Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 сентябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг топшириғига биноан мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазири Александр Ткачевни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, юқори ва олий даражадаги мунтазам учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг изчил ривожланиши ва янада мустаҳкамланишига, турли соҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалигида ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилганини чуқур мамнуният билан қайд этди.
Мамлакатларимиз ўртасида мавжуд бўлган "яшил йўлак" доирасида Россия бозорига етказиб берилаётган ҳўл ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларининг тури ва ҳажми кенгайиб бормоқда. Россия ташкилот ва компаниялари ҳар йили Ўзбекистонда ўтказилаётган Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида фаол иштирок этиб келмоқда. Шу ойнинг бошида бўлиб ўтган навбатдаги ярмарка якунида умумий қиймати 500 миллион доллардан ортиқ бўлган экспорт шартномалари имзоланди.
Агросаноат мажмуида қўшма дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. Интенсив боғдорчилик, иссиқхоналар хўжалиги, чорвачиликни ривожлантириш, селекция ва уруғчилик соҳалари шулар жумласидандир. Мамлакатларимиз илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Учрашувда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тўғридан-тўғри етказиб бериш ҳажмини ошириш учун қулай шароитлар яратиш ва замонавий савдо-логистика инфратузилмасини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Аграр соҳада кооперацияни кучайтириш ва қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, уруғлик ва ветеринария препаратлари тайёрлаш муҳимлиги қайд этилди. Малакали мутахассислар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.
Россия қишлоқ хўжалиги вазири давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Ҳукумат раиси Дмитрий Медведевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди, дея хабар беради ЎзА.
Александр Ткачев Россия мамлакатларимиз ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кенг кўламли ва ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
02.05.2024, 15:35
АҚШ Давлат департаменти томонидан эълон қилинган баёнотга кўра, Россия қўшинлари украиналик аскарларга қарши хлоропикрин заҳарли моддасидан фойдаланган. Бу ҳақда СNN хабар берди. Вашингтоннинг фикрича, Москва кимёвий қуроллардан...21.04.2024, 17:45
Келгуси ҳафтада Россия Эронга 24 та Су-35 қирувчи самолётини топширади. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” нашри маълум қилганди. Эроннинг бир қатор ОАВларининг хабар беришича, Россия...19.04.2024, 18:05
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи доирасидаги тадбирлар якунига етди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. Куни кеча Ўзбекистон раҳбари Президент Эмомали Раҳмон...19.04.2024, 14:58
Душанбега давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 апрель куни Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзодани қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати...