Андижон вилоят божхона бошқармаси томонидан мунтазам равишда маҳаллалар фуқаролар йиғинларида, кенг жамоатчилик ўртасида, шунингдек таълим масканларида профилактик тадбирлар ўтказилиб келишига қарамай божхона чегараларида кўплаб ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилмоқда. Андижон вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати маълумотларига кўра, ачинарлиси шундаки, мазкур аниқланаётган хуқуқбузарлик холатларининг қарийб 98 фоизи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан содир этилмоқда.
Хусусан Андижон вилоят божхона бошқармаси Дўстлик чегара божхона комплекси ходимлари томонидан Қирғизистон Республикасидан юртимига кириб келган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси Жасурбек Бозоров йўловчи божхона декларациясини тўлдиргандан сўнг, холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда, эгнига кийиб олган майкаси ичига қистирилган ҳолда яширилган Micro флешка хотирасида диний мазмундаги видеоролик ва 84 дона диний мазмундаги аудиороликлар борлиги аниқланди.
Шунга ўхшаш яна бир ҳолатда Россия Федерацияси фуқароси Отабек Эргешбаев белгиланган тартибда йўловчи божхона декларациясини тўлдириб, божхона ходимларига тақдим этгандан сўнг, унинг ёнида божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган қиймати 3 миллион сўмлик “Samsung Galaxy S7” русумли уяли қўл телефони ва унинг хотирасида жами 30 дона диний мазмундаги аудио-видеороликлар борлиги аниқланди.
Биргина уяли телефон аппарати орқали нафақат диний мазмунга эга бўлган балки бугунги кунимизнинг ваболаридан бирига айланиб улгурган порнографик мазмунга эга бўлган материаллар ҳам аниқланмоқда.
Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига кириб келган, Қирғизистон Республикаси фуқароси Хусниддин Кадыров белгиланган тартибда йўловчи божхона декларациясини тўлдириб, божхона ходимларига тақдим этганидан сўнг, унинг ёнида йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган, 1, 5 млн сўмлик “Samsung Galaxy S6” русумли телефон аппарати хотирасида 119 дона порнографик мазмундаги видеолавҳалар борлиги аниқланди.
Шунингдек, Қирғизистондан юртимизга кириб келган фуқаро Бахтиёр Эргашев божхона назоратидан ўтказилганда унинг қиймати 6 миллион сўмлик “Samsung Galaxy” уяли қўл телефони хотирасида ҳам жами 77 дона порнографик мазмундаги фотосуратлар ҳамда 9 дона порнографик мазмундаги видеолавҳалар борлиги аниқланди.
Эслатиб ўтамиз: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрь кунги 1871 сонли фармонига асосан Ўзбексион Республикаси худудига шавқатсизликни, диний ақидапарастликни, миллатлар ўртасида нифоқ келтириб чиқарувчи шунингдек порнографик мазмунга эга бўлган барча турдаги аудио ва видео материалларни олиб кириш қатъиян тақиқланади.