АсосийJamiyat

​МАШҲУРЛАРНИНГ УСТОЗЛАРИ ҲАҚИДАГИ МУЛОҲАЗАЛАРИ

'​МАШҲУРЛАРНИНГ УСТОЗЛАРИ ҲАҚИДАГИ МУЛОҲАЗАЛАРИ'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти элимиз ардоқлаган санъактор, спорт мураббийи ва рассомлар билан ҳамкорликда уларнинг катта хаёт остонасига кириб келишида жонбозлик кўрсатган, маънавий-маърифий жиҳатдан етук инсон бўлишларида асосий кўмак берган меҳрибон устозларии ҳақидаги фикр мулоҳазаларини тақдим этди.

Отабек Муҳаммазоҳид, хонанда:

– Санъатда улуғворлик мужассам. Ундан қалбимизга яқин нимадир топамиз. Бу илиқликни етказа олиш эса санъаткордан маҳоратни ва энг муҳими иқтидорни талаб этади. Айнан ўша санъат оламига бўлган мухаббатим оиладан бошланган. Касбимиз борасидаги биринчи устозим онам ҳисобланади. Болалигимдан ҳар бир ишни бажаришимда онамларнинг маслаҳатлари билан иш кўрганман. Ёшлик қилиб хато қилмасин деб, волидам санъаткор бўлиб шаклланишимда асосий пойдевор вазифасини ўтаганлар. Хавас билан турли йўналишдаги тароналарни куйлашни режалаштирсам, улар ёшимга мос бўлган қўшиқларни, ушбу қўшиқни саҳнада ижро қилаётганимда кийишим лозим бўлган кастюм шимларгача танлаб берарди. Айниқса, болалигимдан мутоала қиладиган китобларимгача белгилаб қўярдилар, уларнинг наздида мен учун ортиқча ҳисобланган барча нарсаларни қаттиққўллик билан таъқиқлардилар. Мана онамнинг саъй- харакатлари, самарали меҳнатлари билан устоз даражасидаги эл суйган санъаткор бўлдим. 1991- 1994 йилларда Фарғона давлат унверситетида ўқиб юрган кезларимда, кучли тажриба соҳиби, истеъдодли хофиз Таваккал Қодировдан қўшиқчилик санъатидан таҳсил олдим. Биласизми, устозимнинг ҳар бир хатти харакати нафақат билимли хонанда,балки яхши фазилатларга эга инсон сифатида шаклланишимга катта туртки берди. Талабалар ўзларига маъқул кўрган таронани қўшимча хонишлар билан тайёрлаб келсак, ижро этиб бўлганимиздан сўнг, уста бизни баланд овозда танбеҳ бериб танқид қилмасдилар. Аксинча, шогирдларига мулойимлик билан нолаларинг таронага мос келяптими, чуқур ўйлаб кўргин деб маслаҳат берарди.

Мунаввара Абдуллаева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи:

– Шогирдларимдан бири Дилноза Кубаевани ўзига хос жиҳатларга эга бўлган актриса ва яхши фазилатларга йўғирилган инсон сифатида хурмат қиламан. Дилнозани талабалик давридан бошлаб актёрлик соҳасини мукаммал эгаллашга бўлган интилишни сезганман. Кўплаб ўқувчиларимиз турли пъесалардан адабий парчалар тақсимланган дарс жараёнларида ҳамма ўқувчи биргина қиёфани гавдалантирмоқчи бўлса, Дилноза бир нечта ролларнинг адабий парчаларини ўзи сўраб оларди. Танлаган персонажлари устида жуда кўп маротаба машқ қиларди,ўзига нисбатан жуда талабчан шахс сифатида ҳам талабаларим орасида ажралиб турарди. Бугунги кунда Дилноза машҳур актриса,аммо ҳали ҳамон ҳар бир роли устида изланиш олиб боради, репетицияларга ўз вақтига келади. Театрни кинодан юқори поғонага қўймайди, роллари борасидаги камчиликлари устида тинимсиз шуғулланади, маҳоратини ошириш учун турли образларда чархланишга харакат қилади. Ҳар бир ишини олдиндан режалаштиради.Айни вақтгача Дилноза Кубаева саҳнада ўзини эркин тутади,қандай даржадаги рол берилишидан қатъий назар бажонидил,ушбу ролни талқин қилишга интилади.

Равшан Эрматов ФИФА ҳаками, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт мураббийи, Эл-юрт хурмати ордени соҳиби:

– Ҳар бир инсон унга илк бора қалам тутқазган муаллимини бир умр ёдида сақлаб қолса керак. Болалик чоғларимнинг энг гуллаган даврларида менга хаёт мактабини ўргатган,оламни англашда кўмаклашган устозимни чуқур эҳтиром билан хотирлайман. Тошкент шаҳрида жойлашган 115-мактабда бир неча йиллар давомида ўқувчиларга бор маҳоратини кўрсатиб, қалб қўрини, кўз нурини бахш этиб билим бераётган Флора Ромазанова менинг илк ўқитувчимдир. Ўғил бола бўлишимга қарамасдан аълочи ўқувчилар сафида туришга интилардим. Боиси, биз одамларни илк хаёт остонасида турган онларимизда ташқи дунё билан таништирувчи, ўртадаги кўприк бўлувчи шахс устозларимиздир. Муаллимларимиз бизга имкон қадар билим олгин дея ундашади ваҳоланки, “Кўп китоблар ўқиш, инсонни нафақат зиёли одам бўлиб шаклланишида комиллик сари етаклайди, ҳамда ҳақиқий инсон бўлиб улғайишида катта кўприк вазифасини ўтайди деб ҳисоблайман”.Мен ёшлигимдан спорт турларидан футболга бўлган иштиёқим кучли бўлгани учун етти ёшимдан бошлаб, маънавий жиҳатдан турли қийинчиликларга қарамасдан оддий ва спорт мактабида ўқишимга тўғри келган. Балки, мен болалик қилиб спорт мактабини тарк этишим ҳам мумкин эди, аммо мураббийим Темур Олимходжаевнинг кўрсатган меҳрлари, ўз фарзандларидек кўриб, болаларча қилган меҳнатларимни ардоқлагани туфайли спорт мактабига қаттиқ боғланиб қолдим.Айни вақтда шундай натижаларга эришишимда устозимнинг ўрни беқиёсдир.Хаётда ҳамиша кимдандир яхши амалларни ўргансам, айнан ўша инсон мен учун устоз ҳисобланади.

Дилноза Кубаева актриса, “Шуҳрат” медали соҳибаси:

– Нафис санъат лицейини тамомлаганимдан сўнг ҳеч иккиланмай саъат олийгоҳига хужжатларимни топширдим. Талаба бўлдим. Энг асосийси инсон қайси касбни танламасин,унга шу касбини моҳир эгаси бўлишида ёрдам берувчи устози муҳим ўрин тутади. Буни қарангки, олийгоҳда Мунаввара Абдуллаева каби меҳрибон, жонкуяр меҳнаткаш талабаларни қадрлайдиган мураббийга рўбарў бўлдим. Ўқиш кунининг биринчи сониялариданоқ устозимнинг этагидан маҳкам тутдим. Ҳали ҳамон улар билан ҳар бир ишимни маслаҳатлашаман. Биласизми, устозларни деярли бир-биридан фарқи бўлмайди. Ҳар бир муаллим шогирдларини келажакда ойдин кунлар кўришини истайди. Мунавваропа олийгоҳда устозлик қилиш билан бир қаторда, худди онам каби йўл-йўриқ кўрсатарди. Баъзида, иш юзасидан қўнғироқ қилганимда соатлаб, рол хусусида камчиликлар устида ишлардик. Ёрдам сўраганимда ҳеч қачон йўқ демайдилар. Устозимдан камчиликларни танқид қилиш масаласида ўрнак олсак арзийди. У киши ҳар бир танбеҳларини чиройли сўзлар билан, инсонни дилига озор бермайдиган қилиб изоҳлайдилар. Хамза номидаги Ўзбек миллий драма театрида ҳам устозларим сони жуда кўп. Деярли мендан ёши катта барча опава акаларимни ўзим учун мураббий деб ҳисоблайман.

Алишер Алиқулов рассом, “Шуҳрат” медали соҳиби:

– Устоз деганда кўз олдимда улуғ бир сиймо гавдаланади. Мактабнинг илк кунларидан бошлаб менга китоб ўқишни, яхшини ёмондан ажратишни, маъсулиятли инсон бўлишни ўргатган муаллимимизларимиз ҳамиша омон бўлсин. Хаётда бирор бир ишни мустаҳкам эгаллагунимизга қадар бизга ҳар хил йўналишларда сабоқ берган одамлар устоз ҳисобланади ўйлайман. Болалигимдан тасвирий санъат соҳасига боғланиб қолдим. Энг севимли машғулотим расм чизиш бўлган. Айниқса, тарихий образдаги расмларни ўхшатиб чизишга интилардим. Ўз устимда соатлаб машқ қилардим.Аммо, келажакда албатта рассом бўламан деб ўйламасдим, гуманитар фанларга бўлган қизиқишим бўлганлиги туфайли шифокор бўлсам керак деб ўйлардим. Биласизми, 15-16 ёш бўлган даврларимда борган сари мой бўёққа бўлган ихлосим ортиб борди ва Бенков номидаги Республика рассомчилик коллежида ўқишга киришга қарор қилдим. Ушбу масканда устозим Владимир Петров санъат оламининг мен учун очилмаган қирраларини англашга, ўз касбим билан чин юракдан ишлашимга мухаббат уйғотди. Ўқитувчим тасвирий санъатда расм чизиш жараёнида қўлланиладиган барча усулларни бирма-бир мулойимлик билан ўргатарди. Аммо,мен нафақат олийгоҳда балки хаёлий мураббийларимдан ҳам касбим учун керак бўладиган кўп жиҳатларни ўзимга сингдирдим. Масалан жаҳонга машҳур рассомлар Испаниялик мусаввир Салвадор Дали ва Ян Матеканинг ижодларини чуқур эгаллашга харакат қилдим. Ян Матеканинг тарихий мавзудаги ижодий асарлари чизилган махсус китобни йиллар давомида ўрганиб чиқдим ва яратган асарларимда унинг йўналишидан боришга харакат қилдим. Йиллар ўтиб 2007 йили Польша давлатининг Прага шаҳрида ижодий сафар билан ташриф буюрдим ва Ян Матеканинг оригнал асарларини кўришга муваффақ бўлдим.

Дилдора Бекжонова, журналист:

– Болалик чоғларимдан оиламизда санъат муҳити шакллангандиги боис, ота-онам мени актриса бўлади деб ўйлашган. Аммо вақт ўтган сари журналистика соҳасига бўлган иштиёқим ортиб борди. Албатта буни ўзига яраша сабаблари бор. Ота-онам билан биргаликда Муқимий номидаги мусиқали драма театрида бирга фаолият юритаётган устозлари Насриддин Рустамовнинг оилалари билан жуда аҳил эдик. Насриддин амакининг қизлари тажрибали сухандон Дилдора Рустамовани ўз опамдек кўраман. Баъзан, уйга келиб соатлаб ойна олдида, улар каби сўзлашни,камера олдида журналист ўзини қандай тутиш кераклигини машқ қилиб ўтирардим. Кейинчалик, журналист бўлишга бир қарорга келганимдан сўнг, Дилдора Рустамова ҳақиқий устозимга айланди. Ҳар куни устозимдан мен учун озгина вақт ажратишларини, касбимизнинг ўзига хос сирларини ўргатишини сўрардим. Дилдора опам ҳам вақтлари тиғиз бўлишига қарамасдан бор билимларини берарди. Айни вақтда хорижий ва миллий киноларимизни дубляж қилиш жараёнларида ҳам соатлаб, Дилдора опамни кузатиб бораман, керакли нарсаларни ўрганаман. Мана кун келиб ўзим ҳам дубляж соҳасида иш олиб боришимга тўғри келди, бу борада устозимдан олган сабоқларим қўл келди. Биз аёллар ҳамиша оқила ва сабрли, мулойим, пазанда, меҳрибон бўлишимиз лозим. Бу каби жиҳатларни ҳам онам билан бир қаторда устозимдан ўрнак оламан.Инсон нимани ният ва мақсад қилса, харакатига қараб амалга ошар экан. Телерадиокомпания олдидан ўтиб кетаётган вақтимда, келажакда албатта шу ерда ишлайман деб дугоналаримга ҳазил қилардим. Мана кун келиб ушбу масканда фаолият юритяпман.

Бошқа янгиликлар