«Moody’s» Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш истиқболини барқарор деб топди

ЖАМИЯТ 01.03.2014, 12:11
«Moody’s» Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш истиқболини барқарор деб топди

Республика Марказий банки ва «Moody’s» халқаро рейтинг агентлиги ҳамкорликда тижорат банклари томонидан халқаро рейтинг баҳоларини олиш, банклар фаолиятини баҳолаш ва таҳлил этишнинг халқаро стандартларини жорий этиш масалаларига бағишланган навбатдаги йиллик конференция ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш, унинг барқарорлигини ошириш ва юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги қарори талаблари доирасида ташкил қилинган мазкур тадбирда тижорат банкларининг раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этишди, бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.

Марказий банк мамлакатимиз банк тизимининг бош мувофиқлаштирувчиси сифатида тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, банкларнинг юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришиш, уларнинг молиявий барқарорлигини ошириш ва банклар фаолиятини баҳолаш ва таҳлил этишнинг халқаро стандартларини жорий этиш, халқаро молия бозорларида банкларнинг иштирокини кенгайтириш орқали уларнинг инвестицион салоҳиятини оширишга қаратилган чора-тадбирларни изчил амалга ошириб келмоқда.

Конференция давомида банкларнинг молиявий ҳисоботларини «Moody’s» рейтинг методологияси асосида таҳлил этиш ҳамда тижорат банклари фаолиятига халқаро норма ва стандартларга асосланган замонавий баҳолаш тизимини жорий этиш имкониятлари билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Хусусан, «Мудис» агентлигининг экспертлари ўз методологияси асосида банкларга кредит рейтингини бериш жараёни тўғрисида батафсил тушунтиришлар беришди, МДҲ мамлакатлари банк тизимларининг ҳозирги ҳолати обзори билан таништиришди, шунингдек Ўзбекистонда банк тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Агентлик экспертлари қайд этишича, бугунги кунда «Moody’s» МДҲнинг 6 та давлати, яъни Ўзбекистон, Россия, Украина, Белоруссия, Озарбайжон ва Қозоғистон билан ҳамкорлик қилмоқда. Улардан фақат икки давлат, шу жумладан Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш истиқболи «барқарор» даражада баҳоланмоқда.

Экспертлар таъкидича, Ўзбекистоннинг асосий экспорт товарлари бўйича дунё бозорларидаги нарх барқарорлиги, давлат ва хусусий секторнинг сезиларли даражадаги капитал қўйилмалари, активлар сифати ва капиталнинг ўсиш тенденцияси, тизимда ликвидлик ҳолатининг яхшилиги, капиталнинг ички ресурслар ҳисобига ошиб бориши, иқтисодиётнинг ўсиши ҳисобига банклар даромадининг ошиб бориши, ҳукуматнинг банкларни фаол қўллаб-қувватлаши банк тизимининг ривожланиш истиқболи барқарорлиги омили бўлиб қолмоқда.

Таъкидлаш лозимки, 2013 йил августида «Moody’s» халқаро рейтинг агентлиги “Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш истиқболлари” тўғрисида ҳисоботини эълон қилди ва кетма-кет тўртинчи йил ҳам Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш истиқболларини “барқарор” деб баҳолади.

«Moody’s» агентлиги фикрига кўра, ушбу ижобий баҳонинг асосий омили банкларга қулай операция муҳитини яратиб бераётган республика иқтисодиётининг барқарор ўсиш суръатларидир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда молия-банк тизимининг барқарорлигини ошириш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Банк тизимининг кўрсаткичлари нафақат халқаро стандартларга жавоб беради, балки бир қатор нормативлар бўйича янада мустаҳкам ўринларга эга.

Натижада бугунги кунда барча тижорат банклари катта учлик - «Moody’s», «Standard&Poor’s» ва «Fitch Ratings» халқаро рейтинг агентликларининг барқарор рейтинг кўрсаткичларига эга.

Мазкур конференцияда ишлаб чиқилган тавсиялар республика банк тизимининг барқарорлигини ошириш ва ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, етакчи рейтинг агентликларнинг стандартлари ва баҳолаш кўрсаткичлари асосида тижорат банклари фаолиятини баҳолаш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1