Фарғона вилояти, Бувайда туманининг Бештерак қишлоғи, Ўртақишлоқ маҳалласида истиқомат қилувчи Мамарасул ота Камоловнинг ташаббуси ва саховати билан 270 метрлик қудуқ қазилиб сув чиқарилди. Натижада 2 минг 300 дан ортиқ аҳоли тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлди.
Ўртақишлоқ маҳалласи аҳолиси неча йиллардан буён тоза ичимлик суви муаммоси билан яшарди. Манғит қишлоғидан 1,5 километр масофадан тортилган сув қувурлари аллақачон яроқсиз ҳолга келган, ҳудуддаги 26-умумтаълим мактаби, 7-мактабгача таълим муассасаси ичимлик суви билан тўлиқ таъминланмаган эди. Тўғри, бир неча бор сув минораси ёнига қувур кавлаш режа-лойиҳаси мутасаддилар томонидан ишлаб чиқилган, бироқ айрим сабабларга кўра лойиҳа амалга оширилмай келинарди, деб ёзади ЎзА.
– Кўнглига тугиб қўйган ниятини ҳаммадан сир тутиб келган экан, икковлон ҳажга борамиз деб 45 миллион сўм пул йиғиб қўйгандик. Бир куни ўғлим Фозилжонга муддаосини айтди. Ўғлим, шу маблағни қишлоққа тоза ичимлик суви олиб келишга сарфлаймиз, мени эзгу ишдан қайтарманглар, деди. Мен ҳам жони дилим билан рози бўлдим. Ўғлим ҳам ота амри вожиб, деб ишга киришди, – деди Мамарасул отанинг аёли Мунаввархон ая.






