғрисидаги Низом» жисмоний шахсларнинг мол-мулкини солиқ солиш мақсадида баҳолаш ва қайта баҳолаш тартибини белгилайди.
Мазкур низомнинг 2-бандида жисмоний шахсларнинг мулки бўлган мол-мулкнинг қайта рўйхатдан ўтказишдан кейинги қийматини аниқлаш ишларини «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Низомнинг 11-бандида уй-жойлар ва бошқа иморатларнинг жисмоний эскиришини аниқлаш иморатни кўздан кечириш натижаларига кўра, конструктив элементларнинг жисмоний эскиришини аниқлаш усули билан амалга оширилади. Конструктив элементлар бўйича жисмоний эскириш фоизини аниқлашда баҳолаш пайтида уларнинг техник ҳолатини текшириш асосида ушбу элементларнинг эскириш фоизи белгиланади.
Турар-жой биноларининг жисмоний эскирганлиги «Турар-жойларнинг жисмоний эскирганлигини баҳолаш усули (ВСН53-86)»га кўра аниқланади.
Фойдаланишга топширилган санаси ва хизмат қилиш норматив муддати маълум иморатлар ва иншоотларнинг (уй-жойлардан ташқари) жисмоний эскирганлиги жадвалга мувофиқ хизмат қилиш муддатларига кўра аниқланиши кўрсатиб ўтилган.
Манба: «Sug'diyona» газетаси






