1

2013 йилда 181 та янги транспорт йўналиши очилди

ЖАМИЯТ 31.01.2014, 11:06
2013 йилда 181 та янги транспорт йўналиши очилди
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигида унинг 2013 йилги фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Агентликнинг масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган тадбирда истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида автотранспорт хизматлари бозорида бозор муносабатлари ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш учун зарур шароитлар яратилгани таъкидланди, дея [url=http://uza.uz/oz/society/30606/]хабар беради ЎзА.

Бунинг самарасида йўловчи ташиш тизими йил сайин ривожланиб бораётир. Масалан, 2000 йилда мамлакатимизда икки мингга яқин йўловчи ташиш йўналишлари мавжуд бўлган бўлса, 2013 йил якунида уларнинг сони 4280 ни ташкил қилди.

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ушбу йўналишларни янада ривожлантириш мақсадида маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда турли йўналишларнинг бандлиги ва аҳолининг йўловчи ташиш транспортидан фойдаланиш бўйича эҳтиёжини мунтазам ўрганиб бормоқда. Натижада ўтган йил мобайнида режалаштирилган 95 йўналиш ўрнига 181 янги йўналиш очилди. Уларнинг катта қисми қишлоқ жойларда ташкил этилди. Таъкидлаш жоизки, фойдаланилаётган йўналишларнинг 97,9 фоизи тендер савдолари орқали жойлаштирилди. Бу эса автотранспорт хизматлари бозорида барча ташувчилар учун соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш ва тенг шароит яратишга ёрдам беради.

Аҳолига транспорт хизматлари кўрсатаётган корхоналарда автотранспорт воситаларини янгилашга ҳам катта эътибор берилмоқда. Бунинг натижасида 2013 йилда Самарқанд автомобиль заводида ишлаб чиқарилган 528 янги «Исузу» автобуслари лизинг асосида сотиб олинди ва айни пайтда улар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги мутахассисларининг маълум қилишича, Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши режа-жадвалига асосан 2013 йилда автотранспорт соҳасидаги 34 корхона ва ташкилот фаолияти текширувдан ўтказилган. Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда ноқонуний фаолият кўрсатаётган субъектларни аниқлаш бўйича қўшма рейдлар ўтказилмоқда.

Матбуот анжуманида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари, мутахассисларининг малакасини ошириш, уларга маслаҳат ёрдами кўрсатишга доир тизимли ишлар амалга оширилаётгани ҳам таъкидланди. Тадбирда журналистларни қизиқтирган барча саволларга жавоб қайтарилди.
 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1