АсосийJamiyat

​ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ: “МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ СОҲАСИДА ЗАМОНАВИЙ ТИЗИМ ЯРАТИШИМИЗ КЕРАК”

'​ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ: “МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ СОҲАСИДА ЗАМОНАВИЙ ТИЗИМ ЯРАТИШИМИЗ КЕРАК”'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 октябрь куни мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Президентнинг Давлат маслаҳатчилари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Мамлакатимизда миллий генофондни мустаҳкамлаш, ёш авлодни етук кадрлар этиб тарбиялаш масалаларига доимий эътибор қаратиб келинмоқда. 2017 йил 16 август куни бўлиб ўтган йиғилишда таълим тизимини ривожлантиришнинг кўплаб йўналишлари белгилаб берилди. Хусусан, мактабгача таълим тизимини таркибий жиҳатдан тубдан ислоҳ қилиш, мазкур муассасаларга болаларни тўла қамраб олиш бўйича муҳим вазифалар қўйилган эди.

Президентимизнинг жорий йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бу соҳада янги тизим яратилди.

Янги вазирлик олдига мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, мактабгача таълим муассасалари давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, мактабгача таълим муассасаларига болаларни қамраб олишни кескин ошириш, таълим-тарбия жараёнларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш орқали болаларни ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик, жисмоний ривожлантириш ҳамда уларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш вазифалари қўйилди.

Йиғилишда шу борада амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Ҳаётимизда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган таълим-тарбия тизими ҳақида гапирганда, Абдулла Авлоний бобомизнинг доно фикрларини такрор ва такрор айтишга тўғри келади: таълим-тарбия – биз учун ҳаёт-мамот масаласидир, деди Президентимиз. Қайси соҳани олмайлик, биз замонавий етук кадрларни тарбияламасдан туриб бирон-бир ўзгаришга, фаровон ҳаётга эриша олмаймиз. Бундай кадрларни, миллатнинг соғлом генофондини тайёрлаш, аввало, мактабгача таълим тизимидан бошланади.

Мактабгача таълим тизими узлуксиз таълимнинг бирламчи, энг асосий бўғини ҳисобланади. Мутахассис ва педагогларнинг илмий хулосаларига кўра, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда олади. Ана шу далилнинг ўзи болаларимизнинг етук ва баркамол шахс бўлиб вояга етишида боғча тарбияси қанчалик катта аҳамиятга эга эканини яққол кўрсатиб турибди.

Бунга қўшимча исбот қидириб узоққа боришнинг ҳожати йўқ. Боғча тарбиясини олган бола билан боғчага бормаган болани солиштирганда, уларнинг фикрлаш даражаси ўртасида ер билан осмонча фарқ борлигини сезиш қийин эмас.

Шунинг учун ҳам биз мактабгача таълим тизимини қайта кўриб чиқиш масаласини давлат сиёсати даражасига кўтариб, бу борада катта ишларни бошладик. Агар шу ишни ҳар томонлама пухта ўйлаб амалга оширмасак, бутун таълим тизимида сифат ўзгаришига эришишимиз, таълимнинг узлуксизлигини таъминлашимиз қийин бўлади, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Бугунги кунда мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги боғчалар қуриш бўйича давлат дастури қабул қилиниб, амалга оширилмоқда. Ривожланган давлатлар тажрибаси ҳисобга олиниб, нодавлат таълим муассасалари, жумладан, нодавлат боғчалар тармоғини кенгайтиришга ҳам катта аҳамият қаратилмоқда. Бу эса тизимда соғлом рақобатни шакллантириш ҳамда таълим хизматлари турини кўпайтиришга хизмат қилади.
Мактабгача таълим соҳасига ихтисослашган кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Биз қабул қилаётган барча-барча қарорларни амалга оширадиган, фарзандларимизга билим асосларини, энг зарур ҳаётий тушунча ва кўникмаларни ўргатадиганлар юқори малакали тарбиячи ва мураббийлардир, дея таъкидланди йиғилишда.
Бу соҳада замонавий талабларга жавоб берадиган илғор педагогик усул ва услубларни ишлаб чиқиш, ўқув ва ўқув-методик адабиётларнинг янги авлодини яратиш ва нашр этиш ҳам ғоят долзарб вазифадир.
Яна бир муҳим масала – бу мактабгача таълим муассасаларида малакали тиббий хизматни ташкил этиш, санитария меъёрлари ва гигиена қоидаларига тўла жавоб берадиган соғлом овқатланиш тизимини йўлга қўйиш зарур.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ва бошқа тегишли идораларга ҳар бир масала юзасидан аниқ муддатлари кўрсатилган ҳолда муҳим топшириқ ва вазифалар берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Тошкент шаҳар, вилоятлар мактабгача таълим бошқармалари ҳамда туманлар (шаҳарлар) мактабгача таълим бўлимларини бинолар ва юқори малакали кадрлар билан таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Илғор хорижий тажрибалар асосида мактабгача таълим тизимидаги педагог кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув-режа ва дастурларни такомиллаштириш, олий таълим муассасалари махсус сиртқи бўлимларининг “Мактабгача таълим” йўналиши бўйича 2018-2023 йиллар учун квоталар ажратиш масаласига эътибор қаратилди.
Ягона интерактив давлат хизматлари порталида “Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш ва навбатга қўйиш бўйича электрон дастур”ни жорий этиш бўйича топшириқ берилди. Шунингдек, давлат мактабгача таълим муассасаларининг ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан таъминланганлик ва интернет тармоғига уланганлик ҳолати танқидий ўрганилиб, уларни босқичма-босқич замонавий компьютер техникаси билан таъминлаш ва интернет тармоғига улаш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади.
Мактабгача таълим муассасаларига шифокорлар ажратиш, тиббиёт ҳамшираларининг малакасини ошириш, тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун дори-дармон, санитария-гигиена воситалари билан тўлиқ таъминлаш, болаларнинг овқатланишини белгиланган меъёрлар даражасида ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Мактабгача таълим муассасаларига мўлжалланган ўқув-методик ва дидактик адабиётларни нашр этишга доир стандартларни қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди.
Бир сўз билан айтганда, биз мактабгача таълим соҳасида ҳар жиҳатдан замонавий тизим яратишимиз керак, деди давлатимиз раҳбари. Келгуси 3-4 йилда 5-6 ёшдаги барча болаларни мактабгача таълимга тўлиқ қамраб олишга эришмоғимиз шарт. Бу эртанги кунимизни ҳал қиладиган масала ва биз буни албатта амалга оширамиз.
Йиғилишда соҳа олдида турган долзарб вазифалар белгилаб берилди.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар