АсосийJamiyat

РЕСПУБЛИКА МАЪНАВИЯТ ВА МАЪРИФАТ МАРКАЗИ ТАШКИЛ ЭТИЛГАНИГА 100 КУН ТЎЛДИ

'РЕСПУБЛИКА МАЪНАВИЯТ ВА МАЪРИФАТ МАРКАЗИ ТАШКИЛ ЭТИЛГАНИГА 100 КУН ТЎЛДИ 'ning rasmi

“Ёшлар пресс клуби”да “Маънавий-маърифий ишлар тизимини такомиллаштиришнинг илмий-амалий масалалари” мавзусидаги Республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Конференцияда маънавият ва маърифат соҳаси бўйича етакчи мутахассислар, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, мустақил изланувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Конференция сессияларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги ПҚ-3160-сонли қарори имзолангандан бошлаб ўтган бугунги кунга қадар Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан 100 кун давомида амалга оширган ишлари сарҳисоб қилинди.

Тадбирда маънавий-маърифий тарғибот ишларининг самарадорлик даражасини янада ошириш, жамият ҳаётининг маънавий-маърифий асосларини мустаҳкамлаш, мамлакат фуқаролари, аввало ёшлар қалбида Ватан ва миллат тақдири учун даҳлдорлик, ички ва ташқи таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитет ҳиссини кучайтириш юзасидан илмий, амалий, ташкилий ишларни амалга оширгани айтиб ўтилди. Шунингдек, Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан 200 дан ортиқ тадбирлар, Республика телевидение ва радиоканалларида 60 га яқин телекўрсатув ва радио эшиттиришлардаги чиқишлар уюштирилди ва 100 га яқин мақолалар чоп этилди ҳамда 10 дан зиёд илмий-амалий рисолалар тайёрланди. Ҳамкор ташкилотлар билан меморандумлар имзоланди.

Конференцияда Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тарғибот ишларига тизимли, изчил ва янги услубларни жорий этиш мақсадида Марказда олимлар, мутахассислар, ижодкор зиёлилардан иборат “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ташкил этилгани ва унинг мақсад вазифаси хусусида алоҳида таъкидланди.

Конференция “Республикада маънавий-маърифий ишлар ҳолати ва истиқболдаги стратегик вазифалар”, “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни такомиллаштиришнинг самарали усуллари”, “Маънавий-маърифий ишлар натижадорлигини оширишнинг долзарб вазифалари ва унинг ечимлари” каби илмий йўналишларда иш олиб борди. Шунингдек, таълим тизимида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида юзага келаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича янгича ёндашувлар, услуб ва усуллар, механизмлар ҳақида кенг мулоҳазалар юритилди.

Айниқса, Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан мамлакат миқёсидаги барча ҳудудлардаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи оилалар билан бевосита мулоқотга киришиб, ҳар бир оиладаги маънавий ва маърифий муҳит шунингдек уларни дунёқарашини ўрганувчи “Мафкуравий харита” тизим ташкил этилгани хусусидаги маъруза иштирокчилар томонидан қизғин кутиб олинди. Харита янги технологиялар асосида ишлаб чиқилиб, ҳудудларда ўтказилган тажриба синов натижалари асосида тузилган. Ҳозирда бу технология барча ҳудудларга жорий этилмоқда.

Конференция қизғин баҳс мунозараларга бой бўлди. Иштирокчи ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

    Бошқа янгиликлар