"Даракчи" газетасининг "Кино" лойиҳаси қаҳрамонлари болаликдан санъат соҳасида таҳсил олиб, суратга олиш майдончаларида тажриба орттиришмаган. Улар шунчаки керакли вақтда керакли жойда бўлишган, холос...
Мэрилин Монро ҳарбий заводда оддий ходим бўлиб ишлаган. Унинг ишчи сифатидаги сурати журналда чоп этилади. Айнан ушбу расм санъат вакилларининг эътиборини тортади ва самолёт қурилмалари билан ишловчи ишчининг бутун дунёга танилишига сабаб бўлади.
Cтивен Сигал айкидо мураббийси бўлган. Шогирдларидан бири санъат вакилларидан эди. Кунларнинг бирида ўзини суратга олиш майдончасида синаб кўришни таклиф этади. Натижага эса изоҳ шарт эмас.
Ўн бир ёшли Натали Портман рақс дарсидан сўнг пиццахонада ўтирганида уни фотосессияда иштирок этишга таклиф қилишган. Шу-шу Портман санъат оламида.
Брюс Уиллис дудуқлангани боис доим унинг жиғига тегишган. Шунда болакай “Ё омадсиз бўлиб қоламан ёки бунга чек қўяман”, дея ўз олдига мақсад қўяди. Ва мактабдаги театр тўгарагига аъзо бўлади.
Машина кета туриб, йўлдан адашган ҳаваскор мусиқачи Уилл Смит бир йўловчидан ёрдам сўрайди. У эса фильм ишлаб чиқарувчи энг йирик ташкилот “Warner Brothers Production”нинг вице-президенти эди.
Киностудияда эшик алмаштираётган дурадгор Харрисон Фордни америкалик кинорежиссёр пайқаб қолади.
Болалигидан “Умид юлдузлари” фестивалида қатнашиб юрган Муниса Ризаевани 2008 йил режиссёр Дурдона Тўлаганова кинога таклиф қилади. Ўшанда у илк бор режиссёр Ёдгор Носировнинг “Ҳижрон” фильмида роль ижро этган ва томошабинлар назарига тушган.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг инглиз тили филологияси йўналишини тамомлаган Ойдин Юсупова кино оламига 17 ёшида режиссёр Рустам Саъдиевнинг “Кўзларинг маъюс” фильми орқали кириб келган. Бир фотографда Ойдиннинг расмини кўриб қолган ижодкорлар, “Ролга мос келар экан”, дея фильмга таклиф қилишган. Актриса бўлиш бахти 800га яқин қизларнинг орасида айнан Ойдинга насиб этган.
Табиатан тортинчоқ бўлган Шаҳзода Матчонова омма эътиборидаги касб эгаси бўлишни ният қилмаган. Шу боис Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ўқишга кирган. Кунларнинг бирида “Ўзбекфильм” режиссёри эътиборига тушиб, фотосиновга таклиф қилинади. Ва ота-онаси ҳамроҳлигида фотосиновга боради. Бироқ ташқи кўриниши ролга мос келмагани учун қайта чақиришмайди. Орадан икки йил ўтиб, режиссёр Зебо Наврўзова архивда қолган расмлар орасидан айнан Шаҳзодага эътибор қаратади. Ва “Апрель-Май” фильми Шаҳзоданинг илк дебют фильми бўлган.
“Мен кинони эмас, аксинча кино мени танлади”, деган фикрда бўлган Фаррух Соипов аслида болаликдан “Булбулча” болалар хорига қатнаган, яккахон сифатида концертларда иштирок этган. Ўтиш даврида овоз ўзгаргани боис, куйлашни ташлаб қўйган. Режиссёр Рустам Саъдиевнинг айтишича, у Фаррухга педагог Минаввара Абдуллаевадан дарс олиши кераклигини айтади. Натижани эса уни “Келгинди куёв” фильмида кўргансиз.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади