Навоий шаҳрида фаолият бошлаган “Бережливост” хусусий ишлаб чиқариш корхонаси турли чиқиндиларни йиғиш, ташиш ва қайта ишлашга ихтисослашган. Бу ерда кунига 200 тоннага яқин чиқиндини саралаб, қайта ишлаш имконияти мавжуд.
– Айни пайтга қадар шаҳар ҳудудидаги кўп қаватли уйлар атрофига махсус ерости чиқинди контейнерларини ўрнатдик, – дейди корхона директори ўринбосари Санжар Адизов. – Аҳоли томонидан чиқариладиган маиший чиқиндиларни саралаб, қайта ишлаш мақсадида тижорат банкидан олинган кредит маблағи ҳисобига 600 минг долларлик чиқиндиларни саралаш линиясини келтириб, ишга туширдик. Бу атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, чиқиндидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради. Айни пайтда корхонада 20 киши меҳнат қилмоқда. Лойиҳа тўла қувват билан ишга тушгач ишчилар сони 150 тага етади.
Корхонага 750 минг доллар маблағ эвазига замонавий махсус техникалар харид қилинди. Автопарк имкониятлари мамлакатимизда ишлаб чиқарилган техника воситалари билан кенгайтирилди.
Корхона томонидан яна бир янги лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Мактабгача таълим муассасаси ҳамда умумтаълим мактаблари учун мўлжалланган тўрт бўлмали махсус контейнерлар тайёрланиб, таълим муассасаларининг чиқинди йиғиш майдонига ўрнатилади. Мазкур ерости контейнерларининг афзаллиги шундаки, ҳар бир бўлма маълум турдаги чиқинди учун ажратилган бўлиб, бу ёш авлоднинг атроф-муҳит, табиатга оқилона муносабатда бўлиши, ҳар томонлама маданиятли бўлиб улғайишига хизмат қилади.
06.11.2017 14:43
КУНИГА 200 ТОННА ЧИҚИНДИ ҚАЙТА ИШЛАНАДИГАН БЎЛДИ






