1

Ўзбекистонда янги журнал нашрдан чиқди

ЖАМИЯТ 12.02.2014, 15:53
Ўзбекистонда янги журнал нашрдан чиқди
Мамлакатимизда Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази муассислигида ташкил этилган янги “Маънавий ҳаёт” журналининг дастлабки сони нашрдан чиқди.
 
Тарихий-фалсафий, маънавий-маърифий, илмий-оммабоп нашр ҳисобланган, юртимизда матбаачилик соҳасида эришилган ютуқларни яққол мужассам этган мазкур журнал ўзига хос бичими, дизайни, кўркам муқоваси, юксак дид билан безатилган саҳифалари билан эътиборни тортади.
 
Журналнинг мазмуни мундарижаси эса мавзулар доирасининг кенглиги, ранг-баранглиги, бугунги ҳаётимиздаги туб ўзгаришлар, маънавий янгиланишни тарих, кечаги ва эртанги кун нуқтаи назаридан таҳлил этиш, аниқ далиллар, ҳаётий мисоллар асосида ёритишга қаратилган материалларга катта ўрин берилгани билан алоҳида ажралиб туради.
 
Бир гуруҳ таҳлилий материаллар, хусусан, М.Қуроновнинг “ХХI асрда қайси давлат кучли бўлади?”, Э.Шермоновнинг “Буюк элга дахлдор бўлиб яшаш бахти”, К.Камолованинг “Инсон азиз бўлган юрт”, М.Ҳамидованинг “Аёл бахти – жамият бахти” мақолаларида Ўзбекистоннинг ўзига хос тараққиёт йўли, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, юртимизни янада гўзал ва обод қилиш, инсоннинг қадр қимматини юксалтириш, аёл зотининг жамият ҳаётидаги нуфузини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг маъно-мазмуни, амалий натижалари ҳақида фикр-мулоҳазалар баён қилинади.
 
Журнал бугунги дунёнинг мафкуравий манзараси, фалсафий қарашлар ривожи, инсон қалби ва онгини эгаллашга қаратилган хатарли маънавий таҳдидлар ҳақида мунтазам материаллар бериб бориб, уларнинг моҳиятини кўрсатиш, юртдошларимизни ҳушёрлик ва огоҳлик туйғуси билан яшашга даъват этишни ўз фаолиятининг муҳим йўналиши деб билади.
 
Сўнгги саҳифалардан эса маданий ҳаёт янгиликлари ва журналнинг инглизча мухтасар мазмуни ўрин олган.
                                                                                              

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1