АсосийJamiyat

“УРИНИШ” БЕСАМАР КЕТДИ!

'“УРИНИШ” БЕСАМАР КЕТДИ!'ning rasmi

Мамлакатимизда инсон манфаатлари ва унинг ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида эътироф этилган ва бу борада муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан дори воситалари ва фармацевтика фаолиятини янада тартибга солишга қаратилган қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши орқали аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг сифати яхшиланиб, истеъмол бозорини сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларидан ҳимоя қилмоқда.

Лекин айрим юртдошларимиз томонидан сифатини кафолатловчи сертификатлари бўлмаган дори воситаларини ноқонуний равишда мамлакатимиз ҳудудига олиб киришга уриниш ҳолатлари учраётгани ачинарли ҳолатдир.

Жумладан, Хоразм вилояти Урганч шаҳрида яшовчи фуқаро С.А. Россия Федерациясидан божхона қонун хужжатларини бузган ҳолда дори воситаларини юртимизга олиб кириб қайта сотиш орқали фойда олишни кўзлади. Аммо унинг бу уринишлари амалга ошмади.

Хусусан фуқаро С.А. Россия Федерацияси Санкт-Петербург шаҳрида ишлаб юрган ўзининг таниши “Анвар” исмли шахсдан фойдаланган ҳолда

“Санкт-Петербург - Урганч” йўналишидаги Урганч шаҳрига учиб келаётган 2 нафар фуқаролар орқали, ушбу дори-дармонларга фуқаро С.А.нинг яқин қариндошларининг эҳтиёжи борлигини айтиб, алдаб олиб бориб беришни илтимос қилган ҳолда 3 хилдаги умумий қиймати 5 000 000 сўмлик 29 қути (10 қути “Имунофан” ёзувли, 10 қути “Солу Медрол 500мг” ёзувли ва 9 қути “Гонадотропин Хорионический” ёзувли дори воситалари) дори воситаларини олиб киришга уринганлиги аниқланди.

Ўтказилган тадбир давомида фуқаро С.А. Урганч халқаро аэропорти биноси олдида Санкт-Петербург-Урганч” йўналишида Урганч шаҳрига учиб келган фуқаролар Ё.Х ва Н.Слардан юқорида номлари келтирилган дори воситаларини қабул қилиб турган пайтида Хоразм вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ва “Урганч аэропорт” чегара божхона пости ходимлари томонидан тўхтатилди. Ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда юртдошларимиздан дори воситаларини мамлакатимизга ноқонуний равишда олиб кириш ёки сифатсиз, қалбакилаштирилган дори воситалари савдоси билан шуғулланаётган кимсалар тўғрисида хабардор бўлсалар, Давлат божхона қўмитасининг (0-371) 120-76-33 рақамли ишонч телефонига мурожаат этишларини сўраймиз. Маълумот берган шахсларнинг исми-шарифлари сир сақланиши кафолатланади.

    Бошқа янгиликлар