Маданият вазирлиги томонидан ташкил этилган “Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши” мавзусида Халқаро Экофестивал доирасида “Орол балиқларидан 99 тур таомлар” Гастрономик Фестивали бўлиб ўтди. «Кўксув кўли» бўйида балиқчилар тутган балиқлардан, вилоятдан келган ва маҳаллий ошпазларимиздан жами 71 таси таом тайёрлашга киришиб кетишди.
Кўл бўйида тикилган қора уйларда Қорақалпоғистон Республикасининг ҳар бир туманидан келган маданият ҳодимлари барчага дилтортар куй-қўшиқларини, бахши-жировлар қорақалпоқ халқ достонларидан парчалар ижро этиб, кўл бўйида қайиқларда сайр қилаётган одамларга ҳақиқий байрам кайфиятини улашди. Фестивалнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Қўмита раиси Д.Қурбаниёзов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари М.Жуманов, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири ўринбосари К.Акилова, Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси раиси ўринбосари Ҳ.Назаров, Қорақалпоғистон Республикаси Нуроний жамғармаси раиси Ш.Уснатдинов, академик Ж.Бозорбоев ва туман ҳокими С.Дониёровлар сўзга чиқиб, барчани Мўйноқда ўтказилаётган байрам билан чин дилдан муборакбод этишди.
Таъкидланганидек, «Орол балиқларидан 99 турдаги таом» гастрономик фестивали, «Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши» экофестивали ва халқ шоирлари Бердақ ва Ажиниёзнинг ижодига бағишланган халқаро шеърий-мусиқий фестивалнинг айнан Мўйноқ туманида ўтказилиши ҳам бежизга эмас. Бунда ўлкани юртимизнинг туризм марказларидан бирига айлантириш ва айниқса, туман аҳолисининг бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш каби кўплаб эзгу мақсадлар жамланган.
Фестивалга дунёнинг 9 та давлатидан (Қозоғистон, Россия, Франция, Германия, Бельгия, Жанубий Корея, Хитой, Америка ва Англия) 30 дан ортиқ сайёҳлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан 18 меҳмонхона ва 6 туризм компанияси иштирок этишди.
Чиндан ҳам, «Орол балиқларидан 99 турдаги таом» халқаро гастрономик фестивали бизнинг ошпазларимизнинг нечоғлик моҳир эканлигини исботлади. Буни қарангки, ошпазларимиз балиқдан 112 хил таом тайёрлашди. Мўйноқ тумани ошпазлари эса 78 та балиқли таом тайёрлаган бўлса, шундан 37 таси қадимий таомлардир.
—Биласизми, балиқдан ҳар хил тоамлар тайёрласа бўлади. Биз бугун балиқдан манти, борек, жугери гуртик, котлет, димлама, кабоб, нўхот шўрва, чучвара ва бошқа таомларни тайёрлаяпмиз, —дейди мўйноқлик ошпаз Гулбаҳор Утекеева.
Фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлар ошпазларимиз томонидан тайёрланган 112 та тотли таомлардан тановвул қилиб, «Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши» халқаро экофестивали томон йўл олишди, деб ёзади Маданият вазирлиги Ахборот хизмати.