АсосийShou-biznes

Талъат САЙФИТДИНОВ: "20 ёшгача туғилган кунимни нишонламаганман"

'Талъат САЙФИТДИНОВ: "20 ёшгача  туғилган кунимни  нишонламаганман"'ning rasmi

"Даракчи" газетасининг "Кеча ва бугун" лойиҳаси қаҳрамони устози сингари доира довруғини дунёга танитган, ўта камтарин, самимий инсон — Ўзбекистон халқ артисти Талъат САЙФИТДИНОВ. 70 ёшли юбилейини нишонлаш арафасида турган устоз санъаткор ортга назар ташлаб, қувонч ва ташвишларга бой ҳаёт йўлини ёдга олди...


"ТИРИКЧИЛИКНИНГ АЙБИ ЙЎҚ"

— 1946 йилнинг 11 октябрида Самарқанд шаҳрининг қоқ марказида — Регистон ёнидаги Қози Абдурасул маҳалласида зиёли оилада дунёга келганман. Отам Сайфитдин Турсунов 48 йил мактаб директори бўлиб ишлаганлар. Онам Лубатой Турсунова тарих ўқитувчиси эдилар. Оилада тўққиз фарзанддан учтамиз ҳаёт қолганмиз. Уч ўғил, уч қиздан сўнг туғилган опам ва акамга “Умри узоқ бўлсин”, дея Турсунпўлат ва Ўлмас, деб исм қўйишган, мен эса кенжатойман.

Онам кўп касал бўлгани боис у кишини аяш мақсадида ҳеч бир ишга қўл урдирмасдим. Отам нон ё бирор егулик олиб келишни тайинласалар, нима бўлишидан қатъи назар доирадек чалиб келардим. Қизиқишим сабаб, отам­дан доира олиб беришни сўрасам, “Оиламиздан санъаткор чиққан эмас. Бизга ўхшаб ўқитувчи бўлинг!” деган жавобни олганман. Ота-онамга “Фалон нарса олиб берасиз”, деб талаб қўйиб, инжиқлик қилган эмасмиз. Рўзғорга фойдам тегсин, деган мақсадда қовун-тарвуз ва муздан музқаймоқ тайёрлаб сотардим. Маҳалладагилар “Домла, ўғлингиз тиниб-тинчимас-да, аниқ катта одам бўлади!” дейишарди. Орадан тўрт йил ўтиб, опам уйга меҳмонга келганида отам доира олиб бермаётганини айтсам, иккита доира совға қилган. Шу боис опамни биринчи устозим, дейман.

Ёдимда, маҳалламизда биргина қўшнимизда телевизор бўларди. 1957 йилда эса отам уйга телевизор олиб келган. Шунда санъат усталарининг концерти берилганида Ўзбекистон халқ артисти Қаҳрамон Дадаевнинг доира чалишига мафтун бўлганман. Ўшанда шу инсон билан учрашишни ният қилгандим.

БАХТЛИ ТАСОДИФНИНГ БАХТЛИ ЯКУНИ

— 38-мактабда аъло баҳоларга ўқиганман. Бошланғич синфлигимда синфдошлар билан портфелимизни катта дарахтнинг устига отардик-да, чўмилишга борардик. Дарс тугаш вақтига мўлжаллаб, худди мактабдан келаётгандек уйга кириб борардим. Ўқитувчилар бу ҳақда отамга айтганидан кейин бу “ҳунар”ларимни ташлаб, яна ўқишга берилганман.

1960 йил 7-синфни тамомлаганимда отамнинг ўзи Самарқанд мусиқа билим юртига олиб борганлар. Тақдирни қаранг, шу йили “Баҳор” давлат рақс ансамбли Самарқандга гас­тролга келган. Концерт тугагач, беихтиёр саҳнага югуриб чиққанимни биламан, қўлида елпиғич тутган Мукаррама Турғунбоева “Болажоним, қаерга кетяпсиз?” дедилар. Шунда “Сизни танидим, Мукаррама Турғунбоевасиз”, десам “Тўғри! Ўзингиз ким бўласиз? Кимни излаяпсиз?” дедилар. Шунда Қаҳрамон Дадаевни бир бор кўриш истагим борлигини айтдим. Қўлимдан тутиб, гримхонага олиб кирдилар-да “Қаҳрамон, Самарқандда уканг бор экан”, дедилар. Аввалига “Тошкентлик бўлсам, Самарқандда қандай укам бўлсин?” деб турган Қаҳрамон ака мени кўргач, “Ие, худди ўзимга ўхшар экан-ку! Келинг, укажоним! Доира чаласизми?” дедилар-да, доирасини қўлимга тутқаздилар. Қочиримлар билан доира чалсам, Мукаррама опа “Қаҳрамон, худди ўзинг-ку, “Баҳор”га олиб кетамиз!” дедилар. Айни дамда мусиқа билим юртида ўқиётганим, тамомлагач, отам барибир Тошкентга кетишимга кўнмасликларини айтдим.

Шунда Мукаррама опа “Эртага соат 12.00да бизни меҳмонхонадан олиб кетишга келасиз, уйингизга меҳмонга борамиз”, деб қолдилар. Ишонқирамай, “Рост айтяпсизми?” дегандим (кулади). Уйга бориб, ота-онамга эртага Мукаррама Турғунбоева билан Қаҳрамон Дадаев­нинг уйимизга меҳмонга келишларини айтсам, “Иситманг йўқми?” деб кулишди. Бўлган воқеани айтиб берганимдан сўнг отам онамга “Ош қиласизда унда”, дедилар. Бу хабар маҳаллага шамол тезлигида тарқалган. Эртасига айтилган вақтда меҳмонхонага борсам, “Баҳор” ансамб­лидагилар автобусда ўтиришибди. “Чув тушдим, концертга кетишяпти, шекилли”, деган хаёлда Мукаррама опанинг олдига бориб қаерга кетишаётганини сўрасам, “Сизни кутиб тургандик”, дедилар. Қисқаси, 50 кишини уйга олиб келдим, паловхўрликдан кейин бир соатга яқин концерт қўйишди. Маҳалладагилар ҳатто томга чиқиб томоша қилишган.

Кетишаётганида Мукаррам опа отамга “Домла, ўғлингиз саҳнабоп, доирани яхши чалар экан. Насиб бўлса, Ўзбекистоннинг довруғини бутун дунёга таратади”, деганларида отам рад этмадилар. Бироқ “Тошкентда қариндошимиз бўлмаса, уй-жойдан қийналмайдими?” деб сўрадилар. Мукаррам опа “Хавотир олманг, ўзимиз ҳам ота, ҳам она бўламиз”, дегандилар.

"БОШПАНАСИЗ ЮРГАН КУНЛАРИМ ҲАМ БЎЛГАН"

— 1964 йил ота-онамнинг дуосини олиб, пойтахтга борганман. Ансамблда самарқандлик бир санъаткор ишларди, шу кишиникида уч кун тургандим, “Шу ерда яшашга ўрганиб қолмасин”, дейишган шекилли тўртинчи куни борсам, эшик очишмаган (кўзига ёш олди). Нима қилишни билмай, гоҳ аэропорт, гоҳ вокзалга бориб тунардим. Филармониянинг олдидаги ҳаммом ходималарига хизмат ҳаққини бериб, кийимларимни ювдириб, дазмоллатардим. Тонгги 10.00дан иш бошланарди, кечки пайт бўшардик. Ярим тунгача Тошкентни айланиб, сўнг яна одатдагидек аэропорт ё вокзалга тунашга борардим. Маълум вақт бефарзанд бир аёлнинг уйида ҳам яшаганман. Мукаррама опа “Қаерда яшаяпсан? Камчилигинг йўқми?” деб сўрасалар, “Дўстларимникида яшаяпман, хавотир олманг”, дея қийналганимни сездирмасдим. Ота-онам “Сабрнинг таги раҳмон!” деб ўргатишганди-да.

Устоз “Фалон куни уч ойга гастролга кетамиз”, десалар мендан бахтли одам бўлмасди. Чунки бошпана, егулик дегандек шарт-шароит бўларди-да. Йилнинг 7-8 ойи гас­тролларда ўтарди. Сира ёдимдан чиқмайди, Хоразмда гас­тролда юрганимизда, кутилмаганда ансамбл­дагилар совғалар бериб, “Таб­риклаймиз!” дейишса денг. Нима бўлаётганини англамай, ҳайрон бўлиб турсам, “Туғилган кунинг билан табрик­лаймиз!” дейишган. Ўша кунгача бирор марта туғилган кунни нишонлаш нималигини билмаган эканман. Соддаликни қаранг, “20 ёшга тўлганда шунақа табрикланаркан-да”, деб ўйлаганман (кулади).

1967 йилда Мукаррама опанинг саъй-ҳаракати билан Олой бозори ёнидан икки хонали квартирага эга бўлганман.

"ПЕДАГОГЛИККА ТАКЛИФ ҚИЛИШГАН"

— 1969 йил Мукаррама опага Ўзбекистон Давлат консерваториясида ўқиш ниятим борлигини айтганимда хурсанд бўлган. Тажрибаларимни назарий билимлар билан бойитганман. У ерда Хайрулла Лутфуллаев билан танишиб қолганмиз. Тавсиям билан “Баҳор” ансамблида иш бошлаган. 1964-1992 йиллар мобайнида “Баҳор” давлат рақс ансамбли таркибида дунёнинг 110 та давлатида ижодий сафарда бўлганмиз. Кейин­чалик Хайрулла билан ҳамкорликда ишлагандик.

1995 йил “Баҳор” давлат рақс ансамблидан нафақага чиқдим. Ўзбекистон Давлат Консертваторияси ва Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтида дарс беришга таклиф қилишди. Нафақага чиқсам, рафиқам билан дам олиш, қариндош-уруғга вақт ажратаман, деб аҳд қилгандим. Шу боис таклифларни рад этганман. Лекин Ўзбекистон Давлат Консерваториясида дарс берадиган шогирдларим ҳафтада икки марта маҳорат дарси учун таклиф қилиб туришади. Устоз-шогирдлик анъанаси сақланиб қолгани боис доирачилар жуда аҳилмиз.

"ОИЛА ҚУРИШИМ ҲАМ БАХТЛИ ТАСОДИФ"

— Ҳаётим бахтли тасодифларга лиммо-лим. Улардан яна бири — Мукаррама опанинг ота-онам билан маслаҳат қилиб, бошимни иккита қилгани. Кунларнинг бирида “Талъат, ўғлимдексан, жияним бор”, деб қолганлар. У кишини онамдек кўрганим боис “Сиз нима десангиз шу”, деганман. Кейин билсам, Гулзора менга кўнгил қўйган экан,

“Баҳор”да бирга ишлардик-да. 1964 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулзора билан оила қурганмиз. Куёв навкар Мукаррама опаникида йиғилиб, сўнг келиннинг уйига борганмиз, тўй ҳам уларникида бўлган. Базм тугагач, келин-куёв икки хонали уйимизга йўл олганмиз. Қайнота-қайнонамнинг ёлғиз куёви бўлганим учун ўғилдек кўришарди. Икки фарзандимизни ҳам катта қилиб беришган. Сабр ортидан икки хонали квартира беш хонага алмаштирилди. 1995 йилда ҳовли-жой қилдик. Шукр, бахтли ҳаёт кечирмоқдамиз, қизимиз Асал ва ўғлимиз Давлат — олий маълумотли шарқшунос. 6 набиранинг бува-бувисимиз. Шукр, уларнинг ҳам тўйларини кўриш насиб қиляпти.

Мукаррама Турғунбоеванинг меҳри сабаб доира устаси ва Қаҳрамон Дадаевнинг шогирди бўлиб танилдим, омадли ижодкор, бахтли оила бошлиғиман.


Биласизми?

● 1981 йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлган.

● 1992 йил Ўзбекистон халқ артисти унвони соҳиби бўлган.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади. Фотомухбир: Алишер ХОЛХЎЖАЕВ

    Бошқа янгиликлар