Туркияда IX Халқаро билимлар олимпиадаси бўлиб ўтди. Анталия сайёҳлик академияси ҳамда Россиянинг EDUANT халқаро мактаби томонидан ташкил этилган олимпиадада юртимиз мактаб ўқувчилари ҳам муваффақиятли иштирок этди. Тошкент шаҳридаги “Intellect” боғча-мактаб нодавлат таълим муассасасининг 25 ўқувчисидан иборат жамоа 6 олтин, 20 кумуш ва 23 бронза – жами 49 медални қўлга киритди. Бу ҳақда ЎзАА хабар бермоқда.
Улар умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади ҳамда математика, рус ва инглиз тиллари, тасвирий санъат бўйича тўртта кубокка сазовор бўлди. IX Халқаро билимлар олимпиадасида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Туркия, Ўзбекистон, Украина мамлакатларидан беш юз нафар мактаб ўқувчиси математика, география, физика, кимё, биология, жаҳон тарихи, атроф-муҳит, тасвирий санъат, рус, инглиз ва турк тиллари бўйича ўз билимларини намойиш этди.






