1

"Ипотека банк" мутасаддиларининг қинғирликлари фош бўлди

ЖАМИЯТ 03.03.2014, 15:24
"Ипотека банк" мутасаддиларининг қинғирликлари фош бўлди

Истиқлол йилларида юртимизда иқтисодиётнинг барча тармоқларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши натижасида ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда кенг кўламли янгиланишлар юз бермоқда. Бу жараёнда хусусан, молия муассасаларининг ҳам ўзига хос таянч бўлаётгани диққатга сазовордир.

Дарҳақиқат, бугунга келиб мазкур тизим иқтисодиётда амалга оширилаётган янгиланиш ва ўзгаришлар, умуман мамлакатимизни модернизация қилишни таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмоқда. Замонавий банк тизимини шакллантириш ва уни халқаро меъёрларга мос равишда ривожлантириш борасидаги ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Хусусан, тизимнинг кредитлаш йўналишидаги янгиланишлар, валюта ва нақд пул муомаласининг тартибга солиниши ижобий натижалар бермоқда, шунингдек, хизмат кўрсатишнинг янги ва замонавий механизми ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Ана шундай муваффақиятлардан мамлакатимиздаги нуфузли банклардан бири ҳисобланган АТИБ "Ипотека банк" ҳам мустасно эмас эди.

"Эди" деган сўзга урғу беришимизга ҳайрон бўлманг, бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Аввало, "Ипотека банк"­нинг фаолиятида оқсашлар бўлгани йўқ. Шунингдек, мижозларга хизмат кўрсатиш масаласида ҳам у етакчи банклар қатори олдинги ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Ҳали ҳам ўша нуфузга эга.

Аммо афсуски, сўнгги икки-уч йил давомида деярли барча банкларнинг кираверишига ёзиб қўйилган "Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун", деган шиорга "Ипотека банк" раҳбарлари амал қилмадилар.

Аниқроғи, улар бу шиорни "Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун ҳам эмас, банк мутасаддиларнинг чўн­таклари учун" дея ўзгартиришга қарор қиладилар ва бу қарорни амалга ошириш мақсадида ишга киришадилар.

2010 йил август ойининг охирларида АТИБ "Ипотека банк"нинг бошқарув раиси лавозимига Отабек Жўраев тайинланади. Енг шимариб иш бошлаган янги раҳбарнинг кўп ўтмай фикри бузилади. Ахир "Даврим келгандан кейин, суриб қолиш керакмасми", дейди-да, ўша вақтда бошқарув раисининг ўринбосари вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаётган Музаффар Эрматовни ҳузурига чорлайди.

Икковлон бироз суҳбатлашиб ўтиргач, О.Жўраев секин-аста М.Эрматовнинг "қўлтиғига қўл тиқиб" кўради. Яъни унинг ишларидан мамнунлигини айтиб, яқин кунларда ўзига ўринбосар этиб тайинлаш фикрида эканлигини гап орасида қистириб ўтади.

Бу хушхабардан М.Эрматовнинг боши осмонга етади ва шу заҳоти ишонч учун миннатдорчилик билдириб, ҳар қандай хизматга тайёрлигини айтади. О.Жўраевга ҳам айнан шу керак эди. У кейинчалик зарур бир масалада маслаҳатлашиб олишлари кераклигини айтиб, унга жавоб беради.

Дарҳақиқат, М.Эрматовни 2011 йилнинг январь ойида ўринбосар лавозимига тайинлайди. Февраль ойида раҳбарнинг ҳузурига кирган ўринбосар бу сафар анчагача қолиб кетади.

Улар нима ҳақда гаплашишгани фақат ўзларига ва яратганга аён бўлса-да, аммо шу суҳбатдан кейин ўринбосар муассасада бўладиган йиғилишларга қадам ранжида қилган "Ипотека банк"нинг турли ҳудудларда жойлашган филиаллари бошқарувчиларини бирма-бир четга тортиб, уларга алланималарни тушунтира бошлайди.

Орадан  кўп ўтмай, бу ерга ташриф буюрган аксарият филиаллар бошқарувчилари ишларини бажариб бўлгач, бирин-кетин ўринбосар, яъни М.Эрматовга учрашиб кетишни одат қилишади.

Ўринбосар ҳам ўз навбатида, уларни кузатиб, чўнтагини қаппайтирганча, раиснинг қабулига йўл олади. Бироздан сўнг ўринбосар раиснинг хонасидан чиқади ва шу заҳоти раҳбар хонасидаги сейф эшиги очилиб, зумда ёпилади...

Шундай қилиб, АТИБ "Ипотека банк"нинг Тошкент шаҳар филиали бошқарувчиси А.Усманов, банкнинг Тошкент шаҳар Юнусобод филиали бошқарувчиси Қ.Абдуллаев, Чилонзор филиали бошқарувчиси З.Адилов, Шайхонтоҳур филиали бошқарувчиси В.Қаюмов, Миробод филиали бошқарувчиси И.Ҳасанов, банкнинг Тошкент вилояти филиали бошқарувчиси А.Таджиходжаев, Ангрен филиали бошқарувчиси У.Ҳайдаров, Оҳангарон филиали бошқарувчиси У.Ҳатамов, Чирчиқ филиали бошқарувчиси Ф.Тўйчиевлар М.Эрматов билан "салом-алик" қилишни одатга айлантиришади.

Ҳар қандай қинғирликнинг ҳам чеки бўлади. 2012 йилда банкка текшириш келиши ҳақидаги миш-миш тарқалди-ю,­ бу ҳақда эшитган банк мутасаддиларининг "пайтавасига қурт тушди". У ёқдан-бу ёққа югуриб, қилмишларини хас­пўшлашга, ноқонуний фаолиятларига қонуний тус бериш ҳаракатига тушиб қолишди.

Аммо ҳар қанча уринишмасин, бунинг уддасидан чиқа олишмади.Тафтишлар жараёнида маълум бўлишича, О.Жўраевнинг топшириғи билан Марказий банк томонидан ажратилаётган ҳамда АТИБ "Ипотека банк"­нинг ўз ресурси ҳисобидан аҳолига сотилиши белгиланган валюта қимматликларини филиалларга тақсимлашда раиснинг гумашталари ҳисобланган бошқарувчилар раҳбарлигидаги банк филиалларига валюта қимматликлари лимити миқдори бошқа филиалларга нисбатан мунтазам равишда кўп ажратилган экан.

Филиаллар бошқарувчилари эса филиаллар тасарруфидаги валюта айирбошлаш шохобчаларида Марказий банк томонидан ўрнатилган тартиб-қоидаларга зид равишда, белгиланган курс бўйича чет эл валюта маблағларини фақат ўзларига қарашли кимсаларга ҳеч қандай тўсиқсиз сотилишига имкон яратиб беришган.

Бу шахслар ҳам ўз навбатида маълум миқдордаги мукофот пули эвазига фуқароларнинг паспортларига ноқонуний йўллар билан алмаштирилган валюта маблағларини қора бозорда анча қимматига сотиб, ўртадаги фойдани раҳнамоларига келтириб беришган. Шундан кейин бу фойда М.Эрматов орқали О.Жўраевга етказилган.

Ходимларига даромад топиш йўлини кўрсатган бошқарув раиси умумий ҳисобда 2011 йилнинг февралидан 2012 йил октябрь ойигача бўлган муддатда ўринбосари орқали оз эмас, кўп эмас, тахминан 1 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағни ёнига урган экан.

Албатта, бу орада раҳнамоларига шунчалик қайишган гумашталар ҳам қўл қовуштириб ўтиришмаган. Яқин қариндош-уруғларининг номига расмийлаштирилган ҳовли-жойлар, квартиралар, турли русумдаги автомобиллар уларнинг раисга узатилганидан ортганлари ҳисобига харид қилингани ҳам тергов давомида аниқланди.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида нафақат валюта айирбошлаш шохобчаларининг фаолияти юзасидан фуқароларнинг норозиликларига, балки Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий салоҳиятига, шунингдек, миллий валюта қийматининг расмий курси чет эл валюталарига нисбатан беқарор бўлишига ҳам сабабчи бўлган кимсаларнинг ноқонуний фаолиятлари кўриб чиқилди ва уларнинг ҳар бирига қилмишига яраша тегишли жазо тайинланди.

 

Мираглам МИРЗАЕВ,

Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1