1

​“СОХТА ТАДБИРКОР”ЛАР ТАДБИРИ    

МУТОЛАА 05.10.2017, 11:06
​“СОХТА ТАДБИРКОР”ЛАР ТАДБИРИ    

“СОХТА ТАДБИРКОР”ЛАР ТАДБИРИ

Мамлакатимизда маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар учун барча шароит ва имкониятлар яратилиб, хусусий сектор вакиллари қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Уларнинг ҳуқуқлари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг эркин фаолият юритишларига қаратилган қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари билан мустаҳкамланиб келинди.

Албатта, бу шароитлардан унумли фойдаланиб ўзининг бизнесини йўлга қўйиш орқали халқ хўжалининг турли тармоқлари учун турфа хил маҳсулотлар ишлаб чиқараётган юртдошларимиз кўплаб топилади. Улар мамлакат саноатини юксалтиришга кўмак бериш билан бирга, республикамиз иқтисоёти ривожига ўзининг муносиб улушини қўшиб келмоқда.

Бироқ ушбу соҳада фаолият кўрсатиб келаётган айрим кимсалар берилган имконият ва кўрсатилган ишончни суистеъмол қилиб, даромад топиш мақсадида ноқонуний хатти-ҳаракатларга қўл ураётгани ачинарли. Биз тўхталмоқчи бўлган жиноий гуруҳ аъзолари пойтахтимизнинг Яккасарой туманида хуфёна фаолият олиб борган “сохта тадбиркорлар”.

Янгибоев Ўктам Нўъмонович, 1990 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган. Миллати ўзбек. Ўзбекистон Республикаси фуқароси. Маълумоти – ўрта махсус. Уйланмаган. Муқаддам судланмаган. Қашқадарё вилояти, Шахрисабз тумани, Қушхона МФЙ, Бойбеков кўчаси, 27-уйда доимий рўйхатдан ўтган. Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани Ҳилолий 3-тор кўчаси, 486-уйда вақтинча истиқомат қилади.

Аҳадов Фируз Эркин ўғли – 1991 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган. Миллати ўзбек. Ўзбекистон Республикаси фуқароси. Маълумоти – ўрта-махсус. Уйланмаган. Муқаддам судланмаган. Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз тумани, Хисор МФЙ, Ипак йўли кўчаси, 115-уйда доимий рўйхатдан ўтган. Ҳозирда Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Ҳилолий 3-тор кўчаси, 486-уйда вақтинча истиқомат қилади.

Бу икки оғайни мўмай даромад орттириб тез бойиб кетиш илинжида қинғир йўл билан иш бошлайди. Аслида Фируз Аҳадов ва Ўктам Янгибоев 2016 йилдан бошлаб “Ўрикзор” савдо мажмуасида аравада юк ташиш билан шуғулланиб келган. Бу икки “шоввоз” пойтахтимизнинг Яккасарой тумани, Ҳилолий 3-тор кўчаси, 486-уйда ижарада бирга яшайди ва ўзларининг қинғир ишларини пухта режалаштиради. Улар хуфёна ишларни ўзлари яшаб турган ушбу хонадонда амалга оширишга қарор қилиб, бу манзилда “Роллтон” бульони, туз, “Ангел” номли дрожжа қадоқлашга мўлжалланган ускуна ўрнатишади ва яширин цех фаолиятини йўлга қўйишади. Уларнинг хонадонга кириб чиқишлари, тайёрланган маҳсулотларни сотиш бўйича қилаётган хатти-ҳаракатлари атрофдагиларда тобора шубҳа уйғота бошлади.

Энг ачинарлиси, хонадонда ишлаб чиқарилаётган истеъмол молларини тайёрлаш жараёни, маҳсулот сифати ҳеч қандай талабларга жавоб бермайди. Бундай жойда энг аввало тозалик ва покизалик биринчи ўринда туриши лозим. Бу икки қўштирноқ ичидаги тадбиркорларнинг ишида эса бунинг тамомила аксини кўрасиз. Чиқиндилар вақтида олиб кетилмагани боис атроф ахлатхонага айланиб улгурган. Улардан тарқалаётган ёқимсиз ҳид эса ён-атрофда яшаётганларга ҳам халал бера бошлади.

Бундан хабар топган ҳуқуқ-тартибот идоралари ва давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан текширув ўтказилади. Яширин цехдаги ноқонуний фаолият тегишли тартибда расмийлаштирилиб, маҳсулотлар олиб қўйилади. Албатта бу “ўзим хон, кўланкам майдон” қабилида иш юритаётган Янгибоев ва Аҳадовни ташвишга солиб қўйди. Улар ўзларининг хуфёна ишларини яшириш мақсадида текширувчи Солиҳовга текширув ҳужжатларини расмийлаштирмаслик, олинган товар-моддий бойликларни қайтариш учун 400 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни пора сифатида таклиф қилишади.

Давлат рўйхатидан ўтмаган, ишлаб чиқараётган маҳсулотлари санитария талабларига умуман жавоб бермайдиган, инсон саломатлиги учун зарарли эканлиги аниқланган сохта тадбиркорларнинг хатти-ҳаракатларини виждонан ўйлаб кўрган Солиҳов ушбу ҳолат юзасидан қонуний чора кўрилишини сўраб Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Яккасарой туман бўлимига ариза билан мурожаат қилади. Солиҳов томонидан Аҳадов ва Янгибоевнинг пора бериш ҳақидаги сўзлари ёзилган аудиоёзув ҳам тақдим этилади. Шундан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан махсус операция амалга оширилади.

Аҳадов 400 АҚШ долларини Яккасарой тумани ҳудудида Давлат солиқ инспекцияси ходими Солиҳовга пора тариқасида бераётган вақтда тезкор ходимлар томонидан қўлга олинади.

Яккасарой туман прокурорининг катта ёрдамчиси Шерзод Зуфаровнинг айтишича, Ўктам Янгибоев ва Фируз Аҳадовларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан айб эълон қилиниб, иш судга юборилган.

Чиқиндилар билан қоришиб кетган бу яширин цехни кўздан кечириш жараёнида эндигина 17 ёшга кирган цехнинг ёлланма ишчиларидан бирини учратдик. Тиббий кўрикдан ўтиш нималигини тушунмайдиган бу йигитдан санитария-гигиена талаблари ва тартиблар ҳақида сўрашнинг ҳам ҳожати қолмади. Қадоқлаш билан шуғулланган бу йигитча қорин тўйғазиш илинжида инсонлар соғлиғига зарар етказувчи маҳсулот тайёрлаётганини парвойига ҳам келтирмаган.

Бошқалар бахтига, соғлиғига зомин бўлиш орқали баҳтиёр яшаш мумкин эмас. Ўз манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйган Ў.Янгибоев ва Ф.Аҳадов бу хуфёна ишлари афсуски атрофдагиларнинг ҳаётига хавф солаётганлигини заррача ҳам ўйлаб кўришмади. Энди улар қонун олдида жавоб берадилар.

Жиноят ишлари бщйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман судининг ҳукмига кўра, Янгибоев Ўктам Нўъманович ва Аҳадов Фируз Эркин ўғли Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-модда 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва ушбу моддага асосан уларга 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланди. Жазони маҳкумларнинг яшаш манзилида соат 21.00 дан 7.00 га қадар ўташ белгиланди. Маҳкумларга яшаш жойини ҳукмни ижро этувчи органларнинг рухсатисиз ўзгартирмаслик, оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик каби қўшимча таъқиқлар юклатилди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 481 моддаси 5-6-қисми талаблари тушунтирилди.

“Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади”. Фаолияти давомида жарақ-жарақ пуллар кўзига кўриниб мўмай даромад орттиришни ният қилган жиноий гуруҳ аъзолари бу сўзларнинг маъносини энди англаб етаётган бўлса ажаб эмас.

Сирожиддин Воҳидов

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1