​ПРЕЗИДЕНТ: ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИДАГИ КЎРСАТКИЧЛАР ҚОНИҚАРЛИ ЭМАС

ЖАМИЯТ 09.10.2017, 09:52
Теглар: Иқтисодиёт, Президент
​ПРЕЗИДЕНТ: ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИДАГИ КЎРСАТКИЧЛАР ҚОНИҚАРЛИ ЭМАС

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиздаги эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари, Президентнинг давлат маслаҳатчилари, тегишли вазирлик, идора ва хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари иштирок этди, дея хабар беради ЎзА.

Бугунги кунда мамлакатимизда 14 та эркин иқтисодий зона фаолият юритмоқда. «Навоий», «Ангрен», «Жиззах», «Ургут», «Ғиждувон», «Кўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарида умумий қиймати 486 миллион долларга тенг 62 лойиҳа амалга оширилган, 4,6 мингдан ортиқ иш ўрни яратилган.

Йиғилишда бу кўрсаткичлар қониқарли эмаслиги, уни янада ошириш учун тартиб-таомилларни соддалаштириш, инвестор ва тадбиркорларни жалб этишни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Президентимиз топшириғига асосан эркин иқтисодий зоналарда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш, хориждан юқори технологик ускуналар харид қилиш учун Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағи ҳисобидан 100 миллион доллар миқдорида чет эл валютасидаги кредит линияси очилган.

Фармацевтика соҳасига ихтисослашган «Нукус-фарм», «Зомин-фарм», «Косонсой-фарм», «Сирдарё-фарм», «Бойсун-фарм», «Бўстонлиқ-фарм», «Паркент-фарм» сингари 7 янги эркин иқтисодий зонани ривожлантириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри туманлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга ташрифлари чоғида бўш турган ёки самарасиз иш юритаётган ишлаб чиқариш биноларини бориб кўрди. Улардан самарали фойдаланиш, янги корхоналар ташкил этишни рағбатлантириш мақсадида ушбу бинолар негизида кичик саноат зоналари ташкил этилди. Мамлакатимиздаги кичик саноат зоналари 96 тага етди.

Бугунги кунгача ушбу ҳудудларда умумий қиймати 535 миллиард сўмга тенг 1021 лойиҳа амалга оширилган. Янги корхоналар ишга тушиши туфайли 9,6 мингдан зиёд иш ўрни яратилган. Лойиҳалар доирасида нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам харидоргир бўлган енгил саноат, кимё, озиқ-овқат маҳсулотлари, электр техникаси буюмлари, замонавий қурилиш материаллари, мебель ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Бундан ташқари, 248 лойиҳани амалга ошириш натижасида 11 минг янги иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда.

Йиғилишда кичик саноат зоналарининг сармояларни жалб қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишдаги аҳамияти хусусида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев тегишли вазирлик, идора ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бу соҳадаги фаолиятини танқид қилиб, уларда ташаббускорлик етишмаслиги,эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш бўйича ишларни ташкил қилиш даражаси сустлигини таъкидлади.

Хусусан, масъул вазирлик ва идоралар томонидан лойиҳаларни кўриб чиқиш ва мувофиқлаштириш жараёни мураккаблигича қолиб, одатда расмий характер касб этмоқда. Эркин иқтисодий зона қатнашчиларига ер участкалари ажратиш масалаларини ҳал этишда ҳануз бюрократизм асоратлари сақланиб қолмоқда.

«Ургут», «Кўқон», «Ғиждувон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналари, шунингдек, фармацевтика йўналишидаги эркин иқтисодий ҳудудларда янги корхоналар ташкил этиш учун хорижий сармояларни жалб қилиш ишлари суст бормоқда. Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарини электр энергияси, табиий газ, сув ва бошқа коммуникация тармоқлари билан барқарор таъминлашда муаммолар кузатилмоқда.

Давлатимиз раҳбари эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналаридагимавжуд камчиликларни бартараф этиш, инвестор ва тадбиркорларга янада кенг имкониятлар яратишга оид комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берди.

Аввало, ушбу зоналар фаолиятини ривожлантиришга доир меъёрий-ҳуқуқий базани қайта кўриб чиқиш, бугунги замон талабларига мослаштириш, барча учун очиқ ва тушунарли механизм яратиш зарурлиги таъкидланди.

Ер участкалари, бўш турган биноларни ажратиш тартибини соддалаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, эркин иқтисодий зоналарда амалга ошириладиган лойиҳалар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маъмурий кенгаш томонидан кўриб чиқилади. Шу пайтгача бу кенгаш 17 та вазирлик ва идорадан иборат эди. Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ уларнинг сони 4 та этиб белгиланди.

Шунингдек, иқтисодий зоналарда жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш мезони қайта кўриб чиқилади, эркин иқтисодий зона иштирокчиларини кредитлаш шароитларини яхшилаш ҳамда муҳандислик таъминоти воситалари билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинади.

Шу жиҳатдан, йиғилиш давомида эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида жойлашган корхоналарни барча зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва инфратузилма билан ўз вақтида таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

Шарҳлар

Ўзбекистон Қуролли кучларини қуроллантириш бўйича давлат комиссияси ташкил этилди

03.02.2023, 11:00

Ўзбекистон Президенти “Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларини қуроллантириш ва мудофаа саноати соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.Ҳужжат билан Ўзбекистон Қуролли кучларини қуроллантириш бўйича...
⚡️Шавкат Мирзиёев Андижонга жўнаб кетди

01.02.2023, 09:59

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар иқтисодиёти, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида Андижон вилоятига жўнаб кетди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.Маълум қилинишича, ташриф давомида...
Президент Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти билан танишади

08.08.2022, 11:02

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов иштирокида бўлиб ўтган брифингда Шавкат Мирзиёевнинг жорий ҳафтадаги иш жадвали ҳақида маълумот берилди. Маълум қилишича, давлат раҳбарининг жорий ҳафтадаги иш жадвалида Ўзбекистоннинг иқтисодий-ижтимоий...
Ўзбекистон Президенти Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда кенг кўламли халқаро ҳамкорликка чақирди

24.06.2022, 22:11

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 24 июнь куни “БРИКС плюс” форматидаги Глобал тараққиёт масалалари бўйича юқори даражадаги мулоқотда...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1