1

Ёруғ кунларда юзлашмоқ шукуҳи

ЖАМИЯТ 30.01.2014, 18:28
Ёруғ кунларда юзлашмоқ шукуҳи
Ассалому алайкум, азиз "Даракчи" муштарийлари!

Бир муддат танаффусдан сўнг яна сиз азизлар билан ғойибона дийдорлашиш бахтига мушараф бўлганимиздан бениҳоя мамнунмиз. Мақоланинг салом билан бошлангани бежиз эмас. Аслида салом бу тинчлик, саломатлик, барқарорлик тиламоқдир. Саломлашишдан мақсад ҳам ана шу буюк неъматларнинг бардавомлигини тилашдан иборат.

Инсон табиати ғалати. Кўп неъматларнинг қанчалик улуғ эканини ундан ажрагач англайди. Кексайганда ёшликда бекор ўтказилган олтин дамларни қўмсайди. Бетобликда саломатликнинг қадрига етади. Нотинч дамларда осойишталикнинг қанчалик бебаҳо эканини тушуниб етади. Очқаган пайтда кўзига бир бурда нон олтиндан азиз кўринади. Ташналик пайти бир томчи ҳар қандай дуру жавоҳирдан қимматли эканини англайди.  

Фақат оқил ва огоҳ кишиларгина бу неъматларни ўз вақтида қадрлаш лозимлигини яхши билади. Орамизда ана шундай юксак ақл ва салоҳият эгалари қанчалик кўп бўлса, шунча яхши...

Агар огоҳсен сен...

Дарҳақиқат, огоҳликда ҳикмат кўп. Дунёнинг турли нуқталарида юз бераётган ўзгаришлар, воқеа-ҳодисаларни уйингиздан бир қадам силжимасдан кузатиш имконига эгасиз.

Бугунги давр, жараён ҳар биримиздан огоҳликни, теварагимизда рўй бераётган янгиликларга теран нигоҳ билан боқишни, комил ақл билан хулоса чиқаришни, тинчлик, осойишталик, фаровонлик нақадар улкан неъмат эканини чуқур англаб етишни тақозо этади. 

Халқимизда “бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукур қил”, “ёмонни кўрмагунча яхшининг қадрига етмайсан” сингари мақоллари бежиз айтилмаган. Зотан, ҳамма нарса таққосда намоён бўлади. Зулмат бўлмаганда ёруғликнинг, ёвузлик бўлмаганида эзгуликнинг қадр-қиммати қолмаган бўлур эди. 

Дунё воқеаларини  синчиклаб кузатайлик, турли можаролар, низолар, келишмовчиликлар, қонли тўқнашувлар, муаммолар илдизига назар солайлик. Бу юртимизда яшаётган, ўзини шу  Ватанга дахлдор деб билган ҳар бир инсон қалбида шукроналик, фахру ифтихор туйғусини уйғотиши, озод ва обод юртимизга муҳаббат ҳиссини янада мустаҳкамлаши муқаррар.

Азиз онлар қадри

Кунги кеча файзли дастурхон атрофида, яқинларимиз даврасида эзгу ниятлар билан янги йилни қарши олгандик. Қарангки,  2014 йилнинг биринчи ойи ҳам ортда қолибди. Бир қарашда вақт шу қадар шиддат ва шитоб ила олдинга интилаётгандек.

Машҳур олим Альберт Эйнштейндан оламшумул Нисбийлик назариясини соддароқ қилиб тушунтириб беришни сўраганларида шундай деган экан: “Азоб исканжасда ўтган бир лаҳза ҳам худди йиллардек узун туюлади, бахт ва қувонч тўла кунлар эса, кўз очиб юмгунчаўтиб кетади”.

Эҳтимол ҳаётимиздаги фаровонлик, файз-барака, қувончли кунларнинг кўплиги сабабли вақт ҳам бизга тезлашгандек туюлар? Бугунги кунда уруш, нотинчлик, талофатлар, ҳалокатлар ҳукм сураётган минтақалар аҳли учун ҳам вақт шу қадар тез ўтаётгандек туюлармикин?

Ўтган бир йилга назар ташлайлик. Шу бир йил ичида юртимизда қанчадан қанча ўзгаришлар рўй берди. Минглаб таълим-тарбия муассасалари, шифо масканлари, турар-жой бинолари фойдаланишга топширилди. Халқ хўжалигининг турли тармоқларида кенг қамровли ютуқлар қўлга киритилди. Мамлакатимизда иқтисодий ўсиш суръатлари сақланиб қолмоқда. Ўтган йил якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши саккиз фоизни ташкил этганининг ўзи фикримизнинг яққол исботидир.

Ўтган йилда спорт, маданият, таълим, фан соҳаларида ҳам муайян ютуқлар қўлга киритилди. Айниқса ёшларимизнинг турли йўналишларда ўз куч ва салоҳиятини яққол намоён этаётгани қувонарли ҳол. Ўтган йил сўнгида ўтказилган “Юрт келажаги”, “Камалак юлдузлари” сингари йирик танловларда ёшларимизнинг бу борадаги интилишлари янада ёрқинроқ кўзга ташланди. “Эътироф-2013” санъат ва маданият йўналишида фаолият юритаётган ҳамюртларимиз ижоди ва фаолиятини муносиб тақдирлашда муҳим омил бўлди. 

Ҳолбуки, ўтган бир йил ичида олам неча бор турланди. Ҳали-ҳануз жаҳон иқтисодиётида ўсиш суръатлари у тезлашгани йўқ,   унинг ривожланишида хатарлар сақланиб қолди. Ўнлаб мамлакатлар молиявий инқироз асоратидан қутала олмади. Ишсизлик, сиёсий беқарорлик, миллий ва ирқий низолар, табиий офатлар, уруш ва хунрезликлар ўтган 2013 йилда ҳам дунё меҳварини четлаб ўтмади. 

Ана шундай серташвиш, шиддатли бир даврда янги йилни хуш кайфиятда, эзгу орзу умидлар, изланишлар билан қарши олгшанимиз барчамизнинг бахтимиз бўлса керак.

Биз қаерда яшаяпмиз?

Миллий қонунчилигимизда, хусусан, Бош қомусимизда ҳам барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқли экани, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар қонун олдида тенг экани қайд этилади.  Эркинлик ва шахсий дахлсизлик барча учун кафолатланади. Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслиги мумкин. Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли. Бу рўйхатни яна давом этириш мумкин. Зотан, бундай ҳуқуқ ва эркинликлар халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган меъёрларига ҳам тўла-тўкис мос келади. Биз юқоридаги тамойилларнинг амалдаги ифодасини кундалик ҳаётимизда ҳам яққол кўришимиз мумкин. 

Юртбошимиз таъбири билан айтганда, мамлакатимизда инсон ислоҳот учун эмас, ислоҳотлар инсон учун хизмат қилаётир. Юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, турли диний конфессиялар вакиллари бир оила аъзоларидек аҳил-иноқ ҳаёт кечирмоқда. Ўзбек халқининг бағрикенглиги турли эътиқод ва маданиятларга ҳурмат билан қараши бошқа миллат ҳамда элат вакиллари томонидан чуқур самимият билан эътироф этилмоқда. 

Ҳозирги кунда мамлакатимизда 16 та конфессияга мансуб 2 223 диний ташкилот, Конституциямиз кафолатлаб берган тенг ҳуқуқлилик асосида демократик, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлида ягона оила сингари бирлашганлар. Таълим муассасаларида ёшларнинг таълим-тарбия олишлари учун барча шароитлар муҳайё. Шифо масканлари аҳолининг саломатлигини сақлаш учун хизмат қилаётир. Ҳуқуқ ва тинчлик посбонларининг ҳушёрлиги ва сергаклиги  сабаб Ватанимизда тинчлик, осойишталик, барқарорлик муҳити  ҳукмрон. Дунёнинг кўплаб минтақаларида зўравонлик, синфий камситишлар, миллий, ирқий, диний тенгсизликлар ҳукм сураётган бир пайтда...

Инсон эрки даҳлсиздир

Истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб, ўлкамизда инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириши, жиноий жазоларни либераллаштиришга жиддий эътибор қаратилди Ўзбекистон кўплаб халқаро ташкилотларнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди. 1992 йилнинг 2 мартидан буён Ватанимиз байроғи БМТнинг пештоқида мағрур ҳилпираб турибди.  Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин қўшилган биринчи халқаро ҳужжат саналади. Ўтган давр ичида мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича 70 ортиқ ҳуқуқий ҳужжатлар, халқаро шартномалар иштирокчисига айланди ва айни кунда бу ҳужжатлар ижросига жуда катта эътибор қаратиб келинаётир.

Жорий йил бошида мамлакатимизда ўлим жазоси бекор қилинганига олти йил тўлди. Ҳолбуки, бугунги кунда ҳам дунёнинг ўнлаб мамлакатларида бу жазо усулидан воз кечилгани йўқ. Ҳар йили кўплаб давлатларда минглаб инсонлар турли даражадаги жиноятлари учун “қонун номи билан” турли усулларда қатл этилмоқда.

Ҳозир  Ер юзидаги 68 та мамлакатда бу жазо турли жиноятлар учун қўлланиб келинмоқда. Дунёда “сеҳрли диёр”, “демократия бешиги” каби жарангдор номлар билан таърифланадиган АҚШнинг бир қатор штатларида  бу жазо усули сақланиб турибди.  

Тинчликка кўз тегмасин

Суҳбатимизни беъжиз саломдан, яъни тинчлик-хотиржамликдан бошламадик. Тинчлик бор экан, кўнглимиз хотиржам, ҳар куни эрталаб эмин-эркин ишга, ўқишга отланамиз. Тинчлик барқарор экан, юртимизнинг турли ҳудудларида ободончили, бунёдкорликишлари бардавом. Осойишталик ҳукмронки, фарзандларимиз замонавий таълим масканларида таълим олиб, илм-фан чўққиларини эгаллашмоқда, фан санъат ва спорт соҳаларида мислсиз ютуқларни қўлга киритишмоқда. Юртимиз осойишта экан, ҳар куни байрам, ҳар куни шодиёна. Дунёнинг турли бурчакларидан келган меҳмонлар мамлакатимиздаги аҳиллик, барқарорлик ва тараққиётга ҳавас билан қарамоқда. 

Юртимиз тинч, кўнглимиз хотиржам, қалбимизда шукроналик ҳисси жўш ураркан, биз, таҳририят ходимлари ҳам ҳар ҳафта Сизнинг хонадонингизга ғойибона, энг қайноқ хабарлар, дилкаш суҳбатлар, қизиқарли, ажойиб ва ғаройиб янгиликлар, ранг-баранг саҳифалар ила кириб бораверамиз!

"Даракчи" таҳририяти

"Даракчи" газетаси 2014 йил 1-сон

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1