1

«ЗАМОНЛАР ЧОРРАҲАСИ: ЎТМИШНИНГ БУЮК МЕРОСИ – МАЪРИФАТЛИ КЕЛАЖАК ПОЙДЕВОРИ» ХАЛҚАРО МЕДИА-ФОРУМИДАН ФОТО РЕПОРТАЖ

МАДАНИЯТ 29.11.2017, 17:13
«ЗАМОНЛАР ЧОРРАҲАСИ: ЎТМИШНИНГ БУЮК МЕРОСИ – МАЪРИФАТЛИ КЕЛАЖАК ПОЙДЕВОРИ» ХАЛҚАРО МЕДИА-ФОРУМИДАН ФОТО РЕПОРТАЖ

Тошкентда 28-29 ноябрь кунлари ЎЭОАВМАнинг “Media hall”ида “Ўзбекистон маданий мероси” лойиҳаси доирасида “Замонлар чорраҳаси: ўтмишнинг буюк мероси – маърифатли келажак пойдевори” мавзусида Халқаро медиа-форуми бўлиб ўтди.

Мазкур медиа форум ташкилотчиси Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА).

Тадбирнинг ҳамкорлари: ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Конрад Аденауер номидаги фонднинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, “Zamon press Info” нашриёт уйи, “Uzbekistan Today ” Ахборот агентлиги, “Caravan-TV ” телеканали ва “Sevimli-TV ” онлайн интернет телеканали.

Форумнинг мақсади: Ўзбек халқининг маданий-тарихий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва кенг оммалаштириш, шунингдек, ёш авлодни тарбиялаш ва ўқитиш.

Медиа форумда 4 та халқаро ҳамкорлар, 20 та хорижлик олимлар, 63 та халқаро ташкилотлар, элчихоналар ва консулхоналар вакиллари, 15 та хорижий ОАВ ва Австрия, Буюк Британия, Германия, Россия, АҚШ, Туркия, Франция, Япония музейлари, илмий институтлари ва ташкилотларининг раҳбарлари ва мутахассислари, Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва ходимлари иштирок этди.

Медиа-форумнинг тантанали очилиш маросими, “Замонлар чорраҳаси: ўтмишнинг буюк мероси – маърифатли келажак пойдевори” видеофильми намойиши, Ўзбекистоннинг маданий мероси” медиа-лойиҳасининг “Шарқнинг ёзма ёдгорликлари дурдоналари” янги туркуми тақдимоти ўтказилди.


Ўзбекистонлик 38 та олимлар, 43 та давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳаллий ОАВ ходимлари ва Ўзбекистон музейлари, илмий институтлари ва муассасалари ҳамда кутубхона, олий ўқув юртлари раҳбарлари ва вакиллари, ЎзЭОАВМА, ҳамкор ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

“Катта Лангар” Қуръони, “Девони Ҳусайни”, “Поклик боғи”, “Темур тузуклари”, “Меърожнома” қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини Ўзбекистон Ҳукуматига тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

КАТТА ЛАНГАР ҚУРЪОНИ

“Катта Лангар Қуръони” Қуръони Каримнинг бизгача етиб келган энг қадимий ва бебаҳо нусхаларидан саналади. Қўлёзма VIII аср охирларида пергаментга куфий-ҳижозий хатида битилган. Нева дарёсининг соҳилида, Россия фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институтида ана шу муқаддас китобнинг бизга етиб келган энг катта қисми – 81 саҳифаси сақланади. Бутун дунёга машҳур Усмон Қуръонининг нодир нусхаларидан бири саналган бу қўлёзма РАФ Шарқ қўлёзмалари институтига Қашқадарё вилоятининг Қамаши тумани Катта Лангар қишлоғидан бориб қолган. Бу китобнинг яна 16 саҳифаси Ўзбекистонда – Катта Лангар қишлоғида, Тошкент ва Бухорода сақланади.

ДЕВОНИ ҲУСАЙНИЙ” (ҲУСАЙН БОЙҚАРО ДЕВОНИ) “Девони Ҳусайний” Темурийлар даври китобат санъатининг энг гўзал ва беқиёс намуналаридан ҳисобланади. Ҳусайний тахаллуси билан шеърлар битган Ҳирот ҳукмдори, Темурийлар сулоласининг вакили Султон Ҳусайн Бойқаро қаламига мансуб. Унинг ўзига хослиги шундаки, ушбу шеърий тўпламнинг ҳар бир саҳифаси олтин билан сайқалланган, нафис миниатюралар билан безатилган. Девон Хуросонда китобат санъати юксак даражада ривожланган бир пайтда Ҳиротда тузилган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, китоб Ҳусайн Бойқаронинг шахсий кўрсатмасига биноан ёзилган. Ушбу китобга ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг ҳам муборак назарлари тушган. Ҳусайний ғазаллари моҳир хаттот Султон Али Машҳадий томонидан кўчирилган. Бу бебаҳо қўлёзма Шарқ уйғониш даврининг нодир дурдонасидир.

РАВЗАТУС-САФО” (“СОФЛИК БОҒИ”)

Шарқ тарихининг етук билимдони Мирхонд қаламига мансуб катта ҳажмли бу асарда пайғамбарлар, хусусан, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ва ул зотнинг халифалари, Шарқда ҳукмронлик қилган бир қанча сулолаларнинг тарихи ҳикоя қилинади. Бу тарихий асарнинг муаллифи Мирхонд (1433-1498) Хуросон давлати сарой тарихчилари мактабининг ёрқин вакили ҳисобланади. Қўлёзма кўплаб гўзал миниатюралар билан безатилган.

МЕЪРОЖНОМА

Меърожнома” - туркий адабиётнинг бебаҳо ёдгорлиги бўлиб, XIV асрда ўзбек шоири Ҳайдар Хоразмий томониидан битилган. Асар араб ва уйғур ёзувларидан фойдаланган ҳолда мумтоз ўзбек тили – қадимги туркийда ёзилган. Асар Соҳибқирон Амир Темурнинг ўғли, буюк олим ва шоҳ Мирзо Улуғбекнинг отаси Шоҳрух Мирзо топшириғи билан яратилган. Қўлёзма яратилишида ўз даврининг энг яхши миниатюрачи рассомлари иштирок этишган. 84 та саҳифани ўз ичига олган “Меърожнома”нинг 70 та саҳифасини муҳташам миниатюралар ташкил этади. Унда ислом пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.)нинг меърожга чиқишлари, бир кечада Маккадан Қуддусга бориб, Масжидул-ақсони зиёрат қилишлари билан боғлиқ миниатюраларин ҳам кўриш мумкин. Ушбу бебаҳо қўлёзма Франция Миллий кутубхонасида сақланмоқда.

«ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ»

“Тузуклар” Амир Темур ҳаётлигида ёзилган. Бу бебаҳо асар икки қисмдан Амир Темурнинг етти ёшидан бошланган таржимаи ҳоли ва сиёсий, ҳарбий, маданий ва бошқа йўналишдаги панд-насиҳатлари, ўгитларини ўз ичига олади. Ҳар икки қисмда ҳам асар биринчи шахс – Амир Темур тилидан ҳикоя қилинади. “Темур тузуклари” давлат, армия, мамлакат ва жамиятни бошқаришда муҳим қонунлар жамланмаси бўлиб хизмат қилади. Буюк Соҳибқирон ҳам ана шу тузуклар асосида марказлашган қудратли мамлакат барпо этиб, уни бошқариб келганлар.

* Бу бебаҳо қўлёзмаларнинг факсимиле нусхалари Европанинг бу борада жуда катта тажрибага эга бўлган машҳур босмахоналарида чоп этилади. Ушбу қўлёзмалар олтин билан сайқалланиб, махсус қоғозларда, асл нусхасига жуда яқин кўринишда кўчирилади. Нусхалар шу қадар ажойибки, уларни бир қарашда ҳақиқийсидан ажратиб бўлмайди. Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти ҳамда Франция Миллий кутубхонасида сақланаётган бу нодир қўлёзмаларнинг факсимиле нусхалари “Шарқ ёзма ёдгорликлари дурдоналари” лойиҳаси доирасида Ўзбекистонга тақдим этилади.


Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА. Фотомухбир: Омил ҲАКИМОВ







Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1