Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси томонидан саноат хавфсизлиги соҳасида қўлланиладиган техник қурилмаларга қўйиладиган техник регламентлар тўғрисида аҳоли, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тадбиркорлик субъектларини хабардор қилиш борасида белгиланган чора-тадбирларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда белгиланган техник регламентларга риоя қилмаслик ҳамда талабларни тўлиқ бажармаслик оқибатида турли нохуш ҳолатлар ҳам учраётгани қайд этилди. Мисол учун, жорий йил 20 сентябрь куни «Олмалиқ пивоси» хусусий ишлаб чиқариш савдо корхонасида компрессор назоратсиз қолдирилгани оқибатида сиғимдаги меъёрий босим ошиб кетган. Натижада очиқ ҳавога аммиак гази чиқиб кетган. Бунинг оқибатида 54 фуқарога аммиак газидан заҳарланиш ташхиси қўйилган ва уларга марказий шифохона томонидан ёрдам кўрсатилган.
Тадбир давомида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, техника хавфсизлигини таъминлаш, белгиланган қоидаларга риоя қилиш зарурлиги айтилди. Журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.






